Линклар

Шошилинч хабар
21 июл 2019, Тошкент вақти: 01:14

Гибралтар яқинида Эрон нефть ташувчи кемаси ҳибсга олинди


Буюк Британия Ҳарбий-денгиз флотига қарашли патруль кемаси Гибралтарнинг сув ҳудудида Эроннинг Grace 1 улкан нефть ташувчи кемасини ҳибсга олмоқда.

Америка Қўшма Штатлари Гибралтар бўғози яқинида Эроннинг нефть ташувчи кемаси қўлга олинганини олқишлади ва буни “зўр хушхабар” деб атади. Расмий Теҳрон эса буни кемани “ноқонуний ҳибсга олиш” дея қоралади.

Зўр хушхабар: Буюк Британия Эрон нефти ортилган ва Европа Иттифоқи санкцияларига қарамасдан, Сурияга йўл олаётган Grace 1 нефть ташувчи кемасини ҳибсга олди. Америка билан иттифоқчилари Теҳрон ва Дамашқ режимлари бундай ноқонуний савдодан фойда олишига йўл қўймасликни давом эттиради"¸‒ деб ёзди Твиттерда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон 4 июль куни.

Гибралтар ҳукумати 4 июлда Британия Қироллик денгиз пиёда аскарлари Grace 1 нефть ташувчи кемаси бортига чиққанини маълум қилди.

Кема Британия ўз ҳудуди деб биладиган Гибралтардан 4 километр жанубдаги сувларда қўлга олинди. Аммо Гибралтарни ўз ҳудуди деб иддао қиладиган Испания бу денгиз ҳудудини ҳам ўзиники деб билади.

Кеманинг тозаланмаган нефтни Суриядаги “Баниас” нефтни қайта заводига олиб кетаётгани гумон қилинмоқда. Европа Иттифоқи ушбу заводга нисбатан санкция жорий қилган.

Британия бош вазири Тереза Мэй матбуот котиби Гибралтар ҳокимият идораларининг “қатъий амали”ни олқишлади.

Айни пайтда Гибралтар бош вазири Фабиан Пикардо ўз баëнотида:

- Grace 1 кемасининг Суриядаги “Баниас” нефтни қайта ишлаш заводига тозаланмаган нефть олиб кетаётганига ишонишимиз учун сабаблар бор. Ушбу нефтни қайта ишлаш заводи Европа иттифоқи Сурияга қарши қўллаётган санкциялар дахл қиладиган юридик шахснинг мулкидир. Шу сабабли биз кемани ҳам, унинг юкини ҳам ҳибсга олдик¸ деди.

ЕИ 2011 йилдан Сурияга нефть етказиб беришни тақиқлаб келмоқда, бироқ биринчи марта кема денгизда ҳибсга олинди.

ЕИ биринчи марта бунақа ишни омма кўз ўнгида ва ўта шиддат билан бажарди. Бу ишга НАТО қўшинлари жалб этилганига қараганда, у қайсидир маънода АҚШ билан келишилганини тасаввур қилаяпман. Бу Сурия билан Эрон ва яна АҚШга сигнал бўлиши учун қилинган кўринади. ЕИ бу билан санкциялар ижросини таъминлашга жиддий қараётгани¸ ҳамда Эроннинг уруш билан тинчликнинг қалтис чегарасида туриб, ядро дастури бўйича музокара қилаётганига жавобан иш қилаётганини кўрсатмоқчи бўлди¸ деди Pillsbury Winthrop фирмаси ҳамкори Мэтю Оресман.

Хабарларга қараганда, кемага нефть Эрон соҳилида юкланган, аммо ҳужжатларда нефтнинг Ироқдан олиб келтирилгани айтилмоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Британиянинг Теҳрондаги элчисини чақириб, унга танкер “ноқонуний тарзда ҳисбга олингани”ни билдирди.

Англия ҳарбий-денгиз флоти Гибралтар бўғозида Эроннинг нефть ташувчи кемасини ҳибсга олгандан сўнг Британиянинг Теҳрондаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, ‒ деди вазирлик воизи Аббос Мусавий.

Кеманинг ҳисбга олиниши Ғарб мамлакатлари, айниқса, Қўшма Штатлар билан Эрон ўртасидаги муносабатлар ўта таранглашган вақтга тўғри келмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп 2018 йили Эрон билан етакчи мамлакатлар ўртасида унинг ядро дастури бўйича имзоланган битимдан чиқиб кетди ва Теҳронга қарши енгиллаштирилган санкцияларни қайта қўллай бошлади.

XS
SM
MD
LG