Линклар

Шошилинч хабар
26 март 2019, Тошкент вақти: 07:49

Янги Зеландияда иккита масжидга қилинган ҳужумда 49 киши қурбон бўлди


Ҳужумга учраган Ал-Нур масжиди. 2019, 15 март.

Янги Зеландия шарқидаги Крайстчерч шаҳрида номаълум шахслар иккита масжидга ҳужум қилиши оқибатида 49 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда хабар қилган полиция вакили Майк Бушга кўра, шаҳар шифохонасига жароҳат олган ўнлаб кишилар олиб борилган.

The New Zealand Herald газетасининг хабар қилишича, ҳужумни амалга оширганликда гумон қилинаётган тўрт киши, жумладан бир аёл ушланди. Ҳозирча ҳужумда қанча киши иштирок этгани аниқ эмас. Полиция амалиёти давом этмоқда. Қўлбола портловчи мосламалар, ўқ отар қуроллар ва ўқ-дорилар мусодара қилинди. Экспертларнинг фикрича, қўлга туширилган қурол-яроғлардан бир нарса аниқки ҳужумга аввалдан пухта тайёргарлик кўрилган.

Нашр маълумотига кўра, ҳужум қилганлардан бири австралиялик бўлиб, у ҳужумдан аввал муҳожирларга қарши кайфиятни акс эттирувчи ўта ўнг қарашдаги манифест ёзган. "Бу террор ҳужуми", — дейилади матнда. Дастлабки маълумотларга қараганда, ҳужум қилганлардан бирининг исми Брентон Таррант. У масжидга ҳужумни интернетда тўғридан тўғри намойиш қилган.

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, бир бирига яқин бўлган масжидларга қуролланган кишилар бостириб кирган ва ичкарида 300га яқин киши бўлган бинога кириш йўлларини тўсиб қўйган. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, ҳарбий камуфляж ва шлемда бўлган ҳамда автомат қуроли бўлган киши шаҳар марказидаги Ал-Нур масжидига келувчиларга қарата ўқ узган.

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн ҳужумни мисли кўрилмаган зўравонлик акти дея атади. "Бу мамлакатимиз тарихидаги энг қора кунлардан биридир", - дея баёнот берди бош вазир .

Хавфсизлик нуқтаи назаридан Янги Зеландиядаги барча масжидлар айни дамда ёпилган.

XS
SM
MD
LG