Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:34

Эронда ахлоқ полицияси зўравонлигига қарши бошланган намойишлар тўхтамаяпти


Эронда давом этаётган намойишларда тўрт нафар полициячи яраланган, бир нафар полиция ёрдамчиси олган жароҳатларидан вафот этди. Пайшанба куни қатор шаҳарларда кечган намойишларда полиция идоралари ва автоуловларига ўт қўйилди. Норозилик чиқишлари 22 ёшли аёл ахлоқ полицияси қўлида ўлганидан кейин бошланиб кетганди.

Ижтимоий тармоқлардаги норозиликлардан бошланган намойишлар ёйилишини тўхтатиш учун ҳукумат пойтахт Теҳрон ва Эроннинг Курдистон минтақасида интернет алоқасини чеклаган.

Эрон вилоятларидан бирининг ҳокими уч нафар намойишчи ҳалок бўлганини тасдиқлади. Инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса бошқа жойда яраланган яна бир намойишчи ҳалок бўлганини билдирди.

Эрон ахлоқ полицияси томонидан ҳижоби яхши ўралмагани учун ҳибсга олинган Маҳса Аминий ўлими бутун Эрон бўйлаб норозилик чиқишларига сабаб бўлди.

Кўпгина эронликлар, айниқса, ёшлар учун Аминийнинг ўлими Эронда ахлоқ полицияси ёш аёлларга нисбатан тобора зўравонлик билан муносабатда бўлаётганининг яна бир исботидир.

Расмий IRNA ахборот агентлиги 21 сентябрь куни тарқатган хабарга кўра, 20 сентябрь куни жанубий Шероз шаҳрида тўрт нафар полициячи жароҳат олган, бир полиция ёрдамчиси ҳалок бўлган.

«Сешанба куни кечқурун баъзилар полициячилар билан тўқнашди ва натижада полиция ёрдамчиларидан бири ҳалок бўлди. Ушбу ҳодисада Шерозда яна тўрт полициячи жароҳат олди», дейилади IRNA хабарида.

Агентлик 20 сентябрь куни Шерозда 15 намойишчи ҳибсга олинганини хабар қилди.

IRNA агентлигига кўра, тунда Шероздан ташқари пойтахт Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарларда, жумладан, Машҳад, Табриз, Рашт ва Исфаҳон шаҳарларида ҳам митинглар бўлиб ўтган.

Курдистон вилояти ҳокими Исмоил Зарейкоша вилоятда норозилик намойишларида уч киши номаълум сабабларга кўра ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Зарейкоша хавфсизлик кучлари ўлимлар учун жавобгар эмаслигини таъкидлади. Расмий ўлимларда «Эрон душманларини» айблади.

Эрон ғарбидаги курдлар яшовчи ҳудудларни кузатувчи Hengaw инсон ҳуқуқлари ташкилоти 20 сентябрь куни икки кун олдин Маҳободда хавфсизлик кучлари яралаган аёл Ҳажар Аббосий нобуд бўлганини маълум қилди.

Эрон ахлоқ полицияси Аминийни 13 сентябрь куни Теҳронда ҳибсга олган. Аминий пойтахтга мамлакатнинг ғарбий курд минтақасидан келган бўлган. У полиция бўлимида ҳушидан кетган ва уч кундан кейин вафот этган.

Полиция уни ҳижобини жуда очиқ ўргани учун ҳибсга олган. Эронда аёллардан жамоат жойларида сочларини тўлиқ қоплайдиган тарзда рўмол ўраш талаб қилинади.

Полиция Аминийга ёмон муносабат қилинганини рад этиб, у юрак хуружидан вафот этганини айтмоқда. Президент Иброҳим Раисий Аминий ўлими бўйича тергов ўтказилишига ваъда қилди.

Аминийнинг отаси қизи ҳеч қандай касалликдан азият чекмаганини айтиб, унинг ўлимида полицияни айблади. Отанинг сўзларига кўра, ҳибсда Аминийнинг оёқлари кўкарган.

Бу орада юқори мартабали тиббиёт ходими Аминийнинг танаси тасвирлари асосида расмийларнинг изоҳларини шубҳа остига олди.

20 сентябрь куни Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Кананий «хорижий аралашувчи кучларни» қоралади.

«Баъзи давлатлар тергов қилинаётган ҳодисадан Эрон ҳукумати ва халқига қарши сиёсий мақсад ва истакларини амалга ошириш учун имконият сифатида фойдаланишга уринаётгани ачинарли ҳолатдир», - деди у.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф «Маҳса Аминийнинг ҳибсдаги ўлими ҳамда хавфсизлик кучларининг норозилик намойишларига зўравонлик билан жавоб қайтараётганидан» хавотир изҳор қилди.

Форум

XS
SM
MD
LG