Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2018, Тошкент вақти: 13:43

Қозоғистонда рўмол билан боғлиқ можародан сўнг мактаб директорига таҳдид қилинмоқда


Янги ўқув йили бошидан бери ҳижобли қизларни дарсга қўймаётган Туркистон вилояти Мақтаарал (Пахтаорол) туманидаги Фирдавсий қишлоғининг Фирдавсий ўрта мактаби директори номаълум кимсалардан таҳдидлар бўлаётганини маълум қилди.

«Мени ўқувчи қизларнинг рўмолларини ечганликда айблашмоқда. Мобил телефонимга менга номаълум бўлган абонентдан «қизларни рўмолини ечишга мажбурлаганим учун ўлдириш таҳдиди» борасида хабар келганидан сўнг, мен полицияга мурожаат қилдим», — дейди Жанар Мамирова.

Туркистон вилояти ички ишлар департаменти матбуот котиби Салтанат Каракозованинг айтишича, Мамированинг аризасига кўра, «Таҳдид» моддаси бўйича жиноий иш очилди ва судга қадар тергов тадбири олиб борилмоқда.

Ўтган ҳафтада Фирдавсий қишлоғида рўмолини ечишни истамаган 13 нафар қизнинг ота-онаси жаримага тортилди. Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, Фирдавсий номли мактабнинг кўплаб қизлари рўмолларни ечган. Бироқ айрим ўқувчиларнинг ота-оналари маъмуриятнинг рўмолни ечиш борасидаги талабига кўнмади ва қизларининг мактабдаги ҳужжатларини олишди.

Бундан аввал шу ҳафтада Фирдавсий қишлоғида 8 нафар қизнинг ота-онаси маъмурият талабига кўнмагани боис маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақида маълум қилинган эди. Мактаб маъмурияти 2016 йил январида Таълим ва фан вазирининг чиқарган буйруғини рўкач қилиб рўмолда бўлган қизларни дарсга қўймаяпти. Вазирлик буйруғида мактаб формаси талаблари баён этилган ва диний атрибутлар тақиқланган.

Ўтган ўқув йилида Қозоғистоннинг айрим минтақаларида вазирликнинг буйруғи рўкач қилинган ҳолда рўмол ўраган қизларнинг дарсга қўйилмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар қайд қилинган эди. Ўшанда ўнлаб ўқувчиларнинг ота-оналари фарзандларини дарсга қўймаган мактаблар маъмурияти устидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган эди. Аҳолининг аризасини кўриб чиққан судлар мактаб ҳамда Таълим ва фан вазирлигининг мавқеини қўллаб-қувватлади.

XS
SM
MD
LG