Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:50

Қодиржон Ботиров Қирғизистонда дафн этилмайдиган бўлди (ВИДЕО)


Қодиржон Ботиров
Қодиржон Ботиров

Украинанинг Одесса вилоятида 4 декабрь куни 62 ёшида вафот этган Қирғизистондаги ўзбек миллий маданий марказининг собиқ лидерларидан бири, йирик тадбиркор Қодиржон Ботиров туғилиб ўсган юрти Жалолободда дафн этилмайдиган бўлди.

Бу маълумотни Озодлик радиоси бир биридан мустақил ва турли даражалардаги олти нафар манбадан суриштириб билди.

Жалолободдаги ўз номи ва овози ошкор этилиши истамаган манбаларнинг айтишича, дастлаб Қодиржон Ботировнинг яқинлари марҳумни Жалолободда дафн қилиш имкониятларини ўрганишган. Бу борада маҳаллий фаоллар, оқсоқоллар ва расмийлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилган. Маслаҳатлашув натижасида Қодиржон Ботировнинг жасадини Жалолободга олиб келмаслик тўғрисида қарорга келинган.

Бишкекдаги ҳукумат идораларидан биридаги ишончли манба маслаҳатлашувда мамлакатда 2010 йилдан сўнг қийинчилик билан қарор топтирилган барқарорликни бузмаслик учун шундай қарор қабул қилинганини айтди.

“Биринчидан, Ботировнинг жасади Қирғизистонга олиб келинса, унга қарши бўлган одамлар жаноза пайтида зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин эди. Иккинчидан, марҳум дафн этилганидан сўнг фитна чиқармоқчи бўлган учинчи кучлар унинг қабрини бузиб, жасадни таҳқирлаб, вазиятни кескинлаштириш эҳтимоли ҳам мавжуд”, деди манба.

Бу маълумотларни Қодиржон Ботировнинг ўз исмини айтишимизни истамаган яқинларидан бири ҳам тасдиқлади:

-Қариндош-уруғлар шу ерда (Жалолободда- муҳаррир) туриб Қуръон тиловатимизни қилиб қўяверамиз. Лекин жасадни Ўзбекистонга, Тошкентга олиб келиш ҳаракати бор. Энди Аллоҳ қўрсатган йўлга қараб, ҳаракат қилаверамиз, - деди Қодиржон Ботировнинг яқинларидан бири.

Унга кўра, Жалолободда Қодиржон Ботиров яшаган маҳалла ва марҳумнинг қариндошлари яшаган уйлар милициянинг қаттиқ назоратига олинган.

-Маҳаллада ва қариндош уруғларнинг орасида бир ўнтача уйни милиция ходимлари тўлиқ ўраб олишган. Ўлган одамнинг қўлидан нима ҳам келар эди? Ўликни ҳам бемалолроқ кўмиб олишга имконият беришмас экан-да, дейманда. Мен ўзим кўриб, билган нарсаларни айтаяпман,-деди Қодиржон Ботировнинг яқинларидан бири.

Аммо марҳумнинг Жалолободдаги маҳалладошларидан бири маҳаллада милиция ходимларини кўрмаганини, Қодиржон Ботировнинг хонадонида дарвозалар очилиб, аза тутилаётгани, бироқ таъзия билдиргани келган одамлар сони ўн нафарга яқинлигини айтди.

Ботировнинг "кутилмаганда вафот этгани ҳақида" марҳумнинг яқинлари 4 декабрда маълум қилган эдилар. Уларга кўра, Қодиржон Ботиров "хуфтон намозини ўқигач, ётган ва қайта уйғонмаган".

Қодиржон Ботиров 2010 йил 7 апрель инқилобидан сўнг ҳокимиятга келган муваққат ҳукуматни қўллаб - қувватлаган эди.

Кейинроқ, мамлакатда вазият таранглашгач, хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати 500 нафарга яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлган Ўш воқеаларини уюштиришда Қодиржон Ботировни айблаганди.

Кейинчалик Қирғизистон суди ҳукми билан у сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Қодиржон Ботировнинг мулки 2011 йилда суд ҳукми билан давлат тасарруфига ўтказилган.

Ҳужжатларга асосан ўшанда Қодиржон Ботиров ва унинг турмуш ўртоғи Каромат Ботировага тегишли 28 объект ҳибс этилган.

Қодиржон Ботиров Озодлик радиосига берган интервьюларида ўзига билдирилган айбловни инкор қилган эди.

Қодиржон Ботиров Қирғизистондан қандай чиқиб кетгани, муваққат ҳукумат ва Атамбаев ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:35 0:00

Яқинларидан бирига кўра, Қодиржон Ботиров корхона ва мол-мулкини идора қилиш учун Украинага борган бўлган.

Қодиржон Ботиров бир неча йил муқаддам Швецияда сиёсий бошпана олган эди.

XS
SM
MD
LG