Линклар

Шошилинч хабар
26 сентябр 2018, Тошкент вақти: 19:18

Антисанитария шароитида ишлаб келган Green Burger фаолияти тўхтатилди


Озодлик мақоласидан сўнг Green Burger МЧЖ билан Юнусобод кичик саноат зонаси ўртасида тузилган шартнома бекор қилинди.

Прокуратура текшируви ва ДСЭНМ хулосаси асосида "Green burger" МЧЖга ДСЭНМ тадимнома киритди. Тегишли тартибда Юнусобод Кичик саноат зонаси билан мазкур МЧЖ ўртасидаги шартнома бекор қилинди”¸ деб хабар қилди Тошкент шаҳар прокуратураси мулозими Озодликка.

Бу расмийга кўра¸ Green Burger МЧЖдаги вазиятни ўрганиб¸ унга ҳуқуқий чора кўриш масаласини шахсан Тошкент шаҳар прокурори ўз назоратига олган.

"Юнусобод прокуратураси ва шахсан шаҳар прокурори бу ҳолатни назорат остига олди, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан қонун доирасидагина иш тутилди. Бундай антисанитарияга йўл қўйган ҳолатга¸ албата чора кўрилади"¸ деди Озодлик боғланган шаҳар прокуратураси расмийси.

25 июнь куни Озодликда чоп этилган “Тошкент фастфуд кафеларига масаллиқ тарқатаëтган цехдаги антисанитарияга ким чора кўради?” сарлавҳали мақолада Ўзбекистон пойтахтидаги кўплаб фастфуд тармоқларига бургер¸ булочка ва лаваш тайëрлаб тарқатадиган Green Burger МЧЖсидаги антисанитария вазияти ëритилган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ бу мақола ортидан Юнусобод туман прокуратураси туман Давлат санитария эпидемиология назорати маркази (ДСЭНМ) билан биргаликда вазиятни қайта текшириб¸ тегишли тартибда чора кўрган.

Озодлик гаплашган Тошкент мулозимларига кўра¸ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг хусусий тадбиркорлар фаолиятини эркинлаштириш мақсадида уларни ҳар хил текшир-текширлардан озод қилгани¸ айримлар томонидан суистеъмол қилинмоқда.

Хусусан¸ Озодлик билан суҳбатда Юнусобод ДСЭНМ мутахассиси ўз марказидан аксар ваколатлар олиб қўйилгани ортидан¸ умумий овқатланиш соҳасида ишлаëтган тадбиркорларнинг санитария-эпидемиология нормаларига қанчалик риоя қилаëтганини назорат қилиш мушкуллашганини билдирган эди.

Ўз шахси очиқланмаслигини сўраган марказнинг етакчи мутахассиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ Green Burger МЧЖни айни шундай суитеъмолчилардан бири сифатида таърифлаган эди.

Бу МЧЖ ҳудудига мутахассисларимиз охирги марта июнь ойида шахсан туман прокурорлари билан биргаликда боришган. Аниқланган ҳамма камчиликларни прокурорга ëзиб берганмиз. Ҳозир ҳамма ваколат прокуруратурада. Бу ҳолат бўйича биз эмас¸ улар чора кўриши мумкин¸ агар истаса. Лекин бирор чора кўрилганидан хабаримиз йўқ ҳозиргача. Ҳаммаси туман прокурорига справка қилиб берилган. Аҳвол ҳақиқатан ҳам антисанитария – сув йўқ¸ махсус кийими йўқ ишчиларида. Умумий овқатланиш шохобчасида ишловчилар ҳар ярим йилда бир марта тўлиқ медосмотрдан ўтиши керак. Булар умуман медосмотрдан ўтмасдан ишлаб ëтишипти”¸ деган эди 25 июнь кунги суҳбатда Юнусобод туман санитария эпидемиология назорат маркази мутасаддиларидан бири.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG