Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:13

11 йил Эрон қамоғида ўтирган дастурловчи мухандис Канадага қайтди


Эронда туғилган, аммо Канадада доимий яшовчи дастурловчи мухандис Саид Маликпур 11 йил қамоқда ўтиргандан сўнг Эрондан қочиб чиқиб, Канадага қайтиб келди.

У катталарга мўлжалланган сайтни юргизгани учун умрбод қамоқ жазосини ўтаётган эди.

Маликпур 2008 йили касал отасини кўргани Эронга борганида қамоққа олинган эди. Дастлаб ўлим жазосига ҳукм қилинди, бироқ 2013 йил августида ушбу жазо чораси умрбод қамоқ билан алмаштирилди.

Синглиси Твиттерга қўйган видеосида унинг Канадага қайтиб борганини тасдиқлади.

‒ Акам Саид Маликпур ҳозиргина Канадага қайтиб келди! Ташвишлар ортда қолди, – деди Марям Маликпур оиласини қўллаб-қувватлаган кишиларга миннатдорлик билдирар экан.

У акасининг озод этилиши тафсилотларини очиқламади.

Эрон ҳокимият идоралари Маликпур қамоқдан қисқа муддат чиқарилган пайтда қочиб кетганини маълум қилди.

Суд воизи Ғуломҳусайн Исмоилий 3 августда Маликпур “уч кунлик қамоқ таътили”да бўлгани ва “мамлакатдан чиқиб кетиши тақиқлангани”ни айтди.

МакГилл университетининг халқаро ҳуқуқ бўйича эксперти ва Қўшма Штатларнинг собиқ прокурори, Маликпурнинг иши билан кўп йиллардан бери шуғулланиб келаётган Паём Ахаван Эрон ҳукумати уни бир неча кун олдин босим остида қолганидан сўнг озод қилганини айтди.

Ахаванга кўра, Маликпурнинг мамлакатдан чиқиб кетиш режасидан оиласию адвокатидан бошқа ҳеч кимнинг хабари бўлмаган.

XS
SM
MD
LG