Линклар

Шошилинч хабар
18 сентябр 2019, Тошкент вақти: 09:53

Халқаро янгиликлар

Қозоғистондаги аксилхитой норозиликлар фонида Тоқаев Пекинга сафар қилди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 10 сентябрь куни икки кунлик ташриф билан Хитойга келди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 10 сентябрь куни икки кунлик ташриф билан Хитойга келди. Шу куни Facebook’даги саҳифасида президентнинг матбуот котиби Берик Курмангали Тоқаев Қозоғистон-Хитой ишбилармонлар кенгашининг олтинчи мажлиси очилишида иштирок этиши борасида хабар берди.

Шунингдек, унинг Хитой раиси Си Цзиньпин ва Хитой Давлат Кенгаши бош вазири Ли Кэцян билан музокоралар олиб бориши, шунингдек Хитой сиёсатчилари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказиши режалаштирилган, дея хабар берди матбуот котиби.

Президент этиб сайланганидан кейинги Тоқаевнинг Хитойга илк ташрифи ўтган ҳафта Қозоғистон шаҳарларида Хитой билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳаларга қарши чиқишлар фонида бошланди.

2011 йилда меҳнат шароитларини яхшиланишини талаб қилиб норозилик ўтказган нефтчилар намойиши бостирилган Қозоғистоннинг Мангистау вилоятидаги Жанаўзен шаҳрида 2 сентябр куни кўчаларга юзлаб одамлар чиқди. Улар Тоқаев 11–12 сентябрга режалаштирган Хитойга сафарини бекор қилишини талаб қилдилар. Олмаота, Нур-Султон, Ақтўбе ва Чимкент шаҳарларида ўтган ҳафтада кам сонли иштирокчилар бирдамлик акциясини ўтказдилар.

Намойишчилар, жумладан Қозоғистон расмийларига мурожаат қилиб Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги ва саноатда 55та корхона қуришни назарда тутган Қозоғистон-Хитой хукуматлараро Шартномасиниг ҳаётга татбиқ этилишидан воз кечишга чақирдилар. Намойишчилар Жанаўзенда 9 сентябрь куни шаҳар майдонида яна тўланиб «Хитой экспансиясига йўл қўйиб бўлмаслик» лозимлигини айтишди. Намойиш иштирокчилари мамлакат Ғарбдан инвестиция олиши керак дея чақириқ билан чиқишди.

Кун янгиликлари

Молдовада Россия журналисти 1 миллиард долларни ўғирлашга алоқадорликда айбланиб қўлга олинди

Россиянинг “Спутник” ахборот агентлиги молдован шўъбаси бош муҳаррири Владимир Новосадюк.

Молдова коррупцияга қарши кураш хизмати Россиянинг “Спутник” ахборот агентлиги ва радиоси молдован шўъбаси бош муҳаррири Владимир Новосадюкни бир миллиард долларни ноқонуний равишда ўзлаштириб олишга алоқадорликда гумонлаб қўлга олди.

Бош прокуратура Владимир Новосадюкнинг уйи тинтув қилинганини, унга нисбатан тергов бошланганини билдирди.

“Блокнот” нашрининг исми айтилмаган манбага таяниб хабар беришича, Новосадюкнинг уйидан Молдова ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари пора олаётгани тасвирланган видеоматериаллар ҳам топилган.

2014 йилнинг ноябрида Миллий банк республикдагаи учта банк сайловлар оолдидан бир миллиард доллар пул ўтказганини аниқлаган эди. Бу пул Молдова ялпи ички маҳсулотининг 12,5 фоизини ташкил қилади.

Терговнинг билдиришича, бу пулларнинг бир қисми Россияга олиб чиқиб кетилган. 2016 йилда мазкур жиноятга алоқадорликда айбланиб Бош вазир Владимир Филат қамоққа олинган эди.

Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари чегарадаги вазиятни муҳокама қилди

Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари 17 сентябрда учрашди.

Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари 17 сентябрь куни икки давлат ўртасидаги “Қизил Бел” чегара назорат-ўтказиш пунктида учрашди ва 16 сентябрь кунги отишмадан сўнг юзага келган вазиятни муҳокама қилди.

Бош вазирлар Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида келажакда бундай низоларнинг олдини олиш учун чегараларни аниқлаш жараёнини фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Бундан ташқари томонлар чегара масаласида икки давлат ўртасида имзоланган шартномаларга амал қилиш ва аҳоли орасида тушунтириш ишларини ўтказиш мажбуриятини олдилар.

17 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари бир-бирларига норозилик ноталарини топширган эдилар.

16 сентябрь куни кечқурун Қирғизистоннинг Лайлак ва Тожикистоннинг Бобожон Ғофур тумани чегарасида икки ярим соат отишма бўлган эди.

Отишма оқибатида Тожикистоннинг уч нафар, Қирғизистоннинг бир нафар ҳарбийси ҳалок бўлган. 12 нафар тожикистонлик ва 13 нафар қирғизистонлик яраланган. Томонлар ҳодисада бир-бирини айбламоқда.

Майк Пенс: АҚШ ҳарбийлари иттифоқчилар манфаатини ҳимоя қилишга тайёр

АҚШ вице-президенти Майк Пенс.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс Америка ҳарбийлари “иттифоқчилар манфаатини ҳимоя қилишга тайёр” эканини ва Давлат котиби Майк Помпео нефть конларига қилинган ҳужумга жавоб қайтариш чораларини муҳокама қилиш учун шу ҳафта охирида Саудия Арабистонига боришини маълум қилди.

17 сентябрь куни Вашингтондаги Heritage Foundation таҳлил марказида нутқ сўзлаган Майк Пенсга кўра, АҚШ Саудия нефть конларига қилинган ҳужум ортида Эрон турганлигини исботловчи ҳужжатларни ўрганмоқда.

Эрон ушбу ҳужумга алоқаси борлигини рад этмоқда, аммо Яманнинг Теҳрон қўллаб-қувватлаётган хутий шиа исёнчилари гуруҳи ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

14 сентябрда дронлар воситасида Саудиянинг нефть конларига қилинган ҳужум оқибатида дунёда нефть қазиб олиш ҳажми 5 фоизга қисқарди, жаҳон бозорида нефть нархи эса 19 фоиз ортиб кетди.

АҚШ ва Беларусь элчиларни Минск ва Вашингтонгга қайтаришга келишиб олди

АҚШ дипломатлари Минскни 2008 йилда тарк этган эди.

Қўшма Штатлар ва Беларусь 11 йиллик танаффусдан сўнг Минск ва Беларусдаги дипломатик ваколатхоналарни элчилар даражасида қайта тиклашга келишиб олди.

“Биз муносабатларимизни яхшилаш учун кейинги қадам қаторида элчилар билан алмашинишга тайёрлигимизини билдириш мен учун фахрдир”, деди 17 сентябрь куни АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл.

У Беларусь президенти Александр Лукашенка ва ташқи ишлар вазири Владимир Макей билан Минскда учрашди.

Ўтган ойда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Беларусга ишчи сафар билан келган эди. У сўнгги йигирма йилда Беларусга келган энг юқори мартабали Оқ Уй расмийси бўлди.

2008 йилда АҚШ Беларусда инсон ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётгани ортидан санкциялар жорий этган эди. Бунинг ортидан Беларусь АҚШ элчихонаси ходимлари сонини 35 нафардан 5 нафарга қисқартирган, элчи ўрнига мухтор вакил тақинланган. 2019 йил январида Минск АҚШ дипломатик ваколатхонасига қўйилган чекловлар олиб ташланганини билдирган эди.

Қозоғистон жанубидаги Жамбул вилоятида тўрт одамнинг куйдиргига чалингани аниқланди

Куйдирги вируси одамга асосан уй ҳайвонларидан юқади.

Жамбул вилояти соғлиқни сақлаш идораси расмийларининг 17 сентябрь куни билдиришича¸ бу тўрт бемор билан бевосита контактда бўлган яна 44 одам махсус тиббий кузатув остига олинган.

Расмийларга кўра¸ куйдиргига чалинганлар бу касаллик вирусини бир неча кун олдин сўйилган мол гўштини истеъмол қилиш воситасида юқтирган.

Ўтган ой Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрига яқин қишлоқлардан бири аҳолиси орасида куйдирги инфекцияси борлиги аниқланиши ортидан¸ бу қишлоқ карантинга олинган эди.

19 август куни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Нур-Султон шаҳридан 100 километр масофада жойлашган Олгинка қишлоғида яшовчилардан тўрттасининг куйдиргига чалингани тасдиқланганини билдирган эди.

2016 йили Қарағанда вилоятида икки одамнинг куйдиргидан ўлгани айтилган эди.

Асосан қорамол ва қўй-эчки каби уй ҳайвонларида учрайдиган куйдирги вируси тупроқ¸ ўсимлик ва сув орқали ҳам одамга юқиши мумкин.

Афғон президенти қатнашган сайловолди тадбиридаги портлашда ўнлаб одам ўлди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани қатнашган сайловолди намойишида юз берган портлаш оқибатида камида 24 одам ўлди¸ 31 нафари яраланди.

Портлаш Кобул шимолидаги Парван вилояти маркази Чорикор шаҳрида юз берди. Айтилишича¸ президент Ғанига зиëн етмаган.

Толибон қўмондонлари халқни 28 сентябрга белгиланган президентлик сайловларида қатнашишдан қайтариш мақсадида Афғонистон ҳукумати ва хориж ҳарбийларига ҳужумларни кучайтиришини эълон қилган.

Сайловда Ашраф Ғани иккинчи муддат президентликка даъвогарлик қилмоқда.

Айни пайтда¸ сешанба куни пойтахт Кобулда юз берган ҳужум оқибатида камида олти одам ўлди. Бу ҳужум учун ҳам ҳозирча ҳеч ким жавобгарликни зиммасига олмади.

Коррупцияда айбланган Туркманистон собиқ Савдо вазири қамоққа ҳукм қилинди

Коррупцияда айбланиб судланган туркман амалдорлари.

Туркманистон савдо ва ташқи алоқалар вазири Амандурди Ишанов ишдан бўшатилганидан бир неча кун ўтгач коррупцияда айбланиб, суд томонидан қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Туркманистон телеканалларида қўлига кишан солинган бир неча одам, жумладан, Ишановнинг суд залида ўтиргани тўғрисида лавҳа кўрсатилди¸ аммо собиқ вазирнинг неча йилга қамалгани расман айтилмади.

Бош прокурор Батир Атдаев, Ишановнинг 13 сентябрь куни коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганлигини омма олдида тан олганини билдирган. Бош прокурорга кўра, Ишанов бу жиноятларни таниқли тадбиркор Чоримуҳаммед Кулов ва қатор ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари билан ҳамкорликда амалга оширган.

Хабарларда суднинг қачон ва қаерда ўтказилгани, ҳукм тафсилотлари айтилмаган.

Туркманистонлик кузатувчилар ўз номларини айтмаслик шарти билан Озодлик радиосига “бу каби оммавий тан олишлар” ҳукумат коррупцияга қарши курашаётганини “намойиш этиш учун уюштирилган спектаклларга ўхшайди”, деб фикр билдирдилар.

Ингушетияда Олий суд қарори билан муфтият тугатилди

Ингушетияда қурилаётган масжидлардан бири.

Россиянинг Ингушетия Республикасида Олий суд қарори билан муфтият тарқатиб юборилди. Республика Адлия вазирлиги муфтиятни тугатиш тўғрисида Олий судга даъво аризаси киритган эди.

"Интерфакс-Юг" агентлиги муфтиятни тугатиш қарори Россия Адлия вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилганини ёзди.

2015 йилда Ингушетия президенти Юнус-Бек Евкуров муфтият фаолиятини кескин танқид қилган ва муфтий Хамхоевга истеъфо беришни, унинг ўрнига янги муфтийни сайлашни таклиф қилганди.

Хамхоев 15 йилдан ортиқ вақт давомида Ингушетия муфтийси бўлган ва 2014 йилда учинчи марта муфтийликка сайланган эди. Жорий йилнинг 17 июлида эса унинг ўрнинга Ингушетия қозиятини 20 йил бошқарган Абдураҳмон Мартазанов сайланган.

Июль ойининг бошида муфтият уламолар кенгаши Россия бош прокурори Юрий Чайкага диний идорада ўтказилган тафтишларнинг нақадар қонунийлигини ўрганиш илтимоси билан мурожаат қилган эди.

Украинанинг иккинчи энг йирик шаҳрида ўтказилган ЛГБТ паради давомида 17 киши қўлга олинди

Украинанинг иккинчи йирик шаҳри - Харьковда минглаб ЛГБТ (лесбиянлар, гомосексуаллар, бисексуаллар ва трансгендерлар) вакиллари ва уларни қўлловчилар шаҳар тарихида илк марта ЛГБТ парадидан ўтди.

15 сентябрь куни ўтказилган парад якунига яқин ўнг-қанот намойишчилар полиция билан тўқнашди. Хабарларга кўра, ушбу ҳолат бўйича 17 одам қўлга олинган. Қўлга олинганларнинг икки нафари полиция ходимига ҳужум қилишда, яна бири эса полициячиларга кўзни ёшлантирувчи газ сепишда айбланмоқда.

2 мингга яқин одам қатнашгани айтилаётган парад Украинада кейинги йилларда ўтказилган энг йирик ЛГБТ тадбирларнинг бири бўлди. Мамлакатда ЛГБТ фаоллар жинсий озчиликлар тан олинишга ва уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига эришиш учун курашиб келади.

Парад шаҳар мери Ҳеннадий Кернеснинг уюштирувчилар жавобгарликка тортилиши ҳақидаги таҳдидларига қарамай ўтказилди. Консерватив фаоллар парад уюштириладиган бўлса, зўравонлик билан жавоб беришларини айтиб таҳдид қилган эди.

Amnesty International каби халқаро ташкилотлар Украина расмийларини қатнашувчилар хавфсизлигини таъминлашга чорлади.

Аммо икки соатча давом этган парад хавфсизлик хавотирлари туфайли шаҳар майдонларидан бирида ўтказилди.

1 киши ҳалок бўлди, 3 киши касалхонада - Қозоғистонда поезд автобусни уриб кетди

Воқеа жойидан олинган сурат

15 сентябрь куни кечқурун Олмаота вилоятининг Шамалган станциясида поезд автобус билан тўқнашиб кетди. Йўл транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди, автобуснинг уч йўловчиси шифохонага ётқизилди.

16 сентябрга ўтар кечаси Шамалганнинг ўнлаб аҳолиси темир йўлни тўсиб қўйишди ва бу ерга кўприк қуришни талаб қилди.

Расмий идораларнинг хабар қилишича, автобус ҳайдовчиси тақиқлов сигналига қарамай темир йўлдан ўтган ва катта тезликда ҳаракат қилаётган поезд автобусга келиб урилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоёзувларда ўтишдаги тирбандлик, туширилган шлагбаум, семафорнинг қизил сигнали ва йўлда туриб қолган автобус акс этган. Айрим гувоҳларнинг сўзларига қараганда, ҳайдовчи автобусни ўрнидан қўзғата олмаган ва шу тариқа йўл бўшатилмаган, чунки автобуснинг олдида автомобиллар бор эди.

Фожиа оқибатида автобус ҳайдовчиси вафот этди. Дастлабки маълумотларга кўра, 1979 йилда туғилган ҳайдовчининг исми Бахитжан эди. Расмий маълумотларга кўра, Каскелен шифохонасига бир аёл ва икки бола (2014 ва 2016 йилда туғилган) ётқизилди.

АҚШда General Motors ширкатининг 49 минг ишчиси иш ташлади

General Motors логотипи ва АҚШ байроғи.

АҚШ автомобилчиларининг бирлашган касаба уюшмаси General Motors ширкатининг соатбай ҳақ олувчи 49 минг ишчиси якшанба куни ярим тундан иш ташлашини маълум қилди.

Хабарда ширкат раҳбарияти билан коллектив шартнома бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани айтилади. Reuters агентлигининг билдиришича, General Motors ишчилари сўнгги 12 йилда биринчи марта иш ташламоқда.

Якшанба куни эрталаб дастлаб General Motors ширкатининг 850 ходими иш ташлаганди.

Касаба уюшмаси General Motors ширкатининг Огайо ва Мичиган штатларида автомобиль йиғиш заводларини ёпиш режасига қарши чиқмоқда ва ширкат Шимолий Америкада сўнгги йилларда рекорд даражада даромад олгани ортидан ишчи-ходимлар ойликлари оширилишини талаб қилмоқда.

Ҳонконгда норозилар намойишга АҚШ ва Британия байроқларини кўтариб чиқди

Ҳонконгда 15 сентябрда намойишга чиққанлар.

Ҳонконгда 15 сентябрь куни норозилар ва полиция ўртасида навбатдаги тўқнашув содир этилди. Полиция ҳукумат биноси олдига йиғилган норозилар «Молотов коктейл»лари отганига жавобан кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни қўллашга мажбур бўлди.

Полиция тақиқига қарамай, минглаб одамлар Ҳонконг марказида АҚШ ва Британия байроқларини кўтариб намойишга чиқди. Улар Ҳонгконг ҳукуматидан демократик ислоҳотларни ўтказишни талаб қилдилар.

Норозилар Британия элчихонаси олдида «Худо, қироличани ўз паноҳингда асра» қўшиғини ижро этдилар. Юзлаб норозилар ҳукумат идораларини тошбўрон қилдилар.

Ҳозирча жабрланганлар ва қўлга олинганлар тўғрисида маълумот йўқ.

Ҳонконгда намойишлар 14 ҳафта аввал жиноят қилганларни Хитойга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилина бошлангани ортидан бошланиб кетган эди.

Миллионлаб одамлар намойишга чиқиши оқибатида Ҳонконг маъмурияти қонун муҳокамасини тўхтатган. Бироқ норозилик намойишлари тўхтамади. Эндиликда норозилар Хитойдан Ҳонконгга кўпроқ эркинликлар ва демократия берилишини талаб қилмоқда.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Туркия С-400 тизими компонентларининг иккинчи партиясини қабул қилиб олди

С-400 зенит-ракета комплекси.

Туркия Россиядан сотиб олинган С-400 зенит-ракета тизими компонентларининг иккинчи партиясини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги 15 сентябрь куни хабар берди.

Россия билан имзоланган шартномага асосан Туркияга зенит-ракета комплексининг тўртта дивизиони етказиб берилиши лозим.

Туркия Қуролли Кучлари бу тизимдан 2020 йилнинг апрель ойидан фойдалана бошлаши режалаштирилган. Бу вақтгача Россия ҳарбийлари турк ҳамкасбларини С-400дан фойдаланишга ўргатади.

Туркияга C-400 тизимини етказиб беришнинг биринчи босқичи июль ойида якунланган эди.

Қўшма Штатлар Туркия Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олгани учун Анқарага F-35 қирувчи учоқлар етказиб беришни тўхтатган эди.

Толибон Халқаро Қизил Ҳоч ташкилотига қўйилган тўсиқни бекор қилди

Халқаро Қизил Ҳоч ва Қизил Ярим Ой ташкилоти логотипи.

Толибон 15 сентябрь куни Афғонистонда Халқаро Қизил Ҳоч ташкилоти фаолиятига ҳаракат томонидан қўйилган тақиқ бекор қилинганини ва гуманитар миссияни амалга ошираётган мазкур ташкилот хавфсизлигига даҳл қилинмаслигини билдирди.

«Ислом амирлиги Халқаро Қизил Ҳоч ташкилотига берилган аввалги хавфсизлик кафолатларини қайта тиклади ва барча мужоҳидларга ташкилот фаолиятига тўсқинлик қилмасликка, ташкилот ходимларининг хавфсизлигини таъминлашга кўрсатма беради”, дейилади Толибон баёнотида.

Халқаро Қизил Ҳоч расмийлари 15 сентябрдан бошлаб Афғонистонда ўз фаолиятини қайта тиклаганини маълум қилди.

Толибон Халқаро Қизил Ҳоч ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти фаолиятини апрель ойида тақиқлаган эди. Толибон бунга «мазкур ташкилотлар шубҳали эмлаш фаолияти билан шуғулланаётгани»ни сабаб қилиб кўрсатганди.

Толибон баёнотида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳақида гапирилмаган. Мазкур ташкилот Афғонистонда полиомиелитга қарши эмлаш олиб бораётган эди.

Трамп: Саудиядаги нефть конларига қилинган ҳужум учун Вашингтон жавоб қайтаришга тайёр

14 сентябрь куни қилинган дрон ҳужумлари оқибатида ёнаётган нефть конлари.

АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистони нефть конларига 14 сентябрь куни қилинган дрон ҳужумларига Вашингтон жавоб қайтаришга тайёр эканини билдирди. Мазкур ҳужум оқибатида Саудиядаги нефть конларининг деярли ярми ишламай қолган эди.

“Саудия Арабистони нефть конлари ҳужумга учради. Биз ҳужумни ким уюштирганини биламиз, деб айтиш учун асосга эга эмасмиз. Бироқ биз бу масалада Саудия Арабистонидан уларнинг наздида бу ҳужумни ким уюштирган бўлиши мумкин” ва “қандай шартлар асосида ҳаракат қиламиз” деган саволларга жавоб кутаяпмиз”, деб ёзди Трамп 15 сентябрь куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

Аввалроқ Саудиянинг нефть конларига ўнта дрон билан қилинган ҳужум учун масъулиятни Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган Хутий шиа исёнчи гуруҳи ўз зиммасига олгани хабар қилинган эди.

Трампнинг катта маслаҳатчиси Келлианн Конуэй 15 сентябрда Fox News телеканалига берган интервьюсида:

-Давлат котиби Майк Помпео аниқ мужда бердики, аҳоли пунктлари ва инфраструктураларга қилинган ҳужум учун Эрон режими масъулдир,-деб айтди.

Саудиянинг Saudi Aramco давлат нефть ширкатининг билдиришича, 14 сентябрдаги ҳужум оқибатида қиролликда нефть қазиб олиш ҳажми икки баробарга қисқарди ва кунига 5 миллион 700 минг баррелни ташкил қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳи: Донбассдаги мактабларда украин тили йўқ қилинмоқда

Украина шарқида россияпараст айирмачилар бошқарувида бўлган ҳудудлардаги мактабларда украин тилини ўқитиш деярли йўқ қилинган.

Бу ҳақда Харьков инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи билдирди.

Донецклик журналист Дмитро Дурнев ҳисоботига таянган ҳолда гуруҳ украин тилини ўқитиш 2014-2016 йилларда кескин қисқартирилгани ёки бутунлай йўқ қилинганини хабар қилди.

“Бу ошкора руслаштириш дастури”, дейилади гуруҳ баёнотида.

Россия Украинадан аннексия қилиб олган Қрим яриморолида ҳам айни ҳолат кузатилмоқда. Қримда 2014 йилдан бери украин тилидаги жами 7 мактаб ёпилган. Шунингдек, Кремль бошқарувидаги расмийлар қримтатар тилида таҳсил бериладиган мактаблар сонини ҳам кескин озайтирган.

Харьков инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳига кўра, Донбасснинг Киев бошқарувида бўлмаган ҳудудларида ўқувчилар ҳафтасига бир соат украин тилини ўрганади. Рус тили учун эса беш ёки олти соат ажратилган, бошқа фанлар ҳам рус тилида ўқитилади.

Кремль дастаклаб келаётган маҳаллий расмийлар бу ўзгаришларга маҳаллий аҳоли талаблари сабаб бўлганини айтиб келади.

Вашингтон Саудия нефть заводларига қилинган дрон ҳужумларида Эронни айблади

14 сентябрь куни дронлар ёрдамида амалга оширилган 10 ҳужум натижасида Саудия Арабистонининг нефть ишлаб чиқариш қобилияти икки баробарга озайди.

АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турибди, деб баёнот берди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон глобал энергия тармоқларига “мисли кўрилмаган ҳужумлар” бошлади, деб таъкидлади.

Республикачи сенатор Линдси Грэм Эрон “провокацияларни давом эттирса” ёки уранни бойитишни тўхтатмаса, Эрон нефть заводларига ҳужум қилиш ҳақида ўйлаш вақти келганини айтди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аббос Мусавий эса ҳужумларга Эроннинг алоқаси йўқлигини айтган. Мусавий ушбу ҳолат юзасидан баённома эълон қилиб, унда мазкур айбловлар Эронга қарши бўлғуси ҳужумларга баҳона бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Саудия Арабистони шарқида амалга оширилган ҳужумлар учун масъулиятни Эрон қўллаб келаётган шиа Ҳути исёнчилари ўз бўйнига олди.

Хабарларга кўра, ҳужум ортидан Саудия Арабистонида бир кунда нефть қазиб олиш кўлами 5,7 миллион баррелга озайган.

Трамп Усома бин Лодиннинг ўғли ўлдирилганини тасдиқлади

Ҳамза бин Лодин - “Ал Қоида” террор ташкилоти асосчиси Усома бин Лодиннинг ўғли

АҚШ президенти Дональд Трамп “Ал Қоида” террор ташкилоти асосчиси Усома бин Лодиннинг ўғли - Ҳамза бин Лодин Афғонистон-Покистон чегарасида амалга оширилган ҳарбий амалиёт давомида ўлдирилганини тасдиқлади.

Оқ уй 14 сентябрь куни эълон қилган билдирувда “Ҳамза бин Лодиннинг ўлими “Ал Қоида”гуруҳини муҳим етакчи ва отаси Усама бин Лодин билан рамзий алоқадан айирибгина қолмай, гуруҳнинг минтақадаги фаолиятига ҳам путур етказади”, дейилади.

31 июль куни айрим матбуот нашрлари АҚШ разведкаси расмийларига таянган ҳолда Ҳамза Бин Лодин ҳалок бўлганини хабар қилган эди. Аммо бу хабарларда бин Лодин қачон, қаерда ўлгани тафсилотлари берилмади.

Ҳамза Бин Лодин Усома Бин Лодиннинг 20 боласи орасида 15-сидир. Ҳамзанинг ўлган пайтида 30 ёшда бўлгани айтилмоқда.

Февраль ойида АҚШ ҳукумати Ҳамза Бин Лодин боши учун 1 миллион доллар мукофот эълон қилган.

Айтилишича, Ҳамза мусулмонларни АҚШ ва бошқа давлатларга қарши ҳужумга чорлаб, аудио ва видео ёзувларни эълон қилган. Хусусан, у ўз мурожаатларида диндошларини отаси 2011 йилда АҚШ томонидан ўлдирилгани учун қасос олишга чорлаган.

Саудия Арабистони нефт конларида дрон ҳужуми оқибатида ёнғин келиб чиқди

Саудия Арабистони ҳукуматига қарашли бўлган Aramco нефт компанияси ҳозирча ёнғин юзасидан журналистлар саволларига жавоб бермаётир.

14 сентябр кунига ўтар кечаси Саудия Арабистонининг иккита йирик нефт конида ёнғин содир бўлди.

Мамлакат Ички ишлар вазирлигига кўра, ёнғинга дрон ҳужумлари сабаб бўлган.

Букайкдаги нефт конлари дунёдаги энг йирик конлардан саналади. Форс кўрфази орқали дунё бозорига олиб чиқиладиган нефтнинг катта улуши шу конлар хиссасига тўғри келади.

Саудия Арабистони ҳукуматига қарашли бўлган Aramco нефт компанияси ҳозирча ёнғин юзасидан журналистлар саволларига жавоб бермаётир.

Саудия Арабистонидаги нефт конларига дрон ҳужуми биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Шу йилнинг май ойида Саудия Арабистонидаги “Шарқ – Ғарб” нефт қувурининг иккита насос станциясига дронлар ҳужум қилган, оқибатда 8 станцияда ёнғин содир бўлган, лекин у тезда ўчирилган эди.

Ўшанда ҳужумни Эрон тарафидан дастакланувчи Ямандаги ҳусит жангарилари уюштиргани айтилганди.

"Толибон" делегацияси АҚШ билан музокаралар барбод бўлиши ортидан Москвага келди

Гарчи "Толибон" Россияда расман террорчи ташкилот деб эълон қилинган эса-да, ушбу ташкилот делегацияси Москвага биринчи марта сафар қилаётгани йўқ.

Толиблар делегацияси АҚШ билан музокаралар барбод бўлиши ортидан Москвага келди.

Делегация жума куни Москвада Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов билан учрашди.

“Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий офиси расмий вакили Муҳаммад Суҳайлга кўра, учрашувда Афғонистондаги тинчлик жараёнлари мухокама қилинган.

Бир неча кун аввал АҚШ президенти Дональд Трамп "Толибон" делегацияси билан Вашингтон чеккасидаги Кэмп Дэвид базасида бўлиши режалаштирилган учрашувни бекор қилган эди.

Толиблар Афғонистондаги навбатдаги теракт учун жавобгарликни зиммасига олганидан сўнг Трамп “Толибон” билан тинчлик музокаралари ўтказиш бекор қилинганини билдирганди.

Гарчи "Толибон" Россияда расман террорчи ташкилот деб эълон қилинган эса-да, ушбу ташкилот делегацияси Москвага биринчи марта сафар қилаётгани йўқ.

Шнобель мукофотлари топширилди. Пули - 10 триллион Зимбабве доллари

Шнобель мукофотини топшириш маросими бошловчиси Марк Абраҳам. 2019, 12 сентябрь.

Ҳарвард университетида Шнобель мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Илм-фаннинг 10 соҳаси бўйича энг бемаъни кашфиётлар учун ҳар йили бериладиган бу мукофот бу йил 29- марта топширилди.

Шнобель мукофотига бу йил сазовор бўлганлар орасида Буюк Британия, Саудия Арабистони, АҚШ ва Сингапурлик олимлар бор. Улар одам қитиқлашдан оладиган роҳат миқдорини ўлчашга уринган.

Эронлик олим эса, гўдаклар кўтлигини алмаштирадиган мослама ясагани учун олди.

Италиялик олим очган кашфиётга ишониладиган бўлса, пицца кўплаб касалликлар учун доридир. Фақат бунинг учун пицца Италияда пиширилган бўлиши шарт.

Шнобель мукофотини Нобель мукофоти соҳиблари топширади. Ғолиблар қаҳва қадағи, бир қути сақич, бир қути сигарет ва тиш чўткаси олади. Шунингдек, ғолибларга 10 триллион Зимбабве доллари берилади. Бу пул АҚШнинг 40 центига тенг.

HRW удмурт олимининг ҳалок бўлгани ортидан Москвани бошқа тилларни камситмасликка чақирди

Ижевск шаҳрида 10 сентябрь куни ўзига ўт қўйган 79 ёшли удмурт олими Альберт Разин.

Москванинг тил сиёсатидан норозилик билдириб миллати удмурт олимнинг ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлгани ортидан Хьюман Райтс Вотч (HRW) ташкилоти Россия ҳукуматини мамлакатдаги миллий озчиликлар дуч келаётган “чуқур илдиз отган муаммоларни” ҳал қилишга чақирди.

“Россия бошқа тилларнинг бевосита ёки билвосита камситилишини бартараф этиш учун ўзининг тил сиёсатини қайта кўриб чиқиши ва тиллар ранг-баранглигини йўқотадиган сиёсатидан воз кечиши лозим” дейилади ташкилот баёнотида.

Ўз она тилининг ҳимояси учун Россиянинг Удмуртия Республикаси пойтахти Ижевск шаҳрида 10 сентябрь куни ўзига ўт қўйган 79 ёшли удмурт олими Альберт Разин касалхонада оламдан ўтди.

Альберт Разин Ижевск парламенти биноси олдида “Тилим эртага ўладиган бўлса, мен бугун ўлишга тайёрман” ҳамда “Менинг ватаним борми?” деб ёзилган плакатларни кўтариб пикет ўтказган ва ўзига ўт қўйган эди. Тергов қўмитаси ҳодиса бўйича иш қўзғади.

Разин танасининг деярли 100 фоизи куйиб кетган ва у оғир аҳволда шифохона ётқизилган. Бу ҳодисадан кейин Удмуртия парламенти режалаштирилган сессиясини кейинга қолдирган.

Разин маҳаллий тилларни ўқитиш бўйича қонун лойиҳасига қарши Удмуртия парламентига мактуб юборган фаоллар орасида бўлган. Ушбу қонун лойиҳаси Россиядаги этник озчиликлар норозилигига сабаб бўлиб келади.

Ёқутистонда маҳаллий аёлни зўрлаганликда айбланган қирғизистонликлар судланди

Ëқутистон ҳукумати раҳбари Айсен Николаев 18 март кунги аксилмуҳожир митингида.

Қирғизистоннинг уч нафар фуқароси Россиянинг Саха-Ёқутистон республикасида март ойида маҳаллий аёлни жинсий зўрлаганликда айбдор деб топилди.

Судланганлардан бири 11 сентябрда ўтган жараёнда қизни ўғирлашда ва зўрлашда айбдор деб топилди ва 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Қолган икки қирғизистонлик қизни ўз ихтиёрига қарши ушлаб турганликда ҳамда зўрлашда айбланди. Улардан бири тўрт йилга, иккинчиси эса 6 йилга қамалди.

Ёқутистон пойтахти Якутск шаҳрида март ойида юз берган бу зўравонлик ҳолати ортидан катта норозилик тўлқини бошланиб кетган эди.

17 март куни бошланган ва бир ҳафтадан кўпроқ давом этган аксилмуҳожир чиқишларидан кейин 27 март куни Ёқутистон ҳукумати раҳбари Айсен Николаев меҳнат муҳожирларини минтақада ишга қабул қилишни тақиқловчи қарор қабул қилган эди. Норозилар эса муҳожирларни республикадан бадарға этишни талаб қилганлар.

Суриядаги қочқинлар лагерида 575 нафар тожикистонлик аёл ва бола бор

Суриядаги қочқинлар лагерларидан бири.

Тожикистон ҳукуматидаги манба Озодлик радиоси тожик хизматига Суриядаги қочқинлар лагерларида “Ислом давлати” гуруҳи сафларида жанг қилганларнинг оилаларига мансуб бўлган 575 нафар аёл ва бола жон сақлаётгани ҳақида маълумот берди.

Ўз номи айтилишини истамаган манба 12 сентябрь куни радиога тожик қочқинларининг асосий қисми Сурия шимоли-шарқидаги Ал Хол лагерида эканини билдирди.

“Улардан 90 нафарга яқини аёл, 200 нафари қиз ва 240 нафари ўғил боладир. Айримларининг ёши бирга ҳам тўлмаган, болаларнинг кўпчилиги етимдир”, деди манба.

Унга кўра, 2019 йил бошида Боғхуз шаҳри “Ислом давлати” жангариларидан озод қилинганидан сўнг бу лагерда тожикистонликлар пайдо бўлган.

БМТнинг Сурия бўйича комиссияси 11 сентябрь куни Ал Хол лагеридаги вазиятни “ўта ачинарли”, деб баҳолаган ҳамда бу лагердаги 3500 нафар бола ҳеч қандай ҳужжатларга эга эмаслигини маълум қилиб, бунинг ортидан улар фуқароликдан маҳрум бўлиб қолишлари мумкинлигидан ташвиш билдирган эди.

Комиссия раиси Пауло Пиньейру "Ал Хол лагерида 70 минг одам ўта ачинарли ва ўта ноинсоний шароитларда яшамоқда. Уларнинг асосий қисми аёллар ва 12 ёшгача бўлган болалардир”, деб айтди.

Унга кўра, кўп давлатлар “12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар экстремистик мафкура билан боғлиқ бўлиши эҳтимол” деган сабаб билан уларни ўз ватанларига олиб кетишни истамаяпти.

АҚШ Россиядан яширинча олиб чиқиб кетгани айтилаётган агент масаласида Москва Интерполга мурожаат қилди

Олег Смоленковнинг Виржиниядаги уйи.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШда Россия президенти маъмуриятининг собиқ ходими Олег Смоленков топилгани муносабати билан Интерполга мурожаат қилди. Аввалроқ қатор нашрлар Олег Смоленков Марказий Разведка Бошқармаси агенти бўлганини тахмин қилган эдилар.

New York Times, CNN ва The Washington Post 9 сентябрь куни Марказий Разведка Бошқармаси 2017 йилда президент Путин ва унинг 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига аралашуви тўғрисида қимматли ва махфий маълумотларни етказиб берган агентини Россиядан яширин равишда олиб чиқиб кетганини хабар қилганди.

Расман билдирилишича, Смоленков Россияда бедарак йўқолган шахс мақомида бўлган.

-Россия фуқароси ва унинг оиласи хориж давлати ҳудудида бедарак йўқолган. Менга маълум бўлишича, шундан сўнг Россияда жиноят иши очилган. Орадан икки йил ўтгач АҚШ матбуоти бу одам Қўшма Штатлар ҳудудида эканини маълум қилмоқда. Албатта, бу маълумот барча тартиб-қоидаларга асосан текширилиши зарур. Шунинг учун биз Интерполга сўров жўнатдик, - деди Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова.

Озод Европа-Озодлик радиоси мухбирининг аниқлашича, Смоленков 2018 йилнинг июнида Виржиниянинг Стаффорд округида уй сотиб олган. Умумий майдони 760 квадрат метр бўлган уй 925 минг долларга баҳоланган. Смоленковнинг қўшниларидан кўпчилиги Федерал Тергов Бюроси, АҚШ Қуролли Кучлари ходимлари ва фахрийларидир.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG