Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2019, Тошкент вақти: 22:01

Жасурни ўлдирганликда айбланиб қамалган Исломбек Тўлаганов нега озод қилингани изоҳланди


Жасурбек Иброҳимов

Тошкент тиббиёт коллежи талабаси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлимида айбдор деб топилган Ислом Тўлаганов жазо муддатини ўташ вақтида колониядаги режимни бузмагани ва меҳнатга виждонан ёндашгани туфайли озод этилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жазони ўташ бош бошқармаси баёнот берди.

Айтилишича, Тўлаганов айни пайтда Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туман Пробация хизмати назорати остида жазони ўтамоқда.

Баёнотда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига кўра, судланган шахсга нисбатан суд томонидан белгиланган озодликдан маҳрум қилиш муддати жазо муддатининг маълум қисми ўталганда, инсонпарварлик акти сифатида енгилроғи билан алмаштирилиши мумкинлиги айтилган.

"Жиноят кодексининг 90-моддаси учинчи қисми «б» бандига биноан, И.Тўлаганов жазо муддатининг тўртдан бир қисмини ўтаганидан сўнг, 2018 йил 20 декабрда Жиноий ишлар бўйича Навоий шаҳар суди унга нисбатан муддатнинг ўталмай қолган қисмини ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирди, бунда ойлик маошнинг 20 фоизи давлат даромадига ўтказилади, - дейилади ИИВ баёнотида.

2017 йил 30 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Исломбек Тўлагановга (1999 й. т.) ўз курсдоши Жасур Иброҳимовни калтаклаб, унинг ўлимига сабаб бўлгани учун олти йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган эди.

У Жасур Иброҳимовга нисбатан 2017 йилнинг майида ЖКнинг 104-модда 3-қисм «д» бандида назарда тутилган (қасддан оғир тан жароҳати етказиш) жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар кассация инстанцияси 2018 йил 12 январь куни ушбу жазо чорасини ўз кучида қолдирган эди.

XS
SM
MD
LG