Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 09:44

Ўзбекистон

"Ўзбекистон" сотилмоқда. Бошланғич нархи $33 млн.

“Ўзбекистон” меҳмонхонаси комплексини сотиш бўйича очиқ танлов савдолари ўтказилмоқда, деб хабар қилди ЎзА Давлат активларини бошқариш агентлигига таяниб.

Маълум қилинишича, танлов предметининг бошланғич баҳоси 33 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган.

“Ўзбекистон” меҳмонхонаси Тошкентнинг энг машҳур меҳмонхоналаридан бири. У 1974 йилда, шаҳарнинг қоқ марказида қурилган. Меҳмонхона ойналаридан Амир Темур хиёбони кўриниб туради. Кўп қаватли меҳмонхона ер қимирлашига чидамли бўлиши учун ярим айлана шаклида лойиҳалаштирилган. Меҳмонхонанинг архитектураси ўзида замонавий, европа услубларининг миллийлик билан уйғунлигини мужассамлаштиради. Бу ерда Европа стандарларига тўлиқ риоя этилган ҳолда, аммо шарқ анъаналарини унутмаган ҳолда хизматлар кўрсатилади.

Кун янгиликлари

Президент энг катта порахўрлик қайси университетларда эканлигини айтди. Юридик университет ректори ишдан олинди

Тошкент давлат юридик университети ректори Есемурат Каньязов лавозимидан озод этилди, деб хабар қилди kun.uz.

Сайтнинг хабар қилишича, 23 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқейини ошириш юзасидан кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди ва йиғилиш давомида давлат раҳбари Есемурат Каньязов ишдан олинганини маълум қилди.

Маҳаллий нашрларга кўра, президент видеоселектор давомида олий таълимдан норозилигини айтган: «Мен мутлақо олий таълимдан норозиман... Ректорларда талаб йўқ, савия йўқ. Энг катта порахўрлик қаерда? Юридик, Молия, Иқтисодиёт университетларида... Тизимда тартиб йўқ, интизом йўқ...».

Есемурат Каньязов 2005-2011 йилларда Адлия вазири ўринбосари, 2011 йилнинг июнидан Адлия вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган, 2013 йилда Тошкент давлат юридик университетига ректор этиб тайинлангач вазир ўринбосари лавозимидан кетган.

Уйига қуёш станцияси ўрнатганларга давлат 3 млн сўмгача компенсация ваъда қилди

Президент Мирзиёев имзолаган энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга оид қарорга биноан,
хусусий хонадонларда қуёш фотоэлектрик станциялари (ўртача 2 кВт) ва қуёш сув иситкичлари (ўртача 200 литр) ўрнатилади; ностандарт газ-горелкали қурилмалари энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларга алмаштирилади, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.

Қарорга биноан, 2020 йил 1 январдан:

жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ:

қуёш фотоэлектрик станциялари учун – 3 миллион сўмдан;

қуёш сув иситкичлар учун – 1,5 миллион сўмдан;

газ-горелкали қурилмалар учун – 200 минг сўмдан ошмайдиган миқдорда компенсациялар тақдим этилади.

Қарор билан 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб илгари фойдаланилган генератор ускуналари, кучланишни пасайтирувчи трансформаторлар, электр двигателлар, шунингдек, энергия самарадорлиги D тоифадаги энергия сарфловчи ускуналарни республика ҳудудига олиб кириш тақиқланади.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

Эри урган аёллар судга арз қилганида давлат божи тўлашдан озод қилинадиган бўлди

Иллюстратив сурат

Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.

Қонун хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни таъминлашни назарда тутади.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, қонунга кўра тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи таҳдид ҳақида тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш, бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш каби ҳуқуқларга эга.

Бунда жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Қонунда хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар кўрсатиб ўтилган.

Мазкур органлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини унга тушунарли тилда ҳимоя механизмлари, кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар турлари тўғрисидаги ахборот билан таништириши шарт.

Хусусан, ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган якка тартибдаги чора-тадбирлар кўриши шарт.

Қонунда белгиланишича тазйиқ ёки зўравонлик такроран содир этилишининг олдини олиш мақсадида шахснинг зўравонлик содир этган шахс хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтади.

Сенат маъқуллаган қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач, расмий кучга эга бўлади.

Ўзбек ва Қирғиз ташқи ишлар вазирлари "миллий низо қўзғатиш"да айбланаётган ўзбек спортчиси масаласида гаплашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қирғизистонлик ҳамкасби Чингиз Айдарбеков билан Ўш вилоятидаги мусобақада қатнашган ўзбек спортчиси атрофида юзага келган вазиятни муҳокама қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, 22 август куни ўтказилган телефон мулоқотида “ишнинг барча жиҳатларини ҳамкорликда ўрганиш ҳамда вазиятни давлатлар ўртасидаги дўстона алоқалар руҳидан келиб чиққан ҳолда мувофиқлаштириш юзасидан келишувга эришилди”.

21 август куни Қирғизистоннинг Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси ўзбекистонлик спортчи Нурсултон Рўзибоевга нисбатан “ирқий, этник, миллий, диний ёки ҳудудлараро низо қўзғаш” айблови билан жиноят иши қўзғатгани хабар қилинган эди.

Қирғиз милицияси иддаосича, Рўзибоев 18 август куни Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида “Қулатуу” яккакураши бўйича ўтган турнирда иштирок этган ва қирғизистонлик спортчига ютилиб қолган. Шундан сўнг у Instagram орқали ҳақоратли видеони тарқатган.

Айни пайтда Рўзибоев судья Ўзбекистон байроғини унинг қўлидан тортиб олиб, ерга отиб ургани фитна қўзғаш ҳаракати бўлган, деган фикрни билдирмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган турнир видеосида судья Ўзбекистон байроғини Рўзибоев қўлидан тортиб олиб, ерга отиб юборганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон ҳукумат органлари Ўзбекистон байроғига бундай муносабатда бўлиниши юзасидан расман ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Россия термасига қабул қилинмаган икки спортчи халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилади

Бешкураш конкур, қиличбозлик, ўқ отиш, югуриш ва сузишдан иборат спорт туридир.

Ўзбекистон байроғи остида халқаро мусобақаларда иштирок этадиган Россия спортчилари сўнгги пайтларда сезиларли натижаларга эриша олмаганлари учун ҳам Москвани қизиқтирмайди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига Россия Бешкураш федерацияси раиси Вячеслав Аминов маълум қилди.

“Алисэ Фахрутдинова ва Александр Савкин кўрсатган натижалар уларни Россия терма жамоасига аъзо бўлиши учун етмайди. Шунинг учун уларнинг Россия жамоаси таркибида Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқи йўқ эди. Аммо энди улар Ўзбекистон жамоаси таркибида бу орзуларини амалга оширишлари мумкин”, деган Вячеслав Аминов.

Унга кўра, Алисэ Фахрутдинова ва Александр Савкин Россия ва Ўзбекистон Бешкураш федерациялари ўртасидаги имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида Тошкент спорт фуқаролигига ўтказилган.

29 ёшли Фахрутдинова эстафета бўйича жаҳон чемпионатида бронза, Европа чемпионатида кумуш медални қўлга киритган. У икки марта Россия чемпиони бўлган.

31 ёшли Савкин эса 2013 йилда эстафета бўйича жаҳон чемпиони бўлган. У, шунингдек, икки марта Европа ва беш карра Россия чемпиони ҳисобланади.

Бу икки спортчи Ўзбекистон номидан мусобақаларда иштирок этиши ҳақида 21 агуст куни хабар қилинган эди.

Ўзбекистон Россиядан автомобиль импорт қилиш бўйича биринчи ўринга чиқди

Россияда ишлаб чиқарилган автомашиналардан бири.

Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатлар орасида Россияда йиғилган автомашиналарни импорт қилиш бўйича биринчи ўринни эгаллади.

«Автостат» нашрининг билдиришича, 2019 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга Россиядан 4 минг 300та машина олиб кирилган. Ўзбекистондан кейинги иккинчи ва учинчи ўринларни Чехия (4 мингта) ва Латвия (3 мингта) эгаллади

Маълум қилинишича, Ўзбекистонга 2019 йилда Россия автомобилларини импорт қилиш миқдори 32 фоизга кўпайган.

“Ўзавтосаноат” Россиядан автомобиль ва эҳтиёт қисмларни сотиб олиш ҳажмини 118 миллион 600 минг долларга етказмоқчи. 2018 йилда бу кўрсаткич 25,5 миллион доллар бўлган эди.

Мирзиёев АҚШ Давлат котибининг ўринбосари билан музокаралар ўтказди

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ Давлат котиби ўринбосари Девид Хейл билан учрашув пайтида. Президент расмий сайтидан олинган сурат.

Президент Шавкат Мирзиёев 22 август куни Тошкентга келган АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Девид Хейлни қабул қилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, Девид Хейл АҚШ Ўзбекистонда давлат қурилиши ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, аҳоли турмуши даражаси ва сифатини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни юксак баҳолашини таъкидлади.

Учрашувда икки томонлама муносабатларга оид ҳамда халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Тошкентга келишдан олдин Хейл Нур-Султонда 21 августда ўтказилган Марказий Осиё давлатларининг C5+1 доирасидаги йиғилишида иштирок этди.

C5+1 деб номланган мулоқот 2015 йил Самарқанд шаҳрида бошланган эди. Мазкур мулоқот доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ расмийлари учрашадилар.

Тижорат банклари нақд валюта савдоси бошланган куни қарийб $10 млн сотди

Тижорат банклари нақд валюта сотиш бошланган куни 9,6 млн нақд доллар сотди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 20 август куни валюта бозорини янада эркинлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йилнинг 20 августидан бошлаб тижорат банклари томонидан нақд хорижий валютани сотиш йўлга қўйилишини эълон қилган эди.

МБ 20 августдан бошлаб тижорат банклари томонидан нақд хорижий валютани сотиш йўлга қўйилишини эълон қилар экан, айни пайтда бундай деган:

“Шу билан бирга, Марказий банк ички валюта бозоридаги вазиятни диққат билан кузатишда давом этади ҳамда ташқи омиллар таъсирини камайтириш ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар мувозанатини таъминлаш мақсадида бозор механизмларидан фойдаланади. Хусусан, Молия вазирлиги билан биргаликда экспансион кредитлаш ва фискал сиёсатини чеклаш орқали инфляция ва валюта курсига қўшимча босимни пасайтириш бўйича чоралар кўриб борилади”.

1 сентябрдан мамлакатда қандай ўзгаришлар юз бериши хабар қилинди

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, жорий йил 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистонда қуйидаги ўзгаришлар юз беради:

1. Фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари хусусийлаштирилади.

Фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини, шу жумладан таълим муассасалари (академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бундан мустасно), соғлиқни сақлаш ва спорт, маданият, хусусан кинотеатрлар, клублар, концерт-томоша кўрсатиш муассасалари ва кинолаштириш объектлари, шунингдек, давлат ташкилотларининг бўш турган ер участкалари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида сотилади.

2. Машинасозлик, қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва техник сервис йўналишлари бўйича ходимлар чет элда ўқитилади.

Қишлоқ хўжалигини механизациялаш, машинасозлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва техник сервиси йўналишлари бўйича ҳодимлари «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига ўқитиш ва малака ошириш учун юборилади. Таҳсил олаётган иқтидорли бакалавр талабаларнинг хорижий олий таълим муассасасидаги тўлов контракти тўлаб берилади.

3. Хорижда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ўзгаради.

Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги аризалар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

4. Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади.

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади ҳамда гувоҳнома эгаларига меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

5. «Темурбеклар мактаби» ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг ойлик маоши ошади.

«Темурбеклар мактаби» ходимларининг ойлик маоши:

директор ва унинг ўринбосарлари, ўқитувчилар, ўқув бўлими ходимлари учун — 5 баробар;

тўгарак (секция) раҳбарлари ва психологлари учун — 3 баробар;

ахборот-ресурс маркази (кутубхона), ахборотлаштириш ва алоқа бўлинмалари ходимлари, инструкторлар ва лаборантлар учун — 2 баробар миқдорда оширилади.

Шунингдек, «Темурбеклар мактаби"да хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг пул таъминотига уларнинг лавозим маошининг 50 фоизига тенг миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.

6. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизими ўзгаради.

Тошкент шаҳрида жойлашган кўчмас мулкка нисбатан нотариал ҳаракатлар асосида вужудга келадиган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат давлат нотариал идораси орқали тақдим этилган талабномага асосан киритилади ва бир вақтнинг ўзида Реестрдан кўчирма берилади.

7. Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби белгиланади.

Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.

8. Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ходимларига ойлик устама ҳақи тўланади.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари, шу жумладан тарбиячилар ва тарбиячи ёрдамчиларига базавий тариф ставкасининг 75 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақи тўланади.

9. Иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига янги тушунчалар қўлланилади.

Иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига:

577 170 сўм миқдорида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори;

223 000 сўм миқдорида базавий ҳисоблаш миқдори;

223 000 сўм миқдорида пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори жорий этилади.

10. Давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг маоши оширилади.

Давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ёрдамчиларининг, ўсишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлар бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳларда ишлайдиган тарбиячилар, педагог ходимлар ва тиббиёт ходимлари ёрдамчиларининг лавозим маошлари ва базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.

11. Аёллар учун никоҳ ёши ўзгаради.

Ўзбекистон Республикасида эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши бир хилда ўн саккиз ёш этиб белгиланади.

12. Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномалар электрон шаклда топширилади.

Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномалар фақат электрон шаклда давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топширилади.

13. Янги телеканал ишга тушади.

«O‘zbekiston tarixi» телеканали ўз фаолиятини бошлайди.

Истироҳат боғларидаги аттракционларнинг кўпчилиги хавфсиз эмаслиги аниқланди

28 июнь куни Жиззах шаҳридаги "Истиқлол" болалар истироҳат боғида аттракцион тутқичи синиб кетиши оқибатида 20 яшар қиз ҳалок бўлган эди.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси маҳаллий ҳокимиятлар, Фавқулодда вазиятлар, Маданият вазирликлари, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, «Ўзэнергоинспекция» билан биргаликда ҳудудлардаги мавжуд 129 та маданият ва истироҳат боғи ҳамда аҳоли дам олиш масканларидаги жами 1 минг 845 та аттракцион кўздан кечирилди ва уларнинг хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этиши ўрганиб чиқилди. 20 август куни ўтказилган матбуот анжуманида текширув натижалари ҳақида маълумотлар берилди, дея хабар қилди ЎзА.

Ишчи гуруҳлари аттракционларнинг 1292 тасида техник паспорти мавжуд эмаслигини аниқлади. 1106 тасида аттракционларни кунлик техник кўрикдан ўтказиш журнали йўқ. 928 аттракционда ишлатиш ва ўрнатиш бўйича йўриқномалар мавжуд эмас. Аттракционларга бириктирилган ходимларнинг 1 минг 258 нафарида ўқиганлик тўғрисидаги махсус гувоҳномалар йўқ ва улар техникадан фойдаланиш тартиб қоидаларини мутлақо билмайди.

695 аттракционда жавобгар шахс тайинланмаган бўлса, 931 тасида оператор ва жавобгар шахсларнинг лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилмаган. 854 та аттракционда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.

  • 28 июнь куни Жиззах шаҳридаги "Истиқлол" болалар истироҳат боғида аттракцион тутқичи синиб кетиши оқибатида 20 яшар қиз ҳалок бўлгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.
  • Шунга ўхшаш бошқа ҳодисалар тўғрисида ҳам Озодлик ўз вақтида хабар берган.

Ўзбекистон муфтийси Чеченистонда Рамзан Қодиров масжиди очилишида қатнашади

Грознийда11 йил муқаддам туркча услубда қуриб битказилган жомеъ масжидига Аҳмад ҳожи Қодиров номи берилган.

22 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировнинг таклифига биноан Шали шаҳрида бунёд этилган муҳташам Рамзан Қодиров масжидининг очилиш тадбирида иштирок этиш учун ушбу давлатга жўнаб кетди.

Бу ҳақда хабар қилган Мусулмонлари идораси матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон делегацияси таркибига ҳукумат вакиллари, уламолар, мударрислар ва оммавий ахборот вoситaлари вакиллари киритилган.

Айтилишича, Чеченистонда очилаётган масжид "меъморчилик анъаналарини безавол сақлаб келаётган маҳоратли ўзбек меъморлари томонидан лойиҳалаштирилган ва Марказий Осиёга хос услубда қурилган".

Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров 2017 йил кузида Ўзбекистон қилган сафари доирасида Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасини бориб кўрган.

  • 22 август куни очилаётган масжид 2016 йилнинг охирида фойдаланишга топширилиши хабар қилинган эди.
  • Россиялик ва халқаро ташкилотлар Рамзан Қодировни инсон ҳуқуқларини қўпол бузиб келаётганликда айблаб келади.

Мирзиёев Қорақалпоғистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишини белгилаб берди

Президент Мирзиёев Қорақалпоғистонда фаоллар билан учрашмоқда.Президент расмий сайтидан олинган фотосурат.

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида Нукус шаҳрида ўтказган йиғилишида «Қорақалпоғистонни янада тараққий эттириш бўйича бешта устувор йўналиш белгилаб берди».

Президент расмий сайти бешта устувор йўналиш нималардан иборат экани тўғрисида хабар берди:

«Биринчиси саноатни ривожлантириш, барча тармоқларда йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишдан иборат.

Иккинчи устувор йўналиш тадбиркорлик гуллаб яшнаши учун кенг йўл очиб бериш ва уни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашдир.

Қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни кенг жорий қилган ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажми, ҳосилдорлик ва маҳсулот турларини кескин ошириш учинчи устувор йўналиш этиб белгиланди.

Тўртинчиси – ишлаб чиқариш ва одамлар учун қулай бўлган замонавий инфратузилмани яратиш.

Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароити ва турмуш даражасини яхшилаш юзасидан кенг қамровли ишларни амалга ошириш эса бешинчи устувор йўналиш сифатида эълон қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир йўналишда назарда тутилган масалаларга алоҳида тўхталиб, улар бўйича фаол ишлаш зарурлигини таъкидлади».

Мирзиёев 20-21 август кунлари Қорақалпоғистонда бўлган эди.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари бугун Тошкентда музокаралар ўтказади

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл.

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл раҳбарлигидаги делегация икки томонлама музокаралар ўтказиш учун 22 август куни Тошкентга келади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Тошкентдаги музокаралардан сўнг Дэвид Хейл Самарқанд шаҳрига саёҳат қилади.

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Хейл “Ўзбекистон президентининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватланишини намойиш этиш мақсадида Тошкентга боради”, деб билдирган эди.

Тошкентга келишдан олдин Хейл Нур-султонда 21 августда ўтказиладиган Марказий Осиё давлатларининг C5+1 доирасидаги йиғилишида иштирок этди. Ташрифнинг асосий мақсади ҳам мана шу ҳисобланади.

C5+1 деб номланган мулоқот 2015 йил Самарқанд шаҳрида бошланган эди. Мазкур мулоқот доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ расмийлари учрашадилар.

Ўзбекистонлик курашчи "миллий низо қўзғаш"да айбланмоқда

Иллюстратив сурат.

Қирғизистоннинг Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси ўзбекистонлик спортчи Нурсултон Рўзибоевга нисбатан “ирқий, этник, миллий, диний ёки ҳудудлараро низо қўзғаш” айблови билан жиноят иши қўзғатди.

Маҳаллий нашрларнинг 21 август куни Ички ишлар бошқармаси тарқатган расмий баёнотга таяниб хабар беришича, Рўзибоев 18 август куни Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида “Қулатуу” яккакураши бўйича ўтган турнирда иштирок этган ва қирғизистонлик спортчига ютилиб қолган. Шундан сўнг у Instagram орқали ҳақоратли видеони тарқатган.

Ички ишлар бошқармаси “Рўзибоев айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида бўлгани учун унга нисбатан тергов Минск конвенцияси асосида ўтказилиши”ни ҳам билдирган.

Рўзибоев кейинроқ бу видеони ўчириб, ўрнига бошқа видеони эълон қилди. Видеода Рўзибоев: “Биринчидан судья бизнинг байроғимизни ирғитиб юборди, сўкиниб, турта бошлади. Унинг бизнинг байроғимизни ирғитиб ташлашга, сўкинишга нима ҳақи бор эди? Бир гуруҳ одамлар мени калтаклашмоқчи бўлишди. Нега улар меҳмонларга бундай муносабатда бўлишди”, деб айтди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган турнир видеосида судья Ўзбекистон байроғини Рўзибоев қўлидан тортиб олиб, ерга отиб юборганини кўриш мумкин.

Бироқ ҳозирча Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳам, ҳукумат органлари ҳам мазкур ҳолатга муносабат билдирмади.

Ўзбекистон ҳукумат органлари ҳам Ўзбекистон байроғига бундай муносабатда бўлиниши юзасидан ўз фикрини билдирмади.

Адлия вазирлиги 1 сентябрдан бошлаб никоҳ ёши тенглашганини эслатди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши бир хилда ўн саккиз ёш этиб белгиланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Айни пайтда Ўзбекистонда оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 этиб белгиланган.

Қизлар ва йигитлар учун никоҳ ёшини тенглаштириш ташаббуси 2018 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан кўтарилган эди.

Қўмита эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатларини эътироф этган ҳолда никоҳ ёшини оширишни таклиф қилган.

Кинофильмлар мазмунини назорат қилиш Республика кинопрокат марказига юклатилди

Зўравонлик, порнографияни тарғиб қилувчи, Ўзбекистон ҳақида нотўғри ахборот тарқатиш, унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятларини бузиб кўрсатувчи фильмлар тарқалишига йўл қўймаслик Республика кинопрокат марказининг асосий мажбуриятларидан биридир.

Бу мажбурият Республика кинопрокат марказига Вазирлар Маҳкамаси 19 августда қабул қилган "Кинематография соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарор билан юклатилгани тўғрисида Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарор билан Давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқарилган ва хориждан олиб кириладиган фильмлар дистрибуциясини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Республика кинопрокат маркази дистрибьютерлик фаолиятини амалга оширувчи ташкилот ҳисобланади.

Эндиликда кинотеатрларда фильмлар Марказ ҳузуридаги Методик кенгашнинг тавсияси бўйича шакллантириладиган репертуар режа асосида намойиш этилади.

Самарқандда давлат дастури бўйича қурилган 1344 та уйнинг 335 таси муҳтож эмасларга сотилган

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов

Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида 2018 йили қурилган 1344 та уйнинг 335 таси аслида уйга муҳтожлиги бўлмаганларга сотилган.

Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Қорасув массиви аҳолиси билан ўтказган учрашувда билдиргани тўғрисида kun.uz хабар қилди.

«Кўплаб уйлар унга эҳтиёжи бўлмаганларга берилган. Биз уларни судга бериб уйларни бўшатамиз ва ишчи гуруҳ шакллантирган рўйхатдаги чиндан эҳтиёжмандларга берамиз. Давлат дастури асосида қурилган уйларни тақсимлашда Самарқанд шаҳар ҳокимияти томонидан қинғирликларга йўл қўйилган ва мен бу учун яна бир марта узр сўрашга тайёрман», деган Эркинжон Турдимов.

ИИБ ходими фуқарога қандай ҳолатларда куч ишлатиши мумкинлиги эслатилди

16 август куни Озодлик Оққўрғон туман марказидаги деҳқон бозорида норозилик билдирган аёлларга милиция куч қўллагани ҳақида хабар берган эди.

Агар ички ишлар ходими зиммасига юклатилган мажбуриятларни куч ишлатмай бажаришининг иложи бўлмаса, у куч ишлатиши, жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаши мумкин.

Адлия вазирлиги "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонундан келиб чиқиб қуйидаги ҳолатларда куч ишлатиш мумкинлигини эслатди:

жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;

ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.

Жисмоний куч ишлатилиши шахсларнинг хатти-ҳаракатлари хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак.

Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида ички ишлар органлари прокурорга дарҳол хабар беради

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳудудида ёнғин юз берди

Ўзбек ўт ўчирувчилари машғулот пайтида.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси худудида 21 август куни соат 01:54 да ёнғин юз берди.

Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг маълум қилишича: “Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси 69-уйда жойлашган “Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси” худудида жойлашган бинонинг ошхонаси, ёрдамчи хоналари ва том қисми 400 кв.м. майдонида ёнган”.

Расман билдирилишича, ўт ўчирувчилар воқеа жойига соат 02:00да етиб борган. Ёнғин соат 02:45да қуршаб олиниб, соат 03:36да ўчирилган.

Ёнғин жойига 12 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган.

Маълум қилинишича, ёнғин электр симларининг қисқа туташуви оқибатида юз бергани тахмин қилинмоқда.

“Юз берган ҳодиса натижасида инсонларни ҳалок бўлиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмади”, дейилади хабарда.

Молия вазирлиги АҚШнинг бюджет шаффоф эмаслиги тўғрисидаги танқидига жавоб қайтарди

Молия вазирлигининг 19 август учун ҳисоботи. Молия вазирлиги сайтидан олинди.

Молия вазирлиги ҳар ойда вазирликлар ва идораларга ажратилган бюджет маблағлари ва турли соҳага ажратилган маблағлар тўғрисидаги ҳисоботларни ўз расмий саҳифаларида эълон қилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги 20 август куни маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, шунингдек, дам олиш кунларидан ташқари ҳар куни давлат бюджетининг даромад ва харажатлари ҳамда давлат харидлари тизимида тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар бериб борилади.

Openbudget.uz электрон портали орқали эса давлат бюджетининг ижроси, унинг параметрлари, таркибий қисмлари ва прогноз кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилади.

Вазирликнинг бу баёноти АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни шаффофликни таъминлай олмаётган давлатлар рўйхатига киритгани ортидан эълон қилинди.

Давлат департаментининг 15 август куни дунё давлатларидаги шаффофликка бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботини жамоатчиликка тақдим этганда. Унда Ўзбекистондан ташқари мазкур рўйхатга яна 67 давлат киритилган.

Ҳисоботда АҚШ Ўзбекистонга бюджетда режалаштирилган харажатлар ҳамда даромадлар ҳақида батафсил маълумотларни, табиий ресурслардан олинган даромадлар ва ҳукуматнинг бюджетдан ташқари ҳисоблари тўғрисидаги маълумотларни аҳолига ошкор этишни тавсия қилган эди.

Бухорода аварияга учраган тожикистонликлардан бирининг аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда

Иллюстратив сурат.

Бухорода аварияга учраган тожикистонликлардан бирининг аҳволи ўта оғир, у кома ҳолатида ётибди. Бу ҳақда 20 август куни Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига таянган ҳолда “Бухоро ёшлари” газетаси маълум қилди.

Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 19 август куни Бухоро вилояти Жондор туманида А-380 йўлида Mercedes-Benz Sprinter микроавтобуси аварияга учраганини маълум қилган эди.

Москвадан Душанбега Бухоро орқали кетаётган микроавтобус Тожикистон фуқаросига тегишли бўлган.

"Микроавтобус ғилдирак ёрилиши натижасида ағдарилиб кетган. Натижада тўққиз йўловчи жароҳатланган. Уч киши шифохонага ётқизилди. Қолган олти кишини шифохонага ётқизишга ҳожат бўлмади. Уларга ҳодиса жойида тиббий ёрдам кўрсатилди. Бошқа йўловчилар Газлидаги меҳмонхонага жойлаштирилди”, деб билдирган вазирлик.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, микроавтобусда Россиядан Тожикистонга қайтаётган 18 нафар меҳнат муҳожири бўлган. Улардан 8 нафари енгил ва 1 нафари ўта оғир жароҳат олган.

Етти ойда хорижга деярли 3,5 миллиард долларлик олтин сотилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон июль ойида аввалги беш ойдагидан кўпроқ олтин сотди. Давлат статистика қўмитасининг билдиришича, 2019 йилнинг январидан май ойигача хорижга 1 миллиард 200 миллион долларлик олтин сотилган эди. Июль ойида эса сотилган олтин миқдори 1 миллиард 400 миллион доллар бўлди.

Жами етти ой давомида Ўзбекистон хориж давлатларига 3 миллиард 400 миллион долларлик олтин сотган.

Қиёслаш учун айтиш лозимки, 2018 йилнинг январидан июль ойигача хорижга 1,5 миллиард долларлик олтин экспорт қилинган эди.

Статистика қўмитаси сўнгги беш йилда экспортда олтин ҳажми 12,1 фоиздан 31,8 фоизга кўтарилганини қайд этган.

Аввалроқ Ўзбекистон 2019 йилда 80 тонна олтин сотишни режалаштираётгани хабар қилинган эди. Бу эса 2018 йилга нисбатан 10 тоннага кўпроқдир.

Ўзбекистон маҳсулотларини энг кўп сотиб олаётган давлат Хитой бўлиб қолмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондан товар ва хизматларни экспорт қилувчи асосий давлат Хитой бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди.

Билдирилишича, Ўзбекистондан экспорт қилинаётган товарларнинг 16 фоизини Хитой сотиб олади. Россияга 13 фоиз, Қозоғистонга 8 фоиз, Туркияга 6 фоиз, Қирғизистонга 4 фоиз, Афғонистонга 3 фоиз ва Тожикистонга 1,6 фоиз маҳсулот экспорт қилинади.

Ўтган йили маҳсулотлар 144 давлатга экспорт қилинган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 151тага етди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2019 йилнинг январидан июлигача 10 миллиард 800 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Бу эса 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 44, 5 фоизга кўпдир.

Марказий банк сўмнинг хориж валюталарига нисбатан қадрсизланиши бўйича изоҳ берди

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов.

20 август куни Ўзбекистон Марказий банки валюта биржасидаги савдоларда сўм алмашув курсининг 2,76%га пасайиши муносабати билан бораëтган жараëнларга изоҳ берди.

Банк расмий сайтида эълон қилинган ахборотда сўмнинг қадрсизланиши кўпчиликни ташвишга солаëтгани эътироф этилган¸ айни пайтда¸ Марказий банкнинг валюта бозоридаги сўнгги қадами объектив иқтисодий зарурият маҳсули экани таъкидланган.

Марказий банк биржа савдоларида валюта курсининг эркин, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда шаклланишига имкон берувчи механизмга ўтишини эълон қилгани ортидан¸ ўзбек сўмининг қадри пасая бошлади.

20 август куни бир АҚШ долларининг Марказий банк томонидан белгиланган расмий курси 323 сўмга қимматлади ва 9384 сўмни ташкил этди.

Алмашув курси ўзгаришининг ички нархларга таъсири¸ инфляциянинг кучайишига ҳам муносабат билдирган Марказий банк¸ ўз баëнотида¸ инфляцияни тўхтатишнинг “энг тўғри йўли иқтисодиётда рақобат ва инвестицион эркинликни ошириш” эканини таъкидлаган.

Президент Тошкент аграр университетини такомиллаштиришга қарор қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 19 август куни “Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Расмий матбуотда эълон қилинган қарордан мақсад¸ унда ëзилишича¸ хусусан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига Smart agriculture – ақлли ва дигитал агротехнологияларни татбиқ этиш¸ фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этишдан иборат.

Қарорда жумладан¸ Тошкент давлат аграр университетини 2025 йилга қадар дунёнинг нуфузли1000 та олий таълим муассасалари рўйхати (QS рейтинг тизими)га киритиш бўйича уч ой ичида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳам топширилган.

Қарор ижроси устидан назорат Бош вазир Абдулла Ариповга юклатилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG