Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:46

"Ғишткўприк" чегара пунктидан кираётганлар Ўртасарой карантин ҳудудига жойланмоқда (ВИДЕО)


Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги чегара ўтказиш пункти, 2020
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги чегара ўтказиш пункти, 2020

8 июлдан тўлиқ режимда ишлай бошлаган Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги "Ғишткўприк" чегара ўтказиш пунктидан кунига 400 нафар атрофида ватандош киритилмоқда.

Бу ҳақда чегарадан репортаж ҳозирлаган Kun.uz нашри хабар қилди.

Хабарда айтилишича, чегарадан ўтказилаётганлар автобусларда Йўл-патрул хизмати ва Миллий Гвардия ходимлари назорати остида Зангиота туманидаги Ўртасарой карантин ҳудудига жойлаштирилмоқда.

Telegram тармоғида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида очилган Koronavirus Info канали 12 июль куни, "Ғишткўприк" чегара ўтказиш пункти шахсан президент топшириғи билан очилганини хабар қилди:

"Июль ойи бошида Қозоғистон билан чегарадаги "Ғишткўприк" пости қисман ёпилгани сабабли 4 мингдан ортиқ ватандош бир неча кун ҳеч қандай шароитсиз яшашга мажбур бўлди. Давлат раҳбари топшириғи билан 8 июлдан ўтказиш пункти очилди".

Ушбу хабарга, чегара пункти яқинида Ўзбекистонга киролмай қуруқ ерда, тиқилинч аҳволда навбат кутиб, тунаётганларнинг аянчли аҳволи акс этган видео илова қилинди:

Жорий йилнинг 8-9 июль кунлари қозоқ-ўзбек чегарасидаги “Жибек жўли” – “Ғишткўприк” назорат-ўтказиш пунктидан 3746 нафар ўзбекистонлик юртига ўтказилгани ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

ТИВ Оператив штаби маълумотларига кўра, техник муаммолар туфайли қозоқ-ўзбек чегарасидан ўзбекистонликларни ўтказиш чекланган миқдорда амалга оширилган. Бу ҳолат чегарада 3000 га яқин ўзбекистонлик тўпланиб қолишига сабаб бўлган.

Ўтган ҳафта эса чегара маскани олдида Қозоғистонга пул топиш учун келган ўзбекистонлик ва тожикистонликлар йиғилиб қолгани, чегара ёпиқлиги туфайли улар уйларига қайта олмаётгани, бу вазиятга Тожикистон ва Қозоғистон ҳукумати вакиллари аралашгани кузатилган эди.

XS
SM
MD
LG