Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:28

Россияда муҳожирларга амнистия қўллаш таклиф этилди


мигранты
мигранты

Россия Федерация Кенгаши раҳбари Валентина Матвиенко меҳнат муҳожирларнинг Россияга кириши тақиқланган “қора рўйхат” қайтадан кўриб чиқилиши ва кичик қонунбузарликка қўл урган мигрантларга аф эълон этилишини таклиф этди. Россия юқори палата мажлисида қатнашган Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцев Матвиенко таклифини қўллаб-қувватлашини билдирди. Расмий маълумотлар бўйича 1,7 миллиондан ортиқ чет элликнинг Россияга киришга тақиқ қўйилган.

Россия Федерация Кенгаши раҳбари Валентина Матвиенко инсонпарварлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб кичик қонунбузарликка йўл қўйган ва “қора рўйхат”га тушган муҳожирларга нисбатан амнистия қўллаш таклифини киритди.

Матвиенко хонумнинг айтишича МДҲнинг айрим раҳбарларидан тортиб элчиларига қадар, Россия сенаторлари билан бўлган учрашувларда “тақиқ рўйхати”дан норозилик билдириб келишади:

-Мигрантларга тегишли барча “тақиқ рўйхатлари ” қайтадан кўриб чиқилиши лозим. Светофор қизил чироғи ёнганда йўлни кесиб ўтган ёки машинада тезликни оширганлик каби кичик қонунбузарликка йўл қўйган мигрантлар бўлса, эҳтимол ушбу рўйхатни қайтадан кўриб чиқиш, аниқлаш ва бундай инсонларга амнистия эълон этиш лозим, деди Валентина Матвиенко.

Россия юқори палатаси раҳбарининг амнистияга оид таклифини барча сенат аъзолари ҳамда ички ишлар вазири қўллаб қувватлашини билдирди.

Жорий йил ёзида Россия президенти идораси ҳузуридаги Миллатлараро Муносибатлар Кенгаши ҳам меҳнат муҳожирларини амнистия этиш таклифини илгари сурган эди.

Россиядан депортация қилинган ва мамлакатга киришига тақиқ қўйилган марказий осиёлик муҳожирлар одатда, ватанида иш топиш ёки Россиядан бўлак мамлакатларга бориб ишлашга уринишади.

Тошкент вилояти яшовчиси Сураё ҳозирда Туркияда энага бўлиб ишламоқда. У Россияга 2010 йилдан 2013 йилга қадар Москва вилоятида рус оиласида энагалик қилган. Сураё ишлаш рухсатномаси (патент) тўловини бир неча кунга кечиктириб тўлагани боис, “қора рўйхатга” тушиб қолганини айтади:

-Ҳозир Туркияда энага бўлиб ишлаяпман, “запрет” қўйилганига қадарРоссияда ҳам энага бўлиб ишлаганман. Россиядан депорт бўлганимдан кейин Ўзбекистонда янаРоссияга келишга, депортимни очишга ҳаракат қилдим. Ноқонуний бўлса ҳам, қочоқ йўллари орқали Россияга киришга ҳаракат қилдим. Ноқонуний, қочоқ йўли нотўғри эканлигини тушунганимдан сўнг, бундай йўл билан Россияга кириш ниятимдан қайтдим.3 йил Ўзбекистонда қолдим. Иш изладим. Тошкентга бориб ишладим. Лекин қийин бўлди. Кўп ишласангиз ҳам ем ичишингиздан ортмайди. Лекин илож бўлмади. Болаларимни боқиш қийин бўлди. Кейин Туркияга ишга келишга мажбур бўлдим. Ҳозир Туркияда ҳам маошлар камайиб бормоқда, бу ерда ҳам кризис бошланаяпти.Россияда 3 йил ишлаб мен ўзимга уй қурдим. Қизимни турмушга бердим. Тўғри у пайтларда Россияда кризис бошланмаганди. Рублнинг қадри бор эди, иш ҳаққи ҳам яхши тўланарди. Россияда иқтисодий кризисдан чиқса, келиб ишлашни жуда хоҳлардим. Мени дугонам ҳам Туркияда ишлаяпти, у ҳам “агар Россияда кризис тугаса, ўша куни Россияга ишга борардим” деб айтади, деди Сураё.

Тожикистонлик 52 яшар Комилжон узоқ йиллар давомида Москвада фура машинасида ҳайдовчилик қилган. Уч йил олдин йўл ҳаракати қонунини бузганлиги сабабли, унинг номи ҳам “тақиқ рўйҳатига” киритилган. Комилжон кўлида бир неча ҳунари бўлганига қарамасдан Тожикистонда яхши иш тополмаганини айтади:

- Ватанга қайтишим билан, машинада ишладим, қўлимдан устолик келади, қурилишда ишладим. Албатта, ишлайман десангиз Тожикистонда ҳам иш топилади. Бу ерда аҳоли кўп, иш кам. Лекин барибир Россиядагидек пул тополмайсиз. Рўзғорга фақат еб ичишаг етади, холос. Мени фарзандларимнинг бирови студент, Москвада медицина колледжида ўқияпти. Катта уғлим Россиянинг Кранодар шаҳрида ишлаяпти. Шу ўғлим бизга ёрдам бериб турибди, деди Комилжон.

Комилжоннинг айтишича Россияда шофёрлик қиладиган марказий осиёликларнинг кўпчилиги йўл ҳаракатини бузиш оқибатида ҳам депортация қилинмоқда:

-Жарима ёзилади, лекин тўлашмайди. Кейин ватанга бориб, яна Россияда қайтишида тақиқ қўйилганини билиб қолади. Бошқа тарафдан Россия йўл полициячиларининг ўзлари ҳам муҳожир ҳайдовчиларга нисбатан кўп қонунбузарликка қўл уришади, деди Комилжон.

XS
SM
MD
LG