Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2020, Тошкент вақти: 12:45

E-auksion.uz: Тошкент шаҳридаги ер Намангандагидан 10 баравар арзонми?


17 октябрь куни электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш марказининг e-auksion.uz порталида давлатга қарашли икки йирик объектни сотиб олиш учун электрон ариза қабул қилиш муҳлати тугайди.

Сотилаëтган объектлардан бири "Тошкент минтақавий пахта терминали”, иккинчиси эса “Наманган минтақавий терминали”.

Давлатга қарашли бу иккала пахта терминалини¸Шавкат Мирзиëевнинг жорий йил 6 март кунги қарори билан тугатилаëтган “Ўзпахтасаноат” АЖ сотувга қўйган.

Пойтахтнинг Сергели туманида жойлашган биринчи терминал ер майдони 11.6 гектар¸ бошланғич баҳоси эса 10 миллиард сўм.

Наманган шаҳрининг «Юқори Ровустон» МФЙ ҳудудида жойлашган иккинчи терминал ҳудуди 1.5 гектар¸ унинг бошланғич баҳоси ҳам 10 миллиард сўм.

Айни пайтда иккала терминалга харидор бўлганлар учун инвестицион мажбуриятдаги тавофут ҳам 10 баравардан кўпроқ - бу талабда ҳам Тошкентдаги давлатга тегишли кўчмас мулк Намангандагидан арзонга баҳоланган.

Озодликнинг бу нарх ва талабларни қайси идора¸ қайси мезонлардан келиб чиқиб белгилагани ҳақидаги саволларига мазкур танловга алоқадор давлат тизимларидан бирортаси аниқ жавоб беришни истамади.

“Ўзпахтасаноат” АЖ ОШКОРА ТАНЛОВ САВДОЛАРИГА ТАКЛИФ ЭТАДИ»

Тошкент ва Намангандаги минтақавий пахта терминалларининг сотувга қўйилгани 26 август куни республика фонд биржаси¸ 9 сентябрь куни эса¸ Давлат солиқ қўмитаси сайтида шундай сарлавҳа билан эълон қилинди.

Бу хабарга кўра¸ пахта терминаллари МЧЖ устав капиталидаги “Ўзпахтасаноат” АЖнинг 100 фоиз улуши президентнинг 2020 йил 6 мартдаги “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4633-сонли қарорига мувофиқ сотувга қўйилган. Бу қарорга кўра¸ “Ўзпахтасаноат” АЖ тугатилиб¸ унга қарашли мулк сотиладиган бўлди.

Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Хонабод кўчаси, 4-уй манзилидаги 11.6 гектар ерда жойлашган “Тошкент минтақавий пахта терминали”нинг бошланғич нархи 10 миллиард сўм қилиб белгиланган¸ потенциал харидорга корхонага 24 ой муддатда 10 млрд сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 100 ишчи ўрни яратиш мажбурияти ҳам юкланган.

Наманган вилояти, Наманган шаҳри, Юқори Ровустон МФЙнинг 1.5 гектарлик ҳудудини эгаллаган “Наманган минтақавий пахта терминали”нинг бошланғич нархи ҳам 10 миллиард сўмга баҳоланган. Айни пайтда¸ талабгорга корхонага 24 ой муддатда 10 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ва 800 ишчи ўрни яратиш инвестициявий мажбурияти қўйилган.

Ҳудуди Намангандагидан 10 баравар катта терминалга бир хил бошланғич нарх қўйилгани¸ Тошкент терминали талабгорига Намангандагига нисбатан 11 баравар енгил инвестицион мажбурият юкланганига расмий изоҳ берилмаган.

Танловга“E-ijro auksion” электрон онлайн аукцион савдо майдончасида регистрациядан ўтиб¸ махсус ҳисоб рақамига объектни сотиб олиш қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорида закалат пули киритган талабгорлар қўйилади.

Аммо объектни унга энг кўп пул тиккан талабгор қўлга киритишига кафолат йўқ – буни махсус комиссия ҳал қилади.

«Талабгорлардан келиб тушган таклифлар умумлаштирилган ҳолда кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясига киритилади".

Танлов савдоси якунлари ва танлов ғолибини танлаб олиш тўғрисидаги қарор¸ расмий хабарда ëзилишича¸ ана шу давлат комиссияси томонидан қабул қилинади. Бу танловда таклиф қилинган нархдан бошқа яна қайси жиҳатлар инобатга олинишига аниқлик киритилмаган.

Тошкентдаги ер нархи Намангандагидан 10 баравар арзонми?

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев жорий йилнинг 11 март куни “Тошкент шаҳрида ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг минимал қийматини тасдиқлаш тўғрисида” деб номланган 255-сонли қарор чиқарган.

Қарорда¸номидан кўриниб турганидек¸ доимий фойдаланиш учун сотиб олинадиган ер учун минимал нарх белгиланган. Унга кўра¸ Сергели туманидаги ер 4 ва 5-зонага киритилиб¸ икки зонадаги ер нархи икки категорияда баҳоланган (бу баҳолаш мезонига изоҳ берилган эмас – таҳр.).

Бу қарорда Сергелининг 4-зонага киритилган ҳудудидаги 1 гектар ернинг минимал нархи 7 240 885 900 сўм¸ 5-зонадагиси 1 гектар ер эса 3 620 443 000 сўм қилиб белгиланган.

Тошкент пахта терминали ҳудудида қатор иншоотлар ҳам жойлашган.
Тошкент пахта терминали ҳудудида қатор иншоотлар ҳам жойлашган.

Ер нархини белгиловчи давлат идоралари учун расмий ҳисоб-китоб сифатида қабул қилинган бу қарордан келиб чиқилса¸ Тошкент минтақавий пахта терминали ҳудуди 4-зонада бўлса¸ фақат қуруқ ернинг ўзи учун минимал нарх 10 миллиард сўм эмас¸ балки 83 994 276 440 сўм¸ агар 5-зонада бўлса¸ 41 997 138 800 сўмга баҳоланиши керак эди.

Мазкур терминал ҳудуди билан бевосита таниш мулозим Озодлик билан суҳбатда сотувга қўйилган давлат мулки фақат қуруқ ердангина иборат эмаслигини таъкидлади.

Наманган пахта терминали 1988 йилда қурилган.
Наманган пахта терминали 1988 йилда қурилган.

Пахта терминаллари "режим" корхоналари турига киритилган ва улар узлуксиз электр энергияси, сув ва бошқа зарур коммуникациялар тури билан таъминланган. Хусусан¸ Тошкент терминали ўзининг темир йул изига (ветка) эга. Коммуникация деган нарса - свет, газ, сув канализация, асфальт буларнинг катта мощностдагисини олиб келиш жуда катта пул туради, темир йул веткасиям тортиш ҳам жуда серхаражат иш. Бу ерда фақат ер сотилаëтгани йўқ. Бу ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун жуда зўр жой, ҳамма инфраструктураси бор”.

Наманган шаҳридаги бир гектар ернинг минимал сотув баҳосига оид расмий рақамлар очиқ манбаларда мавжуд эмас. Айни пайтда¸ тижорий сайтларда сотувда қўйилган Намангандаги ер участкалари нархидан келиб чиқилса¸ шаҳардаги 1.5 гектарлик ер баҳоси¸ энг қиммат ҳисоб-китобга кўра¸ 7 миллиард сўм бўлади.

Сирли ëнғин

Ўзбекистон президенти "Ўзпахтасаноат" АЖсини тугатиш¸ унинг тасарруфидаги мол-мулкни хатлаш ва ҳисоблаш қарорини имзолаганидан қарийб уч ой ўтиб¸ "Тошкент минтақавий пахта терминали"да катта ëнғин чиққан эди.

14 июнь¸ якшанба куни содир бўлган ëнғин ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси хабар берган эди.

Ҳозиргача бу ëнғин сабаби ва давлат мулкига етган зарар миқдори жамоатчиликка эълон қилинган эмас.

Бу ëнғин ҳодисаси сотувга қўйилиши март ойида аниқ бўлган мазкур терминал нархининг пасайтирилишига асос бўладими¸ деган савол ҳозирча очиқ қолмоқда.

Терминаллар нархини ким белгилади?

Озодлик иккаласи бир кунда бир нарх¸аммо 10 баравардан катта икки хил инвестициявий мажбурият билан савдога қўйилган Тошкент ва Наманган пахта терминаллари нархини ким¸ қайси мезондан келиб чиқиб баҳолаганини ўрганиш учун аввалига онлайн акцияларни ташкил этувчи e-auksion марказига боғланди.

Марказнинг Озодлик гаплашган икки мутахассиси¸ давлат объектларини сотувга қўйиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги масъул эканини айтиб¸ одатда, нархни айни агентлик белгилашини билдирди.

Озодлик гаплашган жараëнга яқин бошқа мулозим ҳам айни маълумотни такрорлади.

E-auksion - сотув платформаси. Олдин МИБ структурасида эди¸ ҳозир Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилган. Улар фақат ўзларига берилган бошланғич нархни қўйиб ким ошди, аукцион ўтказади. Улар фақат сотиш қоидаларига техник жиҳатдан риоя қилинишини таъминлайди. Давлат объектининг сотилиш нархини “Давлат мулки объектларини сотиш ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон савдолар ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра¸ Давлат активларини бошқариш агентлиги белгилайди. Жараëнга агентлик мурожаатига асосан хусусий нарх аниқловчи фирмалар жалб этилади. Бевосита пахта терминаллари нархини Давлат активларини бошқариш агентлиги ва идоралараро тугатиш комиссияси билан биргаликда аниқлаган¸ деб ўйлайман.

Давлат активларини бошқариш агенлигининг Озодлик боғланган бир эмас¸ уч нафар мулозими Тошкент ва Наманган пахта терминаллари бошланғич нархини ким¸қайси асосда белгилагани ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди.

Давлат мулки нархини сунъий пасайтириш тақиқланган

Шахси очиқланмаслиги шарти билан Озодликка гапирган Тошкент мулозими иддаосича¸ Сергелидаги 11.6 гектарлик терминални олаëтган шахс олдиндан маълум.

Унинг сўзларига кўра, "нарх-наво ана шу “қўли узун” харидор манфаатидан келиб чиқиб атайин пасайтирилган".

Кимдир олдиндан арзон нарх ва талаб қўйдирган, ким олиши аукциондан кейин билинади. Тахминимча¸ аукцион бўлиб ,нархини максимум 2 млн долларга чиқариб¸ ғолиб бўлади, кейин мана, "холис" курашда икки баробар қимматга сотилди¸ деб жар уришади. Аслида давлат ва халқ мулкини тепадагиларнинг ўзи сувтекинга хусусийлаштирмоқда”, - дея иддао қилди мулозим.

Бундай амалиëт эса, “Монополистик фаолиятни чеклаш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра¸ қатъиян тақиқланади.

Мазкур қонуннинг “МОНОПОЛИСТИК ФАОЛИЯТНИ ВА ҒИРРОМ РАҚОБАТНИ ЧЕКЛАШ ВА ТАҚИҚЛАШ» деб номланган 2-бандининг 2-моддаси “Бозордаги устунлик мавқеини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик” деб аталади.

Унга кўра¸ “мўмай фойда олиш мақсадида ҳаддан ташқари баланд нарх белгилаш ва уни сунъий равишда шундай ушлаб туриш, нархларни асоссиз равишда пасайтириш давлат томонидан бошқариб туриладиган нарх-навони бошқа йўсиндаги бузишлар; хўжалик юритувчи субъектларга уларни бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан нотенг аҳволга солиб қўядиган шартларни тиқиштириш; хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорга киришига ўзгача тўсқинлик қилиш¸ хусусан кимошди савдоларида, биржаларда ва бошқа савдоларда нархларни ошириш, сақлаб туриш ёки пасайтириш тақиқланади".

Озодлик танлов учун ариза топшириш муҳлати 17 октябрь куни тугайдиган “Тошкент минтақавий пахта терминали” нархининг олдиндан келишилган харидор манфаати учун сунъий равишда бир неча ўн бараварга пасайтириб баҳоланганига оид хавотирлар юзасидан Монополияга қарши кураш қўмитаси матбуот хизмати билан боғланди.

Озодлик саволларини раҳбарга етказиши ва жавобини Telegram орқали юборишини билдирган матбуот хизмати вакилидан кун давомида ҳеч қандай жавоб келмади.

Тошкент пахта терминалининг танловда сувтекин баҳолангани баробарида унинг савдодан кейинги тақдири ҳам¸ Озодлик гаплашган Тошкент ҳукумати мулозимига кўра¸ ҳозирданоқ хавотирга асос бермоқда.

Тошкент пахта терминали Сергели саноат зонасидаги йирик объектларга қўшни
Тошкент пахта терминали Сергели саноат зонасидаги йирик объектларга қўшни

Бу ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун жуда зўр жой, хамма инфраструктураси бор. Катта саноат объектларини бузадиган уйфурушлар қўлига тушса¸ бу ерда ҳам кўп қаватли дом қуришади фақат. Талаблар орасида бу ҳудуд асосий фаолият турини ўзгартирмасдан ишлатилсин, дейилмаган. Мамлакат ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдаги яна бир имкондан маҳрум бўлади. Энг ëмони эса¸бу Ўзбекистонда чуқур ўрнашиб бораëтган бизнес модели ва яқинда катта стратегик корхоналарни ҳам айни схемада хусусийлаштириш бошланади . Давлат ва халқ мулки тор доирадаги одамлар орасида талон-тарож бўлади".

Тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг танлов якунлари ва ғолибни танлаб олиш тўғрисидаги қарори аукционда иштирок этиш учун ариза топширишнинг сўнги муддатидан бошлаб бир ой ичида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.

Мазкур қоидага амал қилинса, “Тошкент минтақавий пахта терминали” МЧЖ ва “Наманган минтақавий пахта терминали” МЧЖсини ким¸ қанчага сотиб олгани 17 ноябрь куни жамоатчиликка очиқланиши лозим.

XS
SM
MD
LG