Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:57

Мирзиёев: ҳарбийларнинг 700 фарзанди грант асосида олий таълим олади


Президент Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 27 йиллиги муносабати билан байрам табригини йўллади.

Президент матбуот хизмати чоп этган табрик матнда президент барча ҳарбийларни байрам билан табриклаб, уларга ватан олдидаги хизматлари учун миннатдорлик билдирган.

Шунингдек, Мирзиёев мамлакатда Қуролли Кучлар ҳарбийларининг салоҳиятини ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш учун, аввало уларнинг оилаларига муносиб шароит яратиш заруратини қайд этган.

"Масалан, 2019 йилнинг ўзида ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли кредитлар асосида 116 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади. Ҳарбий хизматчиларнинг 700 дан зиёд фарзандлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади", дейилади табрикда.

Айни пайтда, президент мамлакатда ички хавфсизликни таъминлаш учун ​"Армия ва халқ – бир тану бир жон!" деган ғоя барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олаётганини қайд этган.

Бундан ташқари, табрикда халқаро терроризм, экстремизм, миллий ва глобал хавфсизликка қарши таҳдидлар ортиб бораётгани боис Ўзбекистоннинг ​ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилгани эслатиб ўтилган.

Ҳарбий аскарларнинг билимини ошириш учун эса, президент, қасамёддан олдин номзодлардан қўшимча имтиҳон олишни таклиф қилган.

"Шу мақсадда ёш аскар ва курсантлар учун ҳарбий қасамёд қабул қилишдан аввал “Ўзбекистон тарихи” фани ва “Темур тузуклари” китоби бўйича синов ўтказиш тартибини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир", дейилади табрикда.

Президентнинг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойиши билан 2018 йил, 15 декабрдан "Ватанпарварлик ойлиги" бошланганди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига кўра, ойлик доирасида 2018 йил 15 декабрдан 2019 йил 15 январга қадар "Ватан — муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!" деган умумий шиор остида тадбирлар ўтказилган.

XS
SM
MD
LG