Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:30

Қирғизистоннинг жанубий пойтахтига янги мэр сайланди


Таалайбек Сарибашев
Таалайбек Сарибашев

Шаҳар кенгаши депутатлари Ўш мэри этиб Таалайбек Сарибашевни сайлади. Унинг номзодини 45 нафар депутатнинг 44 нафари қўллаб-қувватлади.

Шаҳар ҳокими курсиси учун фақат бир номзод – ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги вакили Таалайбек Сарибашев даъвогарлик қилди. Унинг номзодини кўпчиликни ташкил қилувчи коалиция таклиф қилди.

Депутатларни ўзининг дастури билан таништирган Сарибашев икки йилда Ўш шаҳрини тубдан ўзгартиришга ваъда берди, жумладан бизнесни панадан олиб чиқади, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун барча ресурсларни ишга солади, болалар боғчаси билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал қилади ва таълим сифатини кўтаради.

Шаҳар кенгашида бўлган “Озодлик” мухбирининг хабар қилишича, депутатлар унга савол бермаган, фақат ўз мулоҳазаларини билдирган. Номзод мэр этиб сайланиши учун депутатларнинг учдан икки қисмининг овозини олиши керак бўларди. Ўш шаҳар кенгаши 45 депутатдан иборат.

Аввалги мэр Айтмамат Қадирбаев ҳукумат фармойишига кўра, ҚР саноат, энергетика ва табиий бойликлар Давлат қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинлангани боис 3 июль куни ўз лавозимидан бўшатилган эди.

Ўш шаҳри Қирғизистоннинг жанубий пойтахти сифатида расмий мақомга эга.

XS
SM
MD
LG