Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:00

Қаҳва простата бези саратонининг олдини олиш мумкин


Япониянинг Каназава университети тадқиқотчилари қаҳвада учрайдиган айрим бирикмалар простата саратони ўсишига тўсқинлик қилишга кўмаклашиши мумкинлигини аниқлади.

Бундан аввал ўтказилган қатор тадқиқотлар қаҳвадаги бирикмалар соғлиққа фойдали эканлигини кўрсатган. Масалан, айрим манбаларга кўра, қаҳва ичиш саратоннинг айрим турлари, жумладан, простата ракига чалиниш хавфини озайтиради.

Каназава университети ходимлари эса, қаҳвадаги бирикмаларнинг простата раки ўсишига таъсирини ўрганган. Тажриба давомида ракка қарши курашишга қодир ҳужайралар ҳамда сичқонлардан фойдаланилган.

Япон олимлари аввал қаҳвада учрайдиган олти бирикмани ўрганиб чиқишган, аммо пировардида кахвеол ацетати ҳамда кафестол бирикмаларига асосий эътиборни қаратишган. Бу икки бирикма одатда араб қаҳвасида учрайди.

Тадқиқотчилар кахвеол билан кафестолнинг саратонга қарши дориларга қаршилик кўрсатадиган ҳужайраларга таъсирини ўрганиб чиқишган ва бу икки бирикма сичқонларда саратон ҳужайралари кўпайиши олдини олишини аниқлашган. Бундан ташқари, ҳар икки бирикма бир пайтда қўлланилса, уларнинг ижобий таъсири янада кучлироқ бўлиши маълум бўлган.

Ушбу натижалар келажакда простата бези ракини даволашда қаҳвада учрайдиган бирикмалардан фойдаланиш мумкинлигини англатади. Аммо аввал қаҳва бирикмалари айнан нима сабабдан бундай таъсир кўрсатишини ҳамда уларнинг инсон танасига таъсирини аниқлаш керак бўлади.

Олимлар янги изланиш натижалари қаҳва ичиш одатини ўзгартиришга асос бўла олмаслиги ҳақида огоҳлантиришди.

Доктор Ҳироаки Ивамото етакчилигида ўтказилган тадқиқот натижалари Европа Урология уюшмасининг Барселонада ўтказилган анжуманида тақдим этилди. Шунингдек, ушбу мавзу ёритилган илмий мақола The Prostate журналида чоп этилди.

XS
SM
MD
LG