Линклар

Шошилинч хабар
24 феврал 2019, Тошкент вақти: 10:32

Ҳиндистонда тутқунликдаги энг кекса фил 88 ёшда ўлди


Ҳиндистоннинг Керала штатида тутқунликдаги энг қари Осиё фили 88 ёшда ўлди. Бу ҳақда пайшанба куни мамлакат расмийлари билдирди.

“Фил буви” лақаби берилган Дакшаяни исмли фил ўнлаб йиллар давомида турли маросим ва тадбирларда иштирок этган эди.

Ветеринар Т. Режив AFP агентлигига берган интервьюсида:

- Соат учда, бош қисмида титроқ бошланиб, бутун танаси бўйлаб тарқалди. Бир неча дақиқадан кейин, олдинги оёқларини эгиб, ётди. Бўлгани шу, - деди.

Гиннесc рекордлар китобида тутқунликдаги энг ёши кекса фил ўлароқ тан олинган Лил Ванг исмли Осиё фили 86 йил яшаган. Ванг 2003 йил Тайвань ҳайвонот боғида вафот этган эди. Тутқунликдаги филлар одатда 40 йилдан кўпроқ яшайди.

Кейинги йилларда Дакшаянининг кўриш қобилияти сустлашиб, ҳаракатланиши қийинлашиб қолган. Шу сабаб унинг метаболизмини яхшилаш мақсадида унга ананас ва сабзи бера бошлашган.

Раживнинг айтишича, Дакшаяни кейинги уч йил давомида ҳеч қандай тадбирда иштирок этмаган.

Ёввойи ҳайвонларга инсоний муносабатда бўлиш тарафдорлари фил ва умуман бошқа ҳайвонлар тутқунликда ушлаб турилишини кескин танқид қилиб келади.

Мутахассислар ҳисобларига кўра тақрибан 15 минг Осиё фили, яъни барча Осиё филларининг учдан бири тутқунликда, кўп ҳолатларда аянчли шароитларда сақланади.

Ўтган ойдан ўтказилган сўровга кўра, Ҳиндистонда 2 454 бош фил тутқунликда сақланади.

Дакшаянига эгалик қилган Travancore Devaswom Board ширкати етакчиларидан бири Праяр Гоплакришнан эса уни қўйиб юборишнинг иложи бўлмаганини, у эркин ҳаракатланиши учун етарлича катта ҳудудда сақланганини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG