Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:53

Бир неча ўн йилдан сўнг Ер юзида ҳашарот қолмаслиги мумкин


Олимларнинг маълум қилишича, дунё бўйлаб барча ҳашарот турларининг деярли ярми кескин озайиб кетмоқда, уларнинг учдан бири эса, бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Апрелда Biological Conservation журналида чоп этилиши кутилаётган илмий мақола муаллифларига кўра, инсонлар озиқ-овқат ишлаб чиқариш методларини ўзгартирмаса, бир неча ўн йилдан кейин ҳашаротлар бутунлай йўқ бўлишини кутиш мумкин.

Мақола муаллифларидан бири, Сидней университети ходими Франциско Санчес-Байе:

- Айни дамда барча ҳашарот турларининг учдан бир қисми йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолмоқда, - деди.

Бундан ташқари, ҳар йили йўқ бўлиш хавфи остидаги ҳашаротлар турлари бир фоизга кўпаймоқда. Ҳашаротлар биомассаси, яъни уларнинг умумий массаси эса, йилига 2,5 фоизга қисқармоқда.

Тадқиқот муаллифлари фақат қатъий чора кўрибгина табиатнинг экотизимларини сақлаб қолиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришди.

Уларга кўра, жонивор ва ҳашаротларнинг табиий яшаш жойларини тиклаш ҳамда пестицид ва кимёвий ўғитлардан фойдаланишни қисқартириб, ҳашаротларни сақлаб қолиш мумкин.

Мақола муаллифлари дунё бўйлаб 70 маълумот базасидан олинган маълумотларга таянган. Уларнинг хулосаларига кўра, ҳашаротлар сони кескин озайишида уларнинг яшаш муҳити ўзгараётгани сабаб бўлмоқда. Ўрмонлар йўқ бўиб бораётгани, урбанизация ҳамда янги ерларда экин экилаётгани бундай ўзгаришларга мисол бўла олади.

Ҳашаротлар қирилишининг иккинчи сабаби эса, атроф-муҳитнинг ифлосланаётгани ҳамда қишлоқ хўжалигида пестицидлардан кенг қўлланилаётганидир.

Ҳозирча ҳашаротларнинг озгина тури иқлим ўзгаришидан азият чекмоқда, холос. Аммо келажакда иқлим ўзгариши ҳашаротлар сони озайишига олиб келувчи муҳим омилга айланиши мумкин.

Бугунга қадар биологик хилма-хилликдаги йўқотишлар ҳақидаги хавотирлар, асосан, йирик сут эмизувчилар, қушлар ҳамда амфибиялар билан боғлиқ бўлиб келмоқда.

Аммо ҳашаротлар ерда яшовчи барча турларнинг учдан икки қисмини ташкил қилади ҳамда 400 миллион йилдан бери муҳим экотизимларнинг асоси бўлиб келади.

Кротлар, типратиканлар, ехидналар, калтакесаклар, амфибиялар, кўплаб кўршапалак, аксар қушлар ва балиқлар ҳашаротлар билан озиқланади.

Қолаверса, ҳашаротларнинг ўсимликларни чанглатишда муҳим роль ўйнайди. Дунёдаги муҳим 115 озуқа ўсимлигининг тахминан 75 фоизи жонзотлар томонидан чангланади.

XS
SM
MD
LG