Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:29

МХХнинг Марказий банкдаги собиқ куратори Алишер Акмалов озодликка чиқарилди


Марказий банк раиси ўринбосари Алишер Акмалов.
Марказий банк раиси ўринбосари Алишер Акмалов.

Ўзбекистон Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари Алишер Акмалов ўтган ой озодликка чиққан ва ҳозирда ўзининг Луначарский марказидаги ҳовлисида яшамоқда.

Бу ҳақда Озодликка Алишер Акмаловни бевосита кўрган ва унинг иши тафсилотларидан хабардор тошкентлик бир неча мулозим хабар қилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Алишер Акмалов билан боғлиқ сўнгги янгилик юзасидан Озодлик саволига “мазкур ишнинг махфий тарзда тергов қилингани боис¸ унга оид маълумот берилмаслигини” билдириш билан чекланди.

Ўзбекистон Марказий банкида 25 йил давомида МХХ куратори¸ ходимлар тили билан айтганда¸ “режим бошлиғи” бўлган 56 яшар Алишер Акмаловнинг 2018 йил март ойида ҳибсга олингани ҳақида Озодлик биринчи бўлиб хабар тарқатган эди.

“Маҳаллада юрипти...”

Алишер Акмаловнинг озодликка чиққани ҳақида Озодликка хабар қилган тошкентликлардан бири¸ уни янги йил арафасида маҳалласида ўз кўзи билан кўрганини айтди.

Конвертация қироли” ҳозир яна юрипти очиқда. Конторский эди¸ (Нодир) Тўрақулов ва Ҳаëт (Шарифхўжаев – иккаласи ҳам юқори даражали МХХ собиқ амалдорлари – таҳр.) иши бўйича қамоққа олишганди. Камида 200 миллион доллар тўлади¸ дейишаяпти. Лондондаги квартираси ва Ригадаги ҳовлисини зарарни қоплаш учун давлатга ўтказиб берганмиш. Пул тўлаган¸ лекин қанча тўлаганини аниқ айтиш қийин”.

Миллий хавфсизлик хизматининг Ўзбекистон банк системаси устидан назоратини амалга ошириб келган асосий мулозими бўлган Алишер Акмаловнинг 2018 йил декабрида озодликка чиқарилганини Марказий банк мулозимларидан бири ҳам тасдиқлади.

Акмалов уйига қайтипти. Гўёки президентнинг ўзи қўйворинглар¸ деб айтганмиш. Президент номини сотмаяптимикин¸ деб ўйлаяпман. Ҳали суд тугамай туриб¸ уйига чиқиши жуда қизиқ. Тахминларга кўра¸ бир неча юз миллион долларлик катта гаров эвазига чиққан. Лекин Марказий банк берган камтар ойлик билан бунча бойликни йиғиш - ақлга сиғмайди”¸ дейди Марказий банкнинг Алишер Акмалов билан бирга ишлаган мулозимларидан бири шахси очиқланмаслигини сўраб.

Махфий тергов

Алишер Акмаловнинг қарийб 10 ойлик ҳибсдан сўнг озодликка чиққани ҳақидаги хабарга Ўзбекистон Бош прокуратураси “мазкур ишнинг махфий тарзда тергов қилингани боис¸ унга оид маълумот берилмаслигини” билдириш билан чекланди.

Айни пайтда¸ республика ҳуқуқ тизимида ишлайдиган, махфий иш бўйича матбуотга маълумот бериш ваколати йўқлиги боис исми очиқланмаслигини истаган мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ Ўзбекистон жиноят-процессуал қонунчилигига кўра¸ у ëки бу шахс томонидан давлатга етказилган зарар тўлиқ қопланса, қўлланилган қамоқ эҳтиëт чораси озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиëт чорасига ўзгартирилиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб¸ Алишер Акмаловга нисбатан қамоқ эҳтиëт чораси ўзгартирилиб¸ унинг уйига чиқарилганини айтиш мумкин. Лекин бу ерда гап жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида бормаяпти. Айбдорлик масаласи суд қарори билан ҳал этилади. Иш судга оширилган”.

Ҳозирча Алишер Акмаловга нисбатан қамоқ эҳтиëт чорасининг қачон¸ қайси суд қарори билан ўзгартирилгани Озодликка маълум эмас.

Айни пайтда Алишер Акмалов устидан суд жараëни бошланганми-йўқми, унга қандай расмий айблов қўйилгани ҳақида ҳам Озодликда расмий маълумот йўқ. Иш тафсилотидан билвосита хабардор манбалар¸ унинг “хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда” айбланаëтганини билдирган эди.

1997 йилдан 2018 йилнинг февралига қадар 21 йил узлуксиз Марказий банк раисининг ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Алишер Акмалов¸ Озодлик манбаларига кўра¸ ишдан олинишидан бир ой ўтиб-ўтмай ҳибсга олинган эди.

Иш тафсилотларидан хабардор мулозимлар¸ унинг Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров иши доирасида¸ айни пайтда¸ МХХ Tергов бошқармаси собиқ терговчиси Нодир Тўрақулов ва МХХ собиқ генерали Ҳаëт Шарифхўжаевлар кўрсатмалари асосида ҳибсга олинганини билдирган эди.

“МХХчилар ғалабаси”

Банк тизимининг Озодлик гаплашган бир неча хизматчиси¸ Алишер Акмаловни Ўзбекистон банк-молия структураларини МХХ генераллари учун пул ювиш механизмига айлантириб¸ 20 йилдан кўпроқ бу тизимни назорат қилиб келган шахс сифатида таърифлади ва унинг озод этилиши¸ ҳалол мутахассислар руҳини туширганини айтди.

Акмалов банк тизимини расво қилганлардан бири ва унинг уруғи кўп ҳалигача бу тизимда. Улар¸ албатта¸ хурсанд, бу хурсандликларини билдириб қўйишаяпти. Президентнинг ҳамма ëқни “ўғри-каламуш”лардан тозалаш ҳақидаги ваъдаси қаерда қолди? Бу нарса давлатнинг миллиардлаб доллар пулини ўғирлаб¸ унинг бир неча юз миллионини қайтариб берсанг¸ бемалол юравер¸ деган жуда хунук хулосага келишга мажбур қилаяпти одамларни”.

Озодлик суҳбатдошлари Алишер Акмаловнинг МХХ собиқ раиси генерал Рустам Иноятовнинг яқин одами экани ва унинг озод этилиши¸ Иноятов ва қариндош-уруғларининг ҳамон президент қарорига таъсир кўрсатиш қудратига эгалигини кўрсатишини айтади.

Хўжайини Иноятов ҳам¸ қудаси Саидова ҳам президент маслаҳатчиси бўлиб ўтирипти ”¸ дейди Алишер Акмаловнинг собиқ ҳамкасбларидан бири.

Алишер Акмаловнинг укаси Қаҳрамон Акмалов акаси ҳибсга олинганидан кўп ўтмай 2018 йилнинг майида Бош вазир ўринбосари – Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбари лавозимидан бўшатилган эди.

XS
SM
MD
LG