Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2018, Тошкент вақти: 17:11

Ўзбек суди поп юлдуз Арашни жавобгар деб топди. У Тошкентга келса, дарҳол қамалади


Арашнинг Ўзбекистонда ўтмаган концерти афишаси

Ўзбекистондаги Nigora Media Group​ раҳбари Нигора Соим асли эронлик хонанда, поп юлдуз Арашни судда ютиб чиққани аммо ҳануз ҳукм ижро қилинмаганлигини Озодликка айтди.

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг жорий йил 12 июнидаги ҳукмига кўра¸ қўшиқчи Арашни тамсил қиладиган "Extensive Muzik Sweden AB" ширкати Ўзбекистондаги Nigora Media Group ширкати билан тузилган шартномаи бажармагани учун 24 минг 485 АҚШ доллари ва 7 миллион 200 минг сўм миқдоридаги зарарни қоплаши лозим.

Озодликдаги нусхаси бўлган суд ҳукмида ëзилишича¸ "айбдор томон бу суммани Nigora Media Group ҳисобига ўтказиб бериши керак".

Суд ҳукми
Суд ҳукми

Нигора Соимга кўра¸ у Арашнинг Тошкентдаги концертга келмагани боис, 50 минг долларга яқин зарар кўрган.

Арашнинг Тошкентдаги концерти дастлаб 13 октябрга белгиланган, кейин 31 октябрга кўчирилган эди.​

- Келишувга кўра, Арашга олдиндан гонорарнинг 50 фоизини тўладим¸ мана банк ҳужжати (ҳужжат нусхаси Озодликда мавжуд - таҳр.). Шунингдек, унинг 11 кишилик жамоаси аъзоларига чипта ҳам юбордим¸ мана чипталар. Аммо, шунга қарамасдан, Араш келмади. Концерт бекор бўлди. Мингга яқин чипта пулини томошабинларга қайтариб бердим. Аснода 50 минг долларга яқин зарар кўрдим. Бу зарарни ундириш учун Арашни судга бердим. 2017 йилдан то бугунгача суднинг 11та мажлиси бўлди. Олий суддан ҳам изоҳ олдик. Суд ҳукмини таржима қилиб Арашга жўнатдик. Аммо у ҳукмни игнор қилди¸ - деди Ўзбекистондаги Nigora Media Group раҳбари.

Нигора Соимнинг яна айтишича¸ жорий йил 24 сентябрь куни суд ҳукмини ижро қилиш учун ëрдам сўраб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилган:

- Улар ҳужжатларни Германиядаги Ўзбекистон элчихонасига жўнатишди, - дейди Нигора Соим.

Нигора Соим
Нигора Соим

Аммо, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ходими Азим Озодовнинг Озодликка айтишича, бу ҳужжат ҳали элчихонага келиб тушмаган.

- Элчихона суд ижросини амалга ошириш билан бевосита шуғулланмайди. Биз фақат керакли идорага сўров билан мурожаат қилишимиз мумкин, - деди элчихона ходими.

Ўзбекистон Олий судининг мазкур суд қарори ижроси юзаасидан тушунтириш хатида¸ қўшиқчи Араш истиқомат қиладиган ”Швеция давлати билан Ўзбекистон ўртасида суд ҳукмларини тан олиш ва ижросони амалга ошириш учун ўзаро ҳуқуқий келишув йўқ”лиги таъкидланади.

Озодлик билан суҳбатда Олий суд мулозими ушбу масала бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали Швеция адлия вазирлигига расмий талабнома жўнатиш лозимлигини уқтирди.

Қўшиқчи Арашни МДҲ давлатларида тамсил қиладиган "Extensive Muzik Sweden AB" ширкати вакили Озодлик мухбири билан алоқага киришишни истамади.

Ширкат вакили бу масалада изоҳ беришни мақбул топмади.

Арашни тамсил қиладиган "Extensive Muzik Sweden AB" ширкати устидан судда ютиб чиққан Nigora Media Group раҳбари Нигора Соим 23 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда “Араш ўзбек суди ҳукмнини хурмат қилиб келтирилган зарарни қопласин,” дея билдирди.

Ўзбекистон Мажбурий Ижро Бюросининг Тошкент шаҳри бўйича мулозими “Қўшиқчи Араш мабодо Ўзбекистонга келса, дарҳол суд қарорида кўрсатилган сумма ундириб олинишини” Озодликка маълум қилди.

Жанжалли концерт

Асли эронлик поп юлдузи Арашнинг яккахон концерти Тошкентда бекор қилиниши жанжалли бўлганди.

Таниқли поп юлдузнинг Тошкентдаги концертини 2017 йил 31 октябрда ўтказиш режалаштирилган эди.

Аммо концертдан бир кун олдин Араш Ўзбекистонга боришдан бош тортди.

Озодлик билан ўтган йилги микрофонсиз суҳбатда санъаткор Араш буни Тошкентдаги концерт уюштирувчиларини ўз вазифаларини бажармагани билан изоҳлаган эди.

Араш ўзининг бу воқеага муносабатини унинг вакили малакали ифода қилишини билдирди.

Арашнинг продюсери, Ҳенрик Улман, 2017 йил 14 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда, Арашни Тошкентга таклиф қилган Nigora Media Group ўз ваъдаларига риоя қилмагани учун концертни бекор қилишга мажбур бўлишганини айтди.

- Пулимизни олдиндан тўлалигича беришмади. Шунга концертни бекор қилдик. Бизнинг илк гуруҳимиз шанба куни эрталаб (28-октябрда) Тошкентга учиши керак эди. Аммо, пулимизни тўлалигича ўтказишмаса, биз ҳеч кимга йўлга чиқишга изн бермаймиз, - деган эди Ҳенрик Улман.

Нигора Соим: Араш авансни олган

Nigora Media Group раҳбари Нигора Соимнинг Озодлик мухбири Арашнинг концерти учун келишилган шартноманинг барча талабларини бажарганини маълум қилди.

У олдиндан тўланиши керак бўлган 20 минг доллар юборилганини айтди ва тўлов ҳужжатини Озодликка тақдим қилди.

Арашнинг концертлари билан боғлиқ жанжаллардан бири унинг Душанбега сафари пайтида юз берган эди.

Стадиондаги Араш концерти унинг музикачилари келмагани боис қолдирилган ва ғазабланган мухлислар кўчадаги машиналарни ëқишган эди.

2015 йили Қозоғистондаги "Астана Арена" стдадионидаги концерт олдидан Арашнинг устига рояль ағдарилгани оқбатида унинг ўнг оëғи гипсга солинганди.

Ўзбекистонда хориж поп юлдузлари иштирокидаги концертнинг жанжалга айланиши илк маротаба бўлаëтгани йўқ.

Ҳолливуднинг машҳур киноактери Стивен Сигал 9 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган Asian Fight 2017 Халқаро жанг турнирида қатнашмади.

Бошқа бир жангари юлдуз – Жан Клод Ван Дамм ҳам гонорор тўланмагани учун Тошкентга келмаган эди.

2015 йили Тошкентда Boney M гуруҳи келади, деб чипта сотилган аммо томошабинларга Муниса Ризаева қўшиқ куйлаган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG