Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:45

Эйнштейннинг "Худо ҳақидаги мактуби" қарийб 3 миллион долларга сотилди


Алберт Эйнштейн немис ëзувчиси Томас Манн билаб. 1938 йил.
Алберт Эйнштейн немис ëзувчиси Томас Манн билаб. 1938 йил.

Инсоният тарихида ўтган энг буюк олимлардан бири деб эътироф қилинган Альберт Эйнштейннинг дин ҳақидаги қарашлари акс этган мактуб Нью-Йоркда ўтказилган кимошди савдосида 2,9 миллион долларга сотилди.

1954 йил ёзилган ва “Худо ҳақидаги мактуб” деб танилган хатнинг 1,5 миллион долларга сотилиши тахмин қилинган эди.

Мактубни ëзган пайтда 75 ёшда бўлган Эйнштейн бир ярим саҳифалик хатни немис файласуфи Эрик Гуткиндга ёзган.

«Кристис» аукцион уйининг китоблар ва қўлёзмалар бўйича мутахассиси Питер Кларнет қўлда ëзилган ушбу мактуб илм ва дин ўртасидаги тортишувда ўта муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

«Кристис» эълон қилган билдирувда «Ушбу самимий, шахсий мактуб Эйнштейн вафотидан бир йил олдин ёзилган ҳамда олимнинг диний ва фалсафий қарашлари энг тўлиқ изҳор қилинган ҳужжат ҳисобланади», дейилади.

Немис тилида ёзилган мактубда Эйнштейн худога ишонишни танқид қилади.

«Худо сўзи мен учун инсон ожизлиги ифодаси ва унинг маҳсулидан бошқа нарса эмас. Библия примитив афсоналарнинг мақтовга лойиқ мажмуасидир»¸ деб ëзади нисбийлик назарияси асосчиси.

«Қанчалик нозик бўлишидан қатъий назар¸ бирор талқин бу масала бўйича қарашларимни ўзгартира олмайди».

Мактубда, шунингдек, физик олим ўз аждодлари мансуб яҳудийликка ҳам тўхталиб ўтади. Олим яҳудийликни ҳам «бошқа барча динлар каби примитив хурофот тимсоли» деб таърифлайди.

«[Яҳудийлар] танланган халқ эканлигини тасдиқловчи ҳеч нимани кўрмаяпман. Яҳудийлар – мен уларнинг бири эканлигидан мамнунман ва уларнинг менталитетига таяниб келаётганимга ишонаман – мен учун бошқа халқлардан ўзгача фазилатларга эга эмас»¸ деб давом этади Эйнштейн динларга оид фундаментал қарашлари қисқа ифода этилган мактубида.

Эйнштейн қаламига мансуб мактублар илк маротаба кимошди савдосига қўйилаётгани йўқ.

Ўтган йилда олим ўзи билан учрашишдан бош тортган итальян талабага ёзган қисқа мактуб 6100 долларга сотилган эди.

Эйнштейн 1928 йилда нисбийлик назариясининг учинчи этапи ҳақидаги фикрларини изҳор қилган хат эса 103 минг долларга сотилди.

2017 йилда олимнинг бахт нима деган саволга берган қисқа жавоби Қуддус шаҳрида 1,56 миллион долларга сотилди. Бир гапдан иборат қоғоз парчасида шундай дейилади:

«Сокин ва камтар ҳаёт муваффақият ортидан қувиш ҳамда у билан боғлиқ тинимсиз жонсаракликдан кўра кўпроқ бахт олиб келади».

XS
SM
MD
LG