Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:43

Галима Бухорбоева Марказий Осиёни ёритувчи янги сайт очди


Галима Бухорбоева.
Галима Бухорбоева.

1 сентябрь куни Марказий Осиёдаги воқеаларни ёритиб борувчи янги Интернет нашри - Centre1.com фаолият бошлади. Сайт ўтган йили фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган Uznews.net нашри бош муҳаррири¸ ўзбекистонлик журналист Галима Бухорбаева тарафидан ишга туширилди.

Озодлик билан суҳбатда Галима Бухорбоева Centre1.com Марказий Осиё минтақасидаги энг сўнгги ва муҳим хабарларни биринчилардан бўлиб тарқатувчи етакчи янгилик порталига айланишига умид қилаётганини айтди.

Ўзбекистонлик таниқли журналист Галима Бухорбоева 2005 йилдан 2015 йилгача фаолият юритган Uznews.net нашрига бош муҳаррирлик қилган.
Ўзбекистонлик таниқли журналист Галима Бухорбоева 2005 йилдан 2015 йилгача фаолият юритган Uznews.net нашрига бош муҳаррирлик қилган.

- Мақсадимиз минтақа халқларини боғлайдиган ва айни пайтда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ёки Туркманистон матбуотида топиб бўлмайдиган хабар ва таҳлилларни бериб борувчи сайтни яратишдир. Сабаби Марказий Осиё ҳақида хабарлар берувчи бирор сифатли сайт йўқ. Мен ва жамоам бунинг уддасидан чиқади, деб ўйлайман. Биз бошқа сайтлардан кўчириб олинган хабарларни бериш билан шуғулланмаймиз. Бизда фақат ўз мухбирларимиз берган хабарлар бериб борилади, - дейди Бухорбоева.

Сайтда ҳозирча рус тилида хабарлар берилмоқда. Галима Бухорбоеванинг айтишича, келажакда қозоқ, қирғиз, ўзбек, тожик ва туркман тилларида хабарлар бериш йўлга қўйилади.

- Жуда кичик бюджет билан ишни бошлаяпмиз. Ҳозирдан сайтга қизиқиш катта бўлаяпти. Фақат сифатли контент орқали биз ўқувчилар қизиқишини қозонишга ҳаракат қиламиз. Ҳозирча хабарлар рус тилида берилаяпти. Кейинчалик сайтимизда Марказий Осиёнинг бешта тилидаги хабарлар бўлимлари очилади, - деди Галима Бухорбоева.

Нега сайтни Centre1 деб номладингиз, деган саволга Галима Бухорбоева шундай жавоб берди:

- Сайтимизнинг номи Тошкентдаги мен яшаган Ц1 мавзеси номини эслатади. Мен Ўзбекистондан қувғинга учраганимга қадар Тошкентнинг Ц1 мавзесида яшаганман. Бошқа томондан Марказий Осиёдаги биринчи сайт бўлишга интилаётганимиз учун сайтни шундай номладик, - дейди Бухорбоева.

Андижондаги 2005 йил 13 май кунги қонли воқеаларни ёритган Галима Бухорбоева Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

Германияда истиқомат қиладиган Бухорбоева 2005 йилдан 2015 йилгача фаолият юритган Uznews.net нашрига бош муҳаррирлик қилган.

Мухбирлари ҳаётига бевосита таҳдид борлиги сабаб Uznews.net ëпилган эди.
Мухбирлари ҳаётига бевосита таҳдид борлиги сабаб Uznews.net ëпилган эди.

Uznews.net нашрига кибер ҳужум уюштирилиши ва буни ортидан нашрнинг молиявий ҳисоботлари, грант берувчилари ва Ўзбекистондаги мухбирлари ҳақидаги маълумот Интернетга сиздирилиши ортидан сайт ёпилган эди.

Сайт мухбирлари ҳаётига бевосита таҳдид борлиги сабаб нашрни ëпишга мажбур бўлган эди.

Ўшанда грант берувчилар сайтни молиялашни тўхтатгани сабаб Uznews.net деган гап-сўзлар ҳам урчиган эди.

- Грант берувчилар томонидан ҳеч қанақа муаммо бўлмаган. Ўшанда мухбирларимиз хавфсизлигини ўйлаб Uznews.net нашрини ёпган эдик. Энди ҳозир Centre1.com нашрига бутун минтақа бўйлаб мутлақо янги мухбирлар тармоғини тузяпмиз.Нафақат сиёсат, балки оддий одамлар ҳаётига таалуқли бўлган ҳар қандай янгиликни сайтимизда ўқишингиз мумкин бўлади, - дейди Галима Бухорбоева.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, Марказий Осиёнинг Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон каби давлатларида матбуот ҳукуматнинг тўлиқ назорати остидадир.

Нисбатан эркинроқ ҳисобланган Қозоғистонда ҳам сўнгги йилларда мустақил журналистлар қаттиқ босимлар остида қолган.

Минтақада матбуот эркин бўлган ягона давлат эса Қирғизистон бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG