Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:01

Каримовнинг Термизга сафари пайти шаҳар "фалажланиб қолди"


Каримов Термизга сафари пайтида фермерларга деҳқончилик бобида ўгитлар берди.
Каримов Термизга сафари пайтида фермерларга деҳқончилик бобида ўгитлар берди.

Президент Ислом Каримовнинг 30 июнь куни Сурхандарё вилояти маркази Термизга сафари чоғида 140 минг аҳолиси бўлган шаҳар ярим кун давомида батамом беркитилди.

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, вилоят ҳокимияти шаҳар ташқи кўринишидаги камчиликларни Ўзбекистон президенти нигоҳидан яширишга уринганлар.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати президент Каримов Сурхандарё ва Қашқадарё вилоятларига сафар қилиб, икки вилоятдаги "ободонлаштириш ишлари" билан танишгани ҳақида хабар тарқатди.

"Ўзбекистон" телеканали берган хабарга кўра, Каримов Термизда қурилган намунавий уйлар ва Термиз марказидаги кўнгилочар боғда қурилаётган "Санъат саройи" қурилишини кўздан кечирган.

Термиз шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотирасига шу йил май ойида очилган "Хотира ва қадрлаш" мажмуасини ҳам зиёрат қилган.

Фалажланган шаҳар

Термиз маркзаидаги "Хотира ва қадрлаш" мажмуасига элтувчи барча йўллар беркитилган эди
Термиз маркзаидаги "Хотира ва қадрлаш" мажмуасига элтувчи барча йўллар беркитилган эди

​Озодлик суҳбатлашган термизликлар, эрталабки соат бешдан тушликка қадар, шаҳар фалажланиб қолганини айтди.

Термиз яшовчиларидан бирига кўра, шаҳар марказида нафақат машиналар, балки йўловчиларнинг ҳаракатланиши ҳам тақиқлаб қўйилган:

- Бутун Термиз шаҳрида автомобиль ҳаракати соат 12-00 гача батомом тўхтатилиб, эрталаб соат 5-00 дан кейин шаҳарга ҳеч ким ва ҳеч қайси техника киритилмади. Шаҳар фалажланганди. Ат-Термизий кўчасида жойлашган барча дўкон, аптека, маиший хизмат нуқталари очилмади. Ҳатто марказий деҳкон бозорида биронта деҳқон ёки савдогар кўринмади. Ҳамма қурилишларда қурувчилар ҳам уйига жўнатилиб, Каримов келиши муносабати билан барча ишлар тўхтатилди, - деди Термиз яшовчиларидан бири.

Термизлик дўкондорлардан бирининг айтишича, ички ишлар ва хавфсизлик ходимлари одамларни "ҳатто ҳожатга чиқишга" изн бермаган:

- Термиз шаҳрида ваҳима "президент келяпти", деб соат ўн яримларда мелиса билан СНБ бутун Термиз шаҳри йўлларини катта-ката машиналар билан "блокировать" қилиб қўйди. Тадбиркорлар дўконларини ёпиб қўйиб, ресторан, ошхоналар мижозларини кўчага ҳайдаб юбориб, савдо -сотиқ қилишларига йўл қўйишмади.Тушлик вақтига тайёрланган ош, сомса ва ҳоказоларни сота олишмади. Ошхона ва дўконлар ишчиларини ичкарига қамаб, эшикни олдида мелиса ходимлари туриб олиб, ҳатто ҳожатга чиқишга рухсат беришмади, - деди у.

Кўп қаватли уйда яшовчи бошқа бир термизлик шаҳар марказига боришнинг умуман имкони бўлмаганини айтади:

- Бизни умуман ҳатто домлар орасида юргани қўйишмади. Уни олдига камида беш километр атрофида ҳатто пашша учолмади.

"Золотая Бочка" ўрнига "Миллий таомлар"

Ислом Каримов намунавий уйларни кўздан кечирган
Ислом Каримов намунавий уйларни кўздан кечирган

Термизлик ўқитувчи эса Ислом Каримов келиши олдидан шаҳар икки кеча-кундуз давомида "худди ялаб чиққандек" тозаланганини билдирди:

-У Термиз шаҳрига келиши олдидан қурувчилар ўнқир-чўнқир йўлларни асфальт билан кечаю кундуз ямаб чиқишди. Бутун ҳокимият ва аҳоли икки кун ухламай чиқди. Йўллар худди ялаб чиққандек тозаланиб, Термиз шаҳрида биронта ҳам қум чанг қолмади, - деди тозалик ишларига жалб этилган термизлик ўқитувчи.

Термизлик дўкондорнинг айтишича, шаҳар ҳокимияти тадбиркорларни дўконлар пештоқидаги баннерларни ўзгартиришга мажбурлаган:

- "Алко Маркет" ароқ дўконларини номи ўзгартирилиб, "Яхна ичимликлар сотиш дўкони" деган баннерлар ёзиб қўйилди. "Золотая Бочка" ресторани "Миллий таомлар" ошхонасига айлантирилди , "Золотая Бочка" устини "Миллий таомлар" деган сўзлар битилган баннерлар билан ёпиб қўйишди, - дейди маҳаллий дўкондор.

Унинг илова қилишича, ҳаттоки баъзи бўшаб ётган янги квартиралар тадбиркорлар ҳисобидан вақтинча дўконларга айлантирилган:

- Янги қурилган уч қаватли уйларнинг биринчи қавати жуда қиммат бўлгани учун ҳеч ким сотиб олмаётганди. Бу квартиралар бир йилдан бери бўшаб ётувди. Ҳатто шу квартиралар, Каримов келиши муносабати билан, тадбиркорлар ҳисобидан прилавкалар қўйилиб, вақтинчалик тўлдириб, кўзбўямачилик қилинди, деди тадбиркор.

"Мундир кийган қароқчилар" ва "кўниккан халқ"

Каримов Термизда экан кимса ташқарига чиқа олмаган
Каримов Термизда экан кимса ташқарига чиқа олмаган

​Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолига кўра, иш жойи, даромади ва ҳатто озодлигидан ажралиб қолишга қўрққан тадбиркорлар "мундир кийган қароқчилар" топшириғини бажаришга мажбур:

- Миллардлаб маблағлар тадбиркор бошига тушади. Бизнес икки-уч кунга тўхтайди. Ҳатто "Каптива" ва бошқа автомашиналар кўчадан тўхтатилиб, тўғридан-тўғри Тошкентдан олдиндан келган делегацияни 15-20 кун олиб юришга мажбурланади. Бензинини ҳатто фуқоро ўз ёнидан харажат қилади. Автобуслар, "Фотон" ва бошқа барча катта техникалар "частный сектор"ники бўлса ҳам, эксплуатация қилинади. Қурилиш материал дўконларидан бир тийинсиз хоҳлаганча олиб, ишлатиб юборилади. Ҳокимият тўлайди дейишади, лекин ҳеч қачон тўланмайди. Агар тадбиркор "жалоба" қилса, унда унинг бор-йўғи ноқонуний тортиб олиниб, ўзини милиардлаб сунъий қарздор қилишади ва керак бўлса қаматиб юборишади. Буни ҳамма билади. Шунинг учун ҳам ҳамма куйса ҳам, улар хоҳлаган қурилиш материалларини ўзини "убыткаси"га беради. Ўзбекистонда ҳокимият ва мундир кийган қароқчилар бор, - деди маҳаллий ҳуқуқбон.

У Термиз аҳолиси Ўзбекистон юқори раҳбарлари келишидон олдин кўриладиган бундай чораларга кўникиб қолганини айтди:

- Одамлар кўникиб ҳам қолди. Электроэнергия улар келиши олдидан ўчмай қолади. Улар келиб, кетгандан ёки байрам тугагандан свет ва газ ўча-ўч бўлиб қолади. Халқимиз оғзида: Лимитимиз ошиб кетди раҳбарият келиб, шунинг учун ҳам ўчириб лимитни қоплаяпти, деган гап юради. Ҳеч кимни коммунал тўлови бўлмасада, ҳамма негадир қарздор! Ҳеч ким ҳеч нарсани исботлай олмайди бу жамиятда, - дея хулоса қилади ҳуқуқбон.

XS
SM
MD
LG