Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:05

Эрон намойишлар ичида: Қурбонлар сони ошмоқда


Теҳрондаги норозиликлар 25 сентябрь куни, Маҳса Аминий ҳибсда ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар ортидан бошланиб кетган.
Теҳрондаги норозиликлар 25 сентябрь куни, Маҳса Аминий ҳибсда ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар ортидан бошланиб кетган.

Расмий огоҳлантиришларга қарамай, Эронда ҳукуматга қарши намойишлар тинмаяпти. Намойишларга 22 ёшли Маҳса Аминийнинг ахлоқ полицияси томонидан калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги хабар сабаб бўлган.

Маҳса Аминийнинг ўлими нафақат мамлакат ичида, балки бутун дунё бўйлаб Эрон элчихоналари олдида норозилик намойишларига сабаб бўлди. Франция полицияси Париждаги Эрон элчихонаси олдида тўпланган намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ишлатди.

25 сентябрь куни кечки пайт Теҳрон университетига тўпланган талабалар “Озодлик, Эркинлик, Эркинлик!”, "Биз жанг қиламиз, ўламиз, Эронни қайтариб оламиз!" шиорларини айтиб ҳайқиришган.

Улар, шунингдек, қамоққа олинган талабаларни озод қилишни талаб қилганлар.

Норозилик намойишлари тафсилотлари етарли эмас. Эрон ҳукумати тартибсизликлар авж олган ҳудудларда интернет ва алоқани узиб қўйган.

Эрон Олий суди бошлиғи норозилик намойишларини бостиришда "қаттиққўллик" билан ҳаракат қилинишини айтган.

Бир кун аввал президент Иброҳим Раисий “мамлакат хавфсизлиги ва осойишталигига қарши бўлганларга қатъий муносабатда бўлиш” кераклиги ҳақида огоҳлантирганди.

Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликларда ҳозиргача 41 киши ҳалок бўлган, бироқ ҳуқуқ гуруҳлари ва бошқа кузатувчилар норозилик намойишлари камида 80 та шаҳар ва аҳоли пунктларини қамраб олганлиги сабабли бу рақам янада кўпроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича олий вакили Жозеп Боррел Эроннинг тазйиқларини “оқлаб бўлмайдиган” ва “қабул қилиб бўлмайдиган” деб атади.

Теҳрон расмийлари хорижий ҳукуматлар ва бошқа ташқи унсурларни норозиликларни қўзғатганликда айблади.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги 25 сентябрь куни Британия ва Норвегия элчилари тартибсизликлар билан боғлиқ ҳаракатлар ва изоҳлар юзасидан чақиртирилганини маълум қилди.

Айтилишича, Британия элчиси Лондоннинг эронликлар ўртасида “ғалаёнларга даъват қилганлиги” масаласида чақирилган.

Норвегия элчиси эса Норвегия парламентининг Теҳронда туғилган спикери Масуд Ғарахонийнинг "ноконструктив изоҳлари" учун чақиртирилган.

Эрон ахлоқ полицияси томонидан рўмолини ечганлик айби билан ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Аминий 16 сентябрь куни комага тушганидан сўнг вафот этди. Унинг ўлими бутун Эрон бўйлаб норозилик намойишлари ва тартибсизликларга сабаб бўлди.

Ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий Аминийнинг ўлими бўйича "якуний тиббий экспертиза хулосасини кутишимиз керак, бу вақт талаб этади" деди.

Норози намойишчиларнинг аксари ўнлаб йиллар давомида жамоат жойларида рўмол ёки ҳижоб ўрашни талаб қилувчи кийиниш қоидаларидан ҳафсаласи пир бўлган аёллардир.

NetBlocks веб-мониторинггига кўра, аввалги Facebook, Тwitter, ТikТоk ва Telegram’ га тақиқлардан сўнг WhatsApp, Instagram ва Skype ҳам блокланган. Интернетга кириш чекланган.

Халқаро Амнистия ташкилоти "Эрон хавфсизлик кучларининг намойишчиларга қарши атайлаб, ноқонуний ўқ узганлиги"ни билдирди. Ташкилот Эрон хавфсизлик кучларини 21 сентябрь куни кечаси уч бола ва яна 16 киши ҳалок бўлган отишмаларда айблаган.

Халқаро Амнистия ташкилоти халқаро ҳамжамиятни намойишчиларга босимни тўхтатишга мажбур қилиш учун "маънили чоралар" кўришга чақирди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 22 сентябрь куни Ню Йоркда президент Раиси билан учрашган ва “тинч намойишларга қарши куч ишлатилаётгани, ўнлаб одамларнинг ўлими ва жароҳатлангани ҳақидаги хабарлардан” хавотир билдирган.

Антониу Гутерриш зўравонликлар авж олиб кетмаслиги учун Эронни "кераксиз чоралардандан тийилишга ва вазминликка" чақирган.

Форум

XS
SM
MD
LG