Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:37

Қозоғистонда мактабга диний кийимда қатнаган болаларнинг ота-оналари жаримага тортилди


Қозоғистоннинг Уральск шаҳридаги 7- мактаб ўқувчилари дарсларга кириб кетаяпти. 2017нинг 5 октябри.
Қозоғистоннинг Уральск шаҳридаги 7- мактаб ўқувчилари дарсларга кириб кетаяпти. 2017нинг 5 октябри.

Қозоғистоннинг Чимкентида мактабга диний кийимда қатнаган 22 нафар боланинг ота-оналари жаримага тортилди. Бу ҳақда Чимкент Таълим департаментининг бош мутахассиси Жанар Алтаева хабар қилди. Унинг сўзларига қараганда, бу ўқув йилида жами бўлиб, 148 нафар ўқувчи қизлар мактабга диний кийимда қатнаган.

Таълим департаментининг маълумотларига қараганда, “таълим, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги маъмурий кодекс қоидаларини бузганлиги муносабати билан” 22 нафар боланинг ота-онаси жаримага тортилди, етти нафарининг ота-онаси огоҳлантириш олди. Алтаеванинг сўзларига қараганда, 29 қиздан 7 нафарининг оиласи ўз қизлари мактабга рўмолсиз боришига имкон беришга рози бўлди. 148 қиздан 89 нафарининг ота-онаси мактаблар маъмуриятларининг талабларига бўйсунишдан бош тортишмоқда.

2016 йил январда чиқарилган “Ўрта таълим ташкилотлари учун мажбурий мактаб формасига қўйиладиган талабларни тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруқ ўтган йил кузида Оқтўбе, Ғарбий Қозоғистон, Мангистау ва Жанубий Қозоғистон вилоятлари ўқув муассасалари раҳбарлари ва қизлари рўмол ўраган ва ислом диний қоидаларига таянган ҳолда, мактабларда уларни ечиб қўйишдан бош тортаётган ота-оналар ўртасидаги низонинг сабабига айланди. Мактабларнинг маъмуриятлари рўмол ягона мактаб формасига қўйиладиган талабларнинг бузилиши эканлигини айтиб, қатъий туриб олмоқда.

Шу сабаб туфайли болалари машғулотларга қўйилмаган ўнлаб ота-оналар даъволар беришди. Бу шикоятларни кўриб чиққан судлар Таълим вазирлиги ва мактабларнинг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлади.

Бу ўқув йилининг охирида Қозоғистон Таълим ва фан вазири Ерлан Сагадиев идора Оқтўбе вилоятидаги мактабларнинг дарслардан четлатилган ва иккинчи йили ўқишга қолдирилган ўқувчи қизлари ҳақидаги масалани кўриб чиқиш ниятида эканлигини баён қилди.

XS
SM
MD
LG