Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2018, Тошкент вақти: 18:05

Ucell ширкатига UzMobile собиқ бош директори Владимир Кравченко раҳбар бўлди


Telia Company Uсell ширкатини Ўзбекистонга сотгани тўғрисидаги расмий маълумот.

Давлат томонидан сотиб олинган Ucell уяли алоқа ширкатига UzMobile миллий уяли алоқа операторининг собиқ бош директори Владимир Кравченко раҳбар этиб тайинланди.

Маҳаллий нашрларнинг билдиришича, у 5 декабрь куни Ucell жамоасига таништирилган. Бунга қадар ширкатни 2014 йилдан бери Тону Грюнберг бошқариб келаётган эди. Ucell'даги манбаларнинг билдиришларича, ширкатнинг хорижлик ходимлари ишдан бўшатилган ва уларнинг ўрнини маҳаллий мутахассислар эгаллаган.

33 ёшли Владимир Кравченко Тошкент халқаро Вестминстер университетини тамомлаган. У 2017 йил мартида UzMobile бош директори этиб тайинланган, кейинроқ эса амал даражаси пасайтирилиб, ширкатда тижорий директор сифатида фаолият юритаётган эди.

5 декабрь куни акцияларининг учдан бир қисми Швеция ҳукуматига қарашли бўлган Telia (аввалги номи TeliaSonera) ширкати Ucell алоқа операторини Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига 215 миллион долларга сотганини эълон қилган эди.

Ўзбек телеком бозорига кириш учун 1- президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 331 миллион доллардан ошиқ пора берганликда айблангани ортидан АҚШ Адлия вазирлигига қарийб 1 миллиард доллар жарима тўлашга мажбур бўлган Telia Ucellдан шу тарзда қутилиб¸ Ўзбекистонни тарк этди.

2018 йилнинг 5 декабрь куни Telia Company ўз расмий сайтида Ўзбекистондан чиқиб кетиш операцияси ниҳоясига етганини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG