Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:54

Россияда меҳнат муҳожирлари орасида қўш хотинлилик кўпаймоқда (ВИДЕО)


Мирзоҳаким Тўлибоев иккинчи хотини ва фарзандлари билан
Мирзоҳаким Тўлибоев иккинчи хотини ва фарзандлари билан

Москва Жоме масжиди бош имом-хатиби, Москва диний бошқармасининг раҳбари Илдар Ҳазрат Алаутдинов Озодлик билан суҳбатда Россияда меҳнат муҳожирлари, жумладан Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошлари орасида қўш хотинлилик ҳоллари кўпаётганини айтди. Москва диний бошқармаси маълумотига кўра, Россияда қўш хотинлилик кўлами бўйича аниқ рақам йўқ. Россия қонунчилигида қўш хотинлилик ман этилган бўлсада, бироқ жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

Москва Жоме масжиди бош имом-хатиби, Москва диний бошқармасининг раҳбари Илдар Ҳазрат Алаутдиновнинг Озодликка айтишича, қўш хотинлилик муаммоси россияликлар қатори, ишга келаётган муҳожирлар учун ҳам долзарб масала ҳисобланади.

- Марказий осиёликлар, асосан Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошлари, охирги пайтларда россиялик аёл билан никоҳдан ўтиш учун бизга жуда кўп мурожаат қилади. Кўп ҳолларда, агар биринчи оиласининг розилиги бўлмаса, никоҳдан ўтишга биз ижозат бермаймиз. Диний идорамизга мурожаат қилган мусулмонларга биз қўядиган энг асосий талаблардан бири – бу биринчи хотиннинг розилиги. Никоҳ ўқилишидан олдин, эркак биринчи хотинининг розилигини исботлай олмаса, никоҳ ўқилмайди. Энг муҳими, ҳар икки никоҳ Қуръони Каримда битилганидек адолатли, тўлақонли бўлиши ва аёллар ҳақлари камситилмаслиги шартдир, - деди Илдар Ҳазрат Алаутдинов.

Марина Гордина: Кундошим мен ҳақимда билади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:54 0:00

Муфтий Алаутдиновнинг фикрича, Россияда қўш хотинлиликка асосан аёллар ташаббус кўрсатишади.

"Ёлғиз қолган аёллар, зино қилмаслик учун ислом қонунлари юзасидан оила қуришга интилишади. Афсус, ушбу масалада аксар ҳолларда нотўғри тушиниш кўп учрайди"- дейди Москва диний бошқармасининг раҳбари.

Москва вилоятида яшаётган 31 яшар Марина Гордина 17 йил олдин Россияга ишга келган тожикистонлик Мирзоҳаким Тўлибоевнинг иккинчи хотини. Мирзокарим ва Маринанинг 3 фарзанди бор - Лола ва Сора, тўнғич қизи Алина. Маринанинг айтишича, эри Мирзокарим йилига камида бир марта Тожикистондаги оиласига бориб келади ва ҳар икки оиласига бирдек ғамхўрлик қилади.

- Баъзи кишилар бизни оилага ола қараши ёки тушунмаслиги мумкин. Лекин менга мени оилам, эрим ёқади. Мен оилам билан фахрланаман, ғурурланаман. Эримни, болаларимни яхши кўраман. Оиламда ҳамма нарса қониқтиради.Мен ҳақимда бошқалар фикри эса унчалик қизиқтирмайди. Энг муҳими, оиламизда очиқлик ҳукм суради. Кундошим мен ҳақимда билади, мен ҳам унинг аҳволидан хабардорман. Муроса қилиб яшаймиз. Агар қарши чиқсам, оилам бузилади, эримни йўқотаман, якка қоламан. Кундошим ўз урф-одатлари, биз эса ўз қоидаларимиз бўйича яшаймиз. Менга Яратган шундай эрни насиб этган экан, у билан бирга яшайман. Ҳаммасига чидаб яшайман. Насиб қилган бўлса, умримнинг охиригача бирга бўлмоқчиман, - деди Марина.

Москвада яшаётган блогер ва журналист Соҳиба Ҳайитбоеванинг айтишича, кўп ҳолларда ўзбекистонликлар Россияда қонуний ишлашлари, ҳужжатларни расмийлаштириш осонроқ бўлиш учун, иккинчи оила қуришга қарор қилади.

-Шу қаторда Ўзбекистондаги оиласидан яширин тарзда, россиялик аёлга уйланганлар ҳам кам эмас. Йиллаб оиласидан узоқда юргандан сўнг, албатта иккинчи оила қўриш, баъзилар учун табиий ҳолдир. Менимча, аксар ўзбек аёллари қўшхотинликни қабул қилмайди. Ўзбекистонда қолган аёлидан ҳам кўпроқ болалари қийналади. Улар отасиз, руҳан қийналиб катта бўлишади. Бундай аёлнинг иродаси йўқроқ бўлса, енгил этак ...бўлиб кетади, агар иродаси кучлироқ бўлса, эркаксифат бўлиб, аравасини тортиб кетади, - деди Соҳиба Ҳайитбоева.

Россиядаги “Иванова ўзбеклари” жамияти раҳбари Салимжон Амировга кўра, Иваново вилоятига ишга келган орасида асосан ёши каттароқ муҳожирлар қўш хотинга эга.

- Мендаги маълумот бўйича Сурхандарё, Қашқадарё, Самарқанд ва қисман Бухоро вилоятларидан Иваново вилоятига аёллар нисбатан ишга камроқ келишади, асосан эркаклар ишлашади. Улар орасида мен билган, иккинчи оила қурганлар кам эмас. Албатта, яхши оила қуриб, ўзбекистондаги оиласига ҳам ёрдам бериб турганлари ҳам бор, лекин бундайлар камчиликни ташкил этади. Қўлида яхши ҳунари бўлган, яхши пул топаётган баъзи ватандошларимиз бу ерда, рус аёлига уйланиб олиб, ўзбекситондаги оиласини унитади. Айримлари бунинг оқибатида ичкиликка берилади. Баъзи аёллар орасида бизни жамиятимизга мурожаат қилиб, “эримни, депортация қилиш билан бўлса ҳам Ўзбекистонга жўнатинг, илтимос,” деб сўраганлар ҳам бор. Чунки, Ўзбекистонда қолган бечора хотин, болалари билан қийналиб қолади, Россияда юрган эрини бутунлай йўқотишдан қўрқади, - дейди Салимжон Амиров.

Журналист Соҳиба Ҳаитбоеванинг айтишича, меҳнат муҳожирларининг чет элларда узоқ қолиб кетиши ва мусофирчиликда иккинчи оила қуриши ўзбек аёлларини қийин аҳволда қолдирган.

- Ўзбекистонда ҳозир урушга кетгандек, маҳаллалар эркаксиз ҳувиллаб қолган. Эркаклар пул ишлаш учун Россия, Корея, Чехия каби мамлакатларга чиқиб кетган. Оилада, болалари ёнида бўлиши керак бўлган эркакларнинг кўпчилиги чет элларда. Ёлғиз қолган, турмушга чиқмай, ўтириб кетган аёллар кўпайиб кетган. Бу ҳам жамиятдаги жиддий муаммолардан бирига айланган. Ўзбек аёлларига қийин бўлмоқда, - дейди Соҳиба Ҳайитбоева.

Москва диний бошқармаси идораси маълумотига кўра, Россияда қўш хотинлик кўлами бўйича аниқ рақамлар йўқ.

Диний бошқармага кўра йилига Москва жоме масжидига юзларча марказий осиёлик ватандошнинг маҳаллий ёллар билан никоҳдан ўтгани қайд этилади.

Россия қонунчилигида қўш хотинлик манъ этилган бўлсада, бироқ қўш хотинлик бўйича жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

2016 йилда Бутунроссия Ижтимоий фикрни ўрганиш маркази (ВЦИОМ) ўтказган сўров натижаларига кўра россияликларнинг қарийб 60 фоизи қўш хотинлилик жорий этилишига қарши фикр билдирган.

XS
SM
MD
LG