Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2018, Тошкент вақти: 19:25

Британия “олтин виза” беришни вақтинча тўхтатди


Буюк Британия ҳукумати пул ювиш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашни кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар доирасида бадавлат хорижийларга “олтин виза” беришни вақтинча тўхтатди.

Ички ишлар вазирлигининг Bloomberg агентлигига билдиришича¸ Британия иқтисодига 2 миллион фунт стерлинг (тақрибан 2¸5 миллион АҚШ доллари) миқдорида сармоя ëтқизган чет элликларга виза бериш 2019 йилдан янги талаблар билан қайта тикланади.

Британияда яшаш ҳуқуқини берувчи “олтин виза”га мурожаат қилувчилар¸ айтилишича¸ бундан сўнг ўз бойлигининг қаердан олинганига оид молиявий текширувдан ўтказилади.

Шунингдек¸ давлат облигацияларини сотиб олган чет элликларга инвестор мақомини бериш ҳам тўхтатилади. Олтин визага мурожаат қилувчилар¸ Британия иқтисодига киритмоқчи бўлган маблағи камида икки йил давомида ўз ҳисобида бўлганини исбот қилиши лозим бўлади.

Айни пайтда Лондон ҳукумати¸ 2015 йил баҳорига қадар берилган “олтин виза”ларнинг қайта кўриб чиқилишини ҳам эълон қилди.

Бу ўзгаришларнинг энг кўп Россия бойларига таъсир қилиши кутилмоқда.

Жорий йил баҳорида Лондон расмийлари “Chelsea” футбол клуби эгаси¸ россиялик миллиардер Роман Абрамович визасини узайтириш сўровини рад этди. Россиядан келаëтган “ифлос пуллар” ҳақида эълон қилинган парламент ҳисоботида ҳукуматдан Путин ва унинг атрофидагиларга нисбатан молиявий босимни кчайтиришни талаб қилган эди.

XS
SM
MD
LG