Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 07:05

Ўзбекистон

Қирғиз божгирлари Ўзбекистон билан чегарадаги барча пунктларни очишни таклиф қилмоқда

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги "Дўстлик" назорат-ўтказиш пункти.

Қирғизистон Давлат божхона хизмати Ўзбекистон билан чегарадаги ишламай турган ўтказиш-назорат пунктларини қайта очиш таклифини илгари сурмоқда. Божхона хизмати бу таклифни 2019-2020 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси доирасида киритди.

Ҳужжатда таъкидланишича, икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқни янада ривожлантириш учун қўшимча йўллар керак бўлмоқда.

Давлат Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрубаеванинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига билдиришича, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 15та чегара назорат-ўтказиш пункти мавжуд. Бироқ бугунги кунда улардан фақат 8тасигина ишламоқда. Қолганлари эса Ўзбекистон ҳукуматининг бир томонлама қарори билан ёпиқ ҳолатда қолмоқда.

Айни пайтда ишламай турган назорат-ўтказиш пунктларини қайта очиш масаласи ҳукуматлараро даражада кун тартибиги киритилгани ёки киритилмагани тўғрисида аниқ маълумот йўқ.

2005 йилда ёпилган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара пунктлари 2016 йилнинг сентябрида Бишкек ва Тошкент муносабатлари яхшилангани ортидан қайта очилган эди.

Кун янгиликлари

Тижорат банклари нақд валюта савдоси бошланган куни қарийб $10 млн сотди

Тижорат банклари нақд валюта сотиш бошланган куни 9,6 млн нақд доллар сотди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 20 август куни валюта бозорини янада эркинлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йилнинг 20 августидан бошлаб тижорат банклари томонидан нақд хорижий валютани сотиш йўлга қўйилишини эълон қилган эди.

МБ 20 августдан бошлаб тижорат банклари томонидан нақд хорижий валютани сотиш йўлга қўйилишини эълон қилар экан, айни пайтда бундай деган:

“Шу билан бирга, Марказий банк ички валюта бозоридаги вазиятни диққат билан кузатишда давом этади ҳамда ташқи омиллар таъсирини камайтириш ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар мувозанатини таъминлаш мақсадида бозор механизмларидан фойдаланади. Хусусан, Молия вазирлиги билан биргаликда экспансион кредитлаш ва фискал сиёсатини чеклаш орқали инфляция ва валюта курсига қўшимча босимни пасайтириш бўйича чоралар кўриб борилади”.

1 сентябрдан мамлакатда қандай ўзгаришлар юз бериши хабар қилинди

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, жорий йил 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистонда қуйидаги ўзгаришлар юз беради:

1. Фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари хусусийлаштирилади.

Фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини, шу жумладан таълим муассасалари (академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бундан мустасно), соғлиқни сақлаш ва спорт, маданият, хусусан кинотеатрлар, клублар, концерт-томоша кўрсатиш муассасалари ва кинолаштириш объектлари, шунингдек, давлат ташкилотларининг бўш турган ер участкалари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида сотилади.

2. Машинасозлик, қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва техник сервис йўналишлари бўйича ходимлар чет элда ўқитилади.

Қишлоқ хўжалигини механизациялаш, машинасозлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва техник сервиси йўналишлари бўйича ҳодимлари «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига ўқитиш ва малака ошириш учун юборилади. Таҳсил олаётган иқтидорли бакалавр талабаларнинг хорижий олий таълим муассасасидаги тўлов контракти тўлаб берилади.

3. Хорижда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ўзгаради.

Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги аризалар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

4. Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади.

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади ҳамда гувоҳнома эгаларига меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

5. «Темурбеклар мактаби» ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг ойлик маоши ошади.

«Темурбеклар мактаби» ходимларининг ойлик маоши:

директор ва унинг ўринбосарлари, ўқитувчилар, ўқув бўлими ходимлари учун — 5 баробар;

тўгарак (секция) раҳбарлари ва психологлари учун — 3 баробар;

ахборот-ресурс маркази (кутубхона), ахборотлаштириш ва алоқа бўлинмалари ходимлари, инструкторлар ва лаборантлар учун — 2 баробар миқдорда оширилади.

Шунингдек, «Темурбеклар мактаби"да хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг пул таъминотига уларнинг лавозим маошининг 50 фоизига тенг миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.

6. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизими ўзгаради.

Тошкент шаҳрида жойлашган кўчмас мулкка нисбатан нотариал ҳаракатлар асосида вужудга келадиган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат давлат нотариал идораси орқали тақдим этилган талабномага асосан киритилади ва бир вақтнинг ўзида Реестрдан кўчирма берилади.

7. Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби белгиланади.

Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.

8. Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ходимларига ойлик устама ҳақи тўланади.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари, шу жумладан тарбиячилар ва тарбиячи ёрдамчиларига базавий тариф ставкасининг 75 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақи тўланади.

9. Иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига янги тушунчалар қўлланилади.

Иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига:

577 170 сўм миқдорида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори;

223 000 сўм миқдорида базавий ҳисоблаш миқдори;

223 000 сўм миқдорида пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори жорий этилади.

10. Давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг маоши оширилади.

Давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ёрдамчиларининг, ўсишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлар бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳларда ишлайдиган тарбиячилар, педагог ходимлар ва тиббиёт ходимлари ёрдамчиларининг лавозим маошлари ва базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.

11. Аёллар учун никоҳ ёши ўзгаради.

Ўзбекистон Республикасида эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши бир хилда ўн саккиз ёш этиб белгиланади.

12. Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномалар электрон шаклда топширилади.

Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномалар фақат электрон шаклда давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топширилади.

13. Янги телеканал ишга тушади.

«O‘zbekiston tarixi» телеканали ўз фаолиятини бошлайди.

Истироҳат боғларидаги аттракционларнинг кўпчилиги хавфсиз эмаслиги аниқланди

28 июнь куни Жиззах шаҳридаги "Истиқлол" болалар истироҳат боғида аттракцион тутқичи синиб кетиши оқибатида 20 яшар қиз ҳалок бўлган эди.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси маҳаллий ҳокимиятлар, Фавқулодда вазиятлар, Маданият вазирликлари, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, «Ўзэнергоинспекция» билан биргаликда ҳудудлардаги мавжуд 129 та маданият ва истироҳат боғи ҳамда аҳоли дам олиш масканларидаги жами 1 минг 845 та аттракцион кўздан кечирилди ва уларнинг хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этиши ўрганиб чиқилди. 20 август куни ўтказилган матбуот анжуманида текширув натижалари ҳақида маълумотлар берилди, дея хабар қилди ЎзА.

Ишчи гуруҳлари аттракционларнинг 1292 тасида техник паспорти мавжуд эмаслигини аниқлади. 1106 тасида аттракционларни кунлик техник кўрикдан ўтказиш журнали йўқ. 928 аттракционда ишлатиш ва ўрнатиш бўйича йўриқномалар мавжуд эмас. Аттракционларга бириктирилган ходимларнинг 1 минг 258 нафарида ўқиганлик тўғрисидаги махсус гувоҳномалар йўқ ва улар техникадан фойдаланиш тартиб қоидаларини мутлақо билмайди.

695 аттракционда жавобгар шахс тайинланмаган бўлса, 931 тасида оператор ва жавобгар шахсларнинг лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилмаган. 854 та аттракционда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.

  • 28 июнь куни Жиззах шаҳридаги "Истиқлол" болалар истироҳат боғида аттракцион тутқичи синиб кетиши оқибатида 20 яшар қиз ҳалок бўлгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.
  • Шунга ўхшаш бошқа ҳодисалар тўғрисида ҳам Озодлик ўз вақтида хабар берган.

Ўзбекистон муфтийси Чеченистонда Рамзан Қодиров масжиди очилишида қатнашади

Грознийда11 йил муқаддам туркча услубда қуриб битказилган жомеъ масжидига Аҳмад ҳожи Қодиров номи берилган.

22 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировнинг таклифига биноан Шали шаҳрида бунёд этилган муҳташам Рамзан Қодиров масжидининг очилиш тадбирида иштирок этиш учун ушбу давлатга жўнаб кетди.

Бу ҳақда хабар қилган Мусулмонлари идораси матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон делегацияси таркибига ҳукумат вакиллари, уламолар, мударрислар ва оммавий ахборот вoситaлари вакиллари киритилган.

Айтилишича, Чеченистонда очилаётган масжид "меъморчилик анъаналарини безавол сақлаб келаётган маҳоратли ўзбек меъморлари томонидан лойиҳалаштирилган ва Марказий Осиёга хос услубда қурилган".

Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров 2017 йил кузида Ўзбекистон қилган сафари доирасида Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасини бориб кўрган.

  • 22 август куни очилаётган масжид 2016 йилнинг охирида фойдаланишга топширилиши хабар қилинган эди.
  • Россиялик ва халқаро ташкилотлар Рамзан Қодировни инсон ҳуқуқларини қўпол бузиб келаётганликда айблаб келади.

Мирзиёев Қорақалпоғистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишини белгилаб берди

Президент Мирзиёев Қорақалпоғистонда фаоллар билан учрашмоқда.Президент расмий сайтидан олинган фотосурат.

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида Нукус шаҳрида ўтказган йиғилишида «Қорақалпоғистонни янада тараққий эттириш бўйича бешта устувор йўналиш белгилаб берди».

Президент расмий сайти бешта устувор йўналиш нималардан иборат экани тўғрисида хабар берди:

«Биринчиси саноатни ривожлантириш, барча тармоқларда йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишдан иборат.

Иккинчи устувор йўналиш тадбиркорлик гуллаб яшнаши учун кенг йўл очиб бериш ва уни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашдир.

Қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни кенг жорий қилган ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажми, ҳосилдорлик ва маҳсулот турларини кескин ошириш учинчи устувор йўналиш этиб белгиланди.

Тўртинчиси – ишлаб чиқариш ва одамлар учун қулай бўлган замонавий инфратузилмани яратиш.

Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароити ва турмуш даражасини яхшилаш юзасидан кенг қамровли ишларни амалга ошириш эса бешинчи устувор йўналиш сифатида эълон қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир йўналишда назарда тутилган масалаларга алоҳида тўхталиб, улар бўйича фаол ишлаш зарурлигини таъкидлади».

Мирзиёев 20-21 август кунлари Қорақалпоғистонда бўлган эди.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари бугун Тошкентда музокаралар ўтказади

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл.

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл раҳбарлигидаги делегация икки томонлама музокаралар ўтказиш учун 22 август куни Тошкентга келади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Тошкентдаги музокаралардан сўнг Дэвид Хейл Самарқанд шаҳрига саёҳат қилади.

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Хейл “Ўзбекистон президентининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватланишини намойиш этиш мақсадида Тошкентга боради”, деб билдирган эди.

Тошкентга келишдан олдин Хейл Нур-султонда 21 августда ўтказиладиган Марказий Осиё давлатларининг C5+1 доирасидаги йиғилишида иштирок этди. Ташрифнинг асосий мақсади ҳам мана шу ҳисобланади.

C5+1 деб номланган мулоқот 2015 йил Самарқанд шаҳрида бошланган эди. Мазкур мулоқот доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ расмийлари учрашадилар.

Ўзбекистонлик курашчи "миллий низо қўзғаш"да айбланмоқда

Иллюстратив сурат.

Қирғизистоннинг Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси ўзбекистонлик спортчи Нурсултон Рўзибоевга нисбатан “ирқий, этник, миллий, диний ёки ҳудудлараро низо қўзғаш” айблови билан жиноят иши қўзғатди.

Маҳаллий нашрларнинг 21 август куни Ички ишлар бошқармаси тарқатган расмий баёнотга таяниб хабар беришича, Рўзибоев 18 август куни Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида “Қулатуу” яккакураши бўйича ўтган турнирда иштирок этган ва қирғизистонлик спортчига ютилиб қолган. Шундан сўнг у Instagram орқали ҳақоратли видеони тарқатган.

Ички ишлар бошқармаси “Рўзибоев айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида бўлгани учун унга нисбатан тергов Минск конвенцияси асосида ўтказилиши”ни ҳам билдирган.

Рўзибоев кейинроқ бу видеони ўчириб, ўрнига бошқа видеони эълон қилди. Видеода Рўзибоев: “Биринчидан судья бизнинг байроғимизни ирғитиб юборди, сўкиниб, турта бошлади. Унинг бизнинг байроғимизни ирғитиб ташлашга, сўкинишга нима ҳақи бор эди? Бир гуруҳ одамлар мени калтаклашмоқчи бўлишди. Нега улар меҳмонларга бундай муносабатда бўлишди”, деб айтди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган турнир видеосида судья Ўзбекистон байроғини Рўзибоев қўлидан тортиб олиб, ерга отиб юборганини кўриш мумкин.

Бироқ ҳозирча Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳам, ҳукумат органлари ҳам мазкур ҳолатга муносабат билдирмади.

Ўзбекистон ҳукумат органлари ҳам Ўзбекистон байроғига бундай муносабатда бўлиниши юзасидан ўз фикрини билдирмади.

Адлия вазирлиги 1 сентябрдан бошлаб никоҳ ёши тенглашганини эслатди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши бир хилда ўн саккиз ёш этиб белгиланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Айни пайтда Ўзбекистонда оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 этиб белгиланган.

Қизлар ва йигитлар учун никоҳ ёшини тенглаштириш ташаббуси 2018 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан кўтарилган эди.

Қўмита эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатларини эътироф этган ҳолда никоҳ ёшини оширишни таклиф қилган.

Кинофильмлар мазмунини назорат қилиш Республика кинопрокат марказига юклатилди

Зўравонлик, порнографияни тарғиб қилувчи, Ўзбекистон ҳақида нотўғри ахборот тарқатиш, унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятларини бузиб кўрсатувчи фильмлар тарқалишига йўл қўймаслик Республика кинопрокат марказининг асосий мажбуриятларидан биридир.

Бу мажбурият Республика кинопрокат марказига Вазирлар Маҳкамаси 19 августда қабул қилган "Кинематография соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарор билан юклатилгани тўғрисида Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарор билан Давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқарилган ва хориждан олиб кириладиган фильмлар дистрибуциясини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Республика кинопрокат маркази дистрибьютерлик фаолиятини амалга оширувчи ташкилот ҳисобланади.

Эндиликда кинотеатрларда фильмлар Марказ ҳузуридаги Методик кенгашнинг тавсияси бўйича шакллантириладиган репертуар режа асосида намойиш этилади.

Самарқандда давлат дастури бўйича қурилган 1344 та уйнинг 335 таси муҳтож эмасларга сотилган

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов

Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида 2018 йили қурилган 1344 та уйнинг 335 таси аслида уйга муҳтожлиги бўлмаганларга сотилган.

Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Қорасув массиви аҳолиси билан ўтказган учрашувда билдиргани тўғрисида kun.uz хабар қилди.

«Кўплаб уйлар унга эҳтиёжи бўлмаганларга берилган. Биз уларни судга бериб уйларни бўшатамиз ва ишчи гуруҳ шакллантирган рўйхатдаги чиндан эҳтиёжмандларга берамиз. Давлат дастури асосида қурилган уйларни тақсимлашда Самарқанд шаҳар ҳокимияти томонидан қинғирликларга йўл қўйилган ва мен бу учун яна бир марта узр сўрашга тайёрман», деган Эркинжон Турдимов.

ИИБ ходими фуқарога қандай ҳолатларда куч ишлатиши мумкинлиги эслатилди

16 август куни Озодлик Оққўрғон туман марказидаги деҳқон бозорида норозилик билдирган аёлларга милиция куч қўллагани ҳақида хабар берган эди.

Агар ички ишлар ходими зиммасига юклатилган мажбуриятларни куч ишлатмай бажаришининг иложи бўлмаса, у куч ишлатиши, жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаши мумкин.

Адлия вазирлиги "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонундан келиб чиқиб қуйидаги ҳолатларда куч ишлатиш мумкинлигини эслатди:

жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;

ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.

Жисмоний куч ишлатилиши шахсларнинг хатти-ҳаракатлари хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак.

Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида ички ишлар органлари прокурорга дарҳол хабар беради

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳудудида ёнғин юз берди

Ўзбек ўт ўчирувчилари машғулот пайтида.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси худудида 21 август куни соат 01:54 да ёнғин юз берди.

Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг маълум қилишича: “Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси 69-уйда жойлашган “Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси” худудида жойлашган бинонинг ошхонаси, ёрдамчи хоналари ва том қисми 400 кв.м. майдонида ёнган”.

Расман билдирилишича, ўт ўчирувчилар воқеа жойига соат 02:00да етиб борган. Ёнғин соат 02:45да қуршаб олиниб, соат 03:36да ўчирилган.

Ёнғин жойига 12 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган.

Маълум қилинишича, ёнғин электр симларининг қисқа туташуви оқибатида юз бергани тахмин қилинмоқда.

“Юз берган ҳодиса натижасида инсонларни ҳалок бўлиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмади”, дейилади хабарда.

Молия вазирлиги АҚШнинг бюджет шаффоф эмаслиги тўғрисидаги танқидига жавоб қайтарди

Молия вазирлигининг 19 август учун ҳисоботи. Молия вазирлиги сайтидан олинди.

Молия вазирлиги ҳар ойда вазирликлар ва идораларга ажратилган бюджет маблағлари ва турли соҳага ажратилган маблағлар тўғрисидаги ҳисоботларни ўз расмий саҳифаларида эълон қилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги 20 август куни маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, шунингдек, дам олиш кунларидан ташқари ҳар куни давлат бюджетининг даромад ва харажатлари ҳамда давлат харидлари тизимида тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар бериб борилади.

Openbudget.uz электрон портали орқали эса давлат бюджетининг ижроси, унинг параметрлари, таркибий қисмлари ва прогноз кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилади.

Вазирликнинг бу баёноти АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни шаффофликни таъминлай олмаётган давлатлар рўйхатига киритгани ортидан эълон қилинди.

Давлат департаментининг 15 август куни дунё давлатларидаги шаффофликка бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботини жамоатчиликка тақдим этганда. Унда Ўзбекистондан ташқари мазкур рўйхатга яна 67 давлат киритилган.

Ҳисоботда АҚШ Ўзбекистонга бюджетда режалаштирилган харажатлар ҳамда даромадлар ҳақида батафсил маълумотларни, табиий ресурслардан олинган даромадлар ва ҳукуматнинг бюджетдан ташқари ҳисоблари тўғрисидаги маълумотларни аҳолига ошкор этишни тавсия қилган эди.

Бухорода аварияга учраган тожикистонликлардан бирининг аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда

Иллюстратив сурат.

Бухорода аварияга учраган тожикистонликлардан бирининг аҳволи ўта оғир, у кома ҳолатида ётибди. Бу ҳақда 20 август куни Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига таянган ҳолда “Бухоро ёшлари” газетаси маълум қилди.

Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 19 август куни Бухоро вилояти Жондор туманида А-380 йўлида Mercedes-Benz Sprinter микроавтобуси аварияга учраганини маълум қилган эди.

Москвадан Душанбега Бухоро орқали кетаётган микроавтобус Тожикистон фуқаросига тегишли бўлган.

"Микроавтобус ғилдирак ёрилиши натижасида ағдарилиб кетган. Натижада тўққиз йўловчи жароҳатланган. Уч киши шифохонага ётқизилди. Қолган олти кишини шифохонага ётқизишга ҳожат бўлмади. Уларга ҳодиса жойида тиббий ёрдам кўрсатилди. Бошқа йўловчилар Газлидаги меҳмонхонага жойлаштирилди”, деб билдирган вазирлик.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, микроавтобусда Россиядан Тожикистонга қайтаётган 18 нафар меҳнат муҳожири бўлган. Улардан 8 нафари енгил ва 1 нафари ўта оғир жароҳат олган.

Етти ойда хорижга деярли 3,5 миллиард долларлик олтин сотилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон июль ойида аввалги беш ойдагидан кўпроқ олтин сотди. Давлат статистика қўмитасининг билдиришича, 2019 йилнинг январидан май ойигача хорижга 1 миллиард 200 миллион долларлик олтин сотилган эди. Июль ойида эса сотилган олтин миқдори 1 миллиард 400 миллион доллар бўлди.

Жами етти ой давомида Ўзбекистон хориж давлатларига 3 миллиард 400 миллион долларлик олтин сотган.

Қиёслаш учун айтиш лозимки, 2018 йилнинг январидан июль ойигача хорижга 1,5 миллиард долларлик олтин экспорт қилинган эди.

Статистика қўмитаси сўнгги беш йилда экспортда олтин ҳажми 12,1 фоиздан 31,8 фоизга кўтарилганини қайд этган.

Аввалроқ Ўзбекистон 2019 йилда 80 тонна олтин сотишни режалаштираётгани хабар қилинган эди. Бу эса 2018 йилга нисбатан 10 тоннага кўпроқдир.

Ўзбекистон маҳсулотларини энг кўп сотиб олаётган давлат Хитой бўлиб қолмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондан товар ва хизматларни экспорт қилувчи асосий давлат Хитой бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди.

Билдирилишича, Ўзбекистондан экспорт қилинаётган товарларнинг 16 фоизини Хитой сотиб олади. Россияга 13 фоиз, Қозоғистонга 8 фоиз, Туркияга 6 фоиз, Қирғизистонга 4 фоиз, Афғонистонга 3 фоиз ва Тожикистонга 1,6 фоиз маҳсулот экспорт қилинади.

Ўтган йили маҳсулотлар 144 давлатга экспорт қилинган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 151тага етди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2019 йилнинг январидан июлигача 10 миллиард 800 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Бу эса 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 44, 5 фоизга кўпдир.

Марказий банк сўмнинг хориж валюталарига нисбатан қадрсизланиши бўйича изоҳ берди

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов.

20 август куни Ўзбекистон Марказий банки валюта биржасидаги савдоларда сўм алмашув курсининг 2,76%га пасайиши муносабати билан бораëтган жараëнларга изоҳ берди.

Банк расмий сайтида эълон қилинган ахборотда сўмнинг қадрсизланиши кўпчиликни ташвишга солаëтгани эътироф этилган¸ айни пайтда¸ Марказий банкнинг валюта бозоридаги сўнгги қадами объектив иқтисодий зарурият маҳсули экани таъкидланган.

Марказий банк биржа савдоларида валюта курсининг эркин, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда шаклланишига имкон берувчи механизмга ўтишини эълон қилгани ортидан¸ ўзбек сўмининг қадри пасая бошлади.

20 август куни бир АҚШ долларининг Марказий банк томонидан белгиланган расмий курси 323 сўмга қимматлади ва 9384 сўмни ташкил этди.

Алмашув курси ўзгаришининг ички нархларга таъсири¸ инфляциянинг кучайишига ҳам муносабат билдирган Марказий банк¸ ўз баëнотида¸ инфляцияни тўхтатишнинг “энг тўғри йўли иқтисодиётда рақобат ва инвестицион эркинликни ошириш” эканини таъкидлаган.

Президент Тошкент аграр университетини такомиллаштиришга қарор қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 19 август куни “Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Расмий матбуотда эълон қилинган қарордан мақсад¸ унда ëзилишича¸ хусусан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига Smart agriculture – ақлли ва дигитал агротехнологияларни татбиқ этиш¸ фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этишдан иборат.

Қарорда жумладан¸ Тошкент давлат аграр университетини 2025 йилга қадар дунёнинг нуфузли1000 та олий таълим муассасалари рўйхати (QS рейтинг тизими)га киритиш бўйича уч ой ичида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳам топширилган.

Қарор ижроси устидан назорат Бош вазир Абдулла Ариповга юклатилган.

Самарада ўзбекистонликнинг заҳарланишдан ўлгани юзасидан жиноят иши очилди

Самарада заҳарланганлардан бири.

Самара вилоятида заҳарланган ўзбекистонликлардан бирининг вафот этгани юзасидан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси 19 август куни маълум қилди.

Хабарда айтилишича, жиноят иши Жиноят кодексининг 109- моддаси (Эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдириш) асосида қўзғатилган.

Россиянинг Тольятти шаҳар клиникаси жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолаётган 4 ўзбекистонликдан бири, 26 яшар йигит 14 август куни кечга яқин вафот этган эди.

Зоокумарин моддасидан заҳарлангани айтилаётган 69 ўзбекистонликнинг 57 нафари (вафот этган йигит 58-чиси эди) Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида оғир аҳволда қолмоқда. Касалхонада қолаётганлар орасида 4 яшар бола ҳам бор.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги йўллаган шифокорлар ва Қозондаги консуллик вакиллари 17 август куни Самара шаҳар шифохонаси, 18 август куни эса Тольятти шаҳар шифохонасида ётган ўзбекистонликларнинг аҳволи билан танишди. Заҳарланганларнинг ҳаммаси Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманидан.

Озодлик Самарада қишлоқ хўжалиги ишлари шуғулланиб, пул топаётган муҳожирлар заҳарлангани ҳақида 18 июль куни хабар қилган эди.​

Ростов Дондаги аварияда ўзбекистонликлар ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Ростов Дон шаҳридаги бош консулхонаси Краснодар ўлкасининг Темрюк туманида юз берган автоаварияда икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 19 августда билдиришича, авария 5 август куни Тамань – Веселовка автойўлининг 7-километрида юз берган. Бензин ташувчи машина ВАЗ-2108 енгил автомашинасига урилгани оқибатида 25 ёшли ҳайдовчи ва 45 ёшли йўловчи ҳалок бўлган. Улар Ўзбекистон фуқароларидир. Аварияда яна тўрт нафар одам жароҳатланган.

18 август куни ҳам Новосибирск вилоятида юз берган автоҳалокатда бир одам ўлгани ва 8 одам жароҳатлангани хабар қилинган эди.

Маълумотда билдирилишича, ҳалок бўлган одам Арманистон фуқароси, жароҳатланганлар эса Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидир.

Бироқ Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча бу аварияда жабрланган Ўзбекистон фуқаролари борасида расман маълумот бермади.

Новости агентлигининг ёзишича, жароҳатланганлардан уч нафари реанимацияда сақланмоқда, 5 нафари жарроҳлик бўлимига ётқизилган.

АҚШ расмийси "ислоҳотлар дастури қувватланишини намойиш этиш мақсадида" Тошкентга келади

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл.

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл 20 августдан 23 августгача ўтадиган Марказий Осиё сафари доирасида Тошкентга келади.

Хейл “Ўзбекистон президентининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватланишини намойиш этиш мақсадида Тошкентга боради”, дейилади расмий хабарда.

Хейл Тошкентда ўтадиган учрашувларда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги хавфсизлик, маолриф ва савдо ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.

Тошкентга келишдан олдин Хейл Нурсултонда 21 августда ўтказиладиган Марказий Осиё давлатларининг C5+1 доирасидаги йиғилишида иштирок этади. Ташрифнинг асосий мақсади ҳам мана шу ҳисобланади.

C5+1 деб номланган мулоқот 2015 йил Самарқанд шаҳрида бошланган эди. Мазкур мулоқот доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ расмийлари учрашадилар.

Ўзбекистон шаффофликни таъминлай олмаётган давлатлар рўйхатига киритилди

Иллюстратив сурат.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни шаффофликни таъминлай олмаётган давлатлар рўйхатига киритди.

Давлат департаментининг дунё давлатларидаги шаффофликка бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистондан ташқари мазкур рўйхатга яна 67 давлат киритилган. Улар орасида Озарбайжон, Хитой, Ироқ, Туркманистон, Саудия Арабистони каби давлатлар ҳам бор.

Ҳисоботда АҚШ 2018 йилда молиявий ёрдам кўрсатган 140 давлат ҳукуматларининг шаффофликни таъминлашга қаратилган фаолияти таҳлил қилинган.

Ҳисоботда эътироф этилишича, Ўзбекистон давлат бюджетини жамоатчиликка эълон қилиш борасида ютуқларга эришди, бироқ жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган бюджетда режалаштирилган харажатлар ҳамда даромадлар ҳақида батафсил маълумотлар мавжуд эмас.

Бундан ташқари табиий ресурслардан олинган даромадлар ва ҳукуматнинг бюджетдан ташқари ҳисоблари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаяпти.

Давлат департаменти Ўзбекистонга шаффофликни таъминлаш учун қарз мажбуриятлари, вазирликларнинг батафсил харажатлари тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилишни тавсия қилмоқда.

Давстатқўм: 7 ойда автобус ишлаб чиқариш 3,6 мартага ошди

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, жорий йилнинг 7 ойида енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 49,6 фоизга ошган. 2018 йилнинг шу даврида 98 700 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, 2019 йилнинг 7 ойида бу кўрсаткич 147 650 тани ташкил қилган.

Юк автомобиллари ишлаб чиқариш эса 55,1 фоизга ортган. (2018 йилнинг январь - июлида 925 та, 2019 йилнинг шу даврида 2 985 та)

Автобуслар ишлаб чиқариш ҳажми эса, 3,6 мартага ошган.(2018 йилнинг 7 ойида 303 та, 2019 йилнинг шу даврида 1 095 та).

Автомобиль двигателларини ишлаб чиқариш 62,4 фоизга ошган. (2018 йил 7 ойида 70 534 та, 2019 йилнинг шу даврида - 114 561 та)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи билан ҳашар ўтказилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари И.Иномов 16 августда имзолаган буйруқ билан 17-18 август кунлари умумхалқ ҳашарида қатнашиш буюрилди.

Буйруқ муқаддимаси мазмунига қараганда, ҳашар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидлар, “Мовароуннаҳр” нашриёти, “Вақф” ҳайрия жамоат фонди, диний таълим муассасалари, зиёратгоҳлар ва уларга туташ қабристонларда ўтказилган.

Идора буйруғига “2019 йил, 10 августдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 672- фармойиши ва Раҳбарият розилиги” асос бўлгани белгилаб ўтилган.

Бензин ва дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш ҳажми қисқарди

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига кўра, мамлакатда бензин ишлаб чиқариш жорий йилнинг 7 ойида ўтган йилнинг шу даврига қараганда камайган: 2018 йилнинг январь-июлида 657,1 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлса, 2019 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 595,1 минг тоннани ташкил қилган.

Дизель ёнилғисини ишлаб чиқаришда ҳам пасайиш кузатилган: 2018 йилда 650,6 минг тонна дизель ишлаб чиқарилган бўлса, 2018 йилда 626,4 минг тонна ишлаб чиқарилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG