Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2018, Тошкент вақти: 14:44

Париж сафари: президент Макрон Елисей саройида Мирзиёевни қабул қилди


Резюме

  • Президент Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 октябрь кунлари бўладиган Францияга расмий ташрифи - унинг президент сифатида Европа иттифоқига илк сафаридир.
  • Шунингдек, бу Ўзбекистон раҳбарининг бу давлатга сўнгги 22 йил ичидаги биринчи расмий ташрифидир. Сўнгги бор, марҳум президент Ислом Каримов 1996 йилда Францияга борган.
  • Ўзбекистон расмий матбуоти Парижда умумий қиймати 4 млрд. еврога тенг шартномалар имзоланади, деб хабар қилмоқда. Икки давлат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми эса, расмий маълумотга кўра, 251 млн. долларга тенг.

Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи 9 октябрь кечки якунига етди.

Президентнинг Парижга расмий ташрифи иккинчи куни:

Елисей саройида Ўзбекистон ва Франция президентлари учрашуви бўлиб ўтди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, икки раҳбар давлатларининг халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга доир ёндашувлари яқин ёки мос экани таъкидлаган.

"Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёнинг тинч ва изчил тараққиётини таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаётгани алоҳида таъкидланди", дейилади хабарда.

Хабарга кўра, икки давлат вакиллари ўртасида ўтган икки кунлик учрашувлар якунида Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати 600 миллион еврога яқин инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланган.

Франциядаги қатор йирик ширкатлар - «Эйрбас», «Тоталь», «Тоталь Эрен», «Винчи», «Орано», «Веолия», «Фивс Штейн», «Буиг», «Ранжис» ва бошқа кўплаб компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда Страсбург университети ва Пантеон Сорбонна университети Париж академияси филиалларини очиш, 2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазма ўтказиш хусусида келишувга эришилган.

Музокаралар якунида ҳужжатлар ўзаро алмашилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэл Макрон Елисей саройида учрашди.

Матбуот хизматининг хабар қилишича, музокарада Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашувларни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилиниши айтилган.

Давомини ўқинг

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG