Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:57

Трамп твитидан кейин Россия билан Саудия нефть ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқчи


Кейинги ойда Саудия Арабистони Россия билан истеъмолчиларнинг ошиб бораётган нархлар билан боғлиқ хавотирларини бартараф этиш учун нефть ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириши мумкин. Бу ҳақда икки давлатнинг энергетика вазирлари билдирди.

25 май куни Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган иқтисодий форумда иштирок этган Саудия Арабистони энергетика вазири Холид ал-Фалаҳ ҳамда унинг рус ҳамкасби Александр Новак 2016 йилда музлатилган ишлаб чиқариш кўламини ўзгартиришга тайёр эканликларини айтишди.

Вазирлар чекловлар қадамба-қадам, йилнинг иккинчи ярмида амалга оширилишини билдиришди.

2016 йилда Саудия Арабистони ва Россия нефть нархларини ошириш илинжида ишлаб чиқариш кўламини озайтирган эди. Таҳлилчилар бу чора муваффақиятли равишда нархлар баррелига 40-50 доллар бўлишини таъминлаганини айтиб келади.

Аммо кейинги ойларда АҚШ Эрон ва Венесуэла каби йирик нефть экспортчиларига қарши санкция жорий қилишни бошлагани учун нефть нархлари 2014 йилдан бери кузатилмаган даражада ошди. Ой бошида Лондонга бир баррель нефт нархи 80,5 долларгача кўтарилди.

25 май куни Саудия Арабистони ва Россия ишлаб чиқариш кўламини оширишларини эълон қилишлари ортидан Лондонда нархлар 3 фоизга тушди.

Хом ашё нархлари ошгани туфайли дунё бўйлаб ёқилғилар нархи ҳам кўтарилди. Ўтган ойда АҚШ президенти Дональд Трамп ОПЕКка аъзо давлатлар ишлаб чиқариш кўламини қисқартириб, нархларни сохта равишда кўтараётгани ҳақида нолиган эди.

Санкт-Петербургдаги форумда ОПЕК бош котиби Муҳаммад Баркиндо ишлаб чиқариш кўламини ошириш ҳақидаги музокаралар Трамп твитидан кейин бошланганини таъкидлади.

Баркиндо Саудия Арабистони АҚШнинг яқин ҳамкори эканлигини, Вашингтон бундан аввал ҳам ОПЕКни нархларни пасайтиришга чорлаган ҳолатлар бўлганини таъкидлади.

Баркиндонинг айтишича, дунёдаги энг йирик энергия истеъмолчиси бўлмиш Хитой ҳам етарлича нефть қазиб олинмаётганли ҳақида хавотир билдирган.

Саудия Арабистони ва Россия ҳозирда жаҳондаги энг йирик нефть ишлаб чиқарувчи давлатлардан бўлиб, улар хом нефть қазиб олиш кўламини оширишга қодирдир.

2016 йилда ОПЕКка аъзо давлатлар, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар кунига 1,8 миллион баррель ишлаб чиқаришга келишиб олган эди. Бу чеклов 2018 йилнинг охирагача давом этиши келишилган эди.

Новак ОПЕК аъзоси бўлмиш Венесуэла кейинги пайтда кўзлаган режасидан 1 миллион баррель оз нефть ишлаб чиқараётгани учун нефть қазиб олиш кўламини оширишга қарор қилинганини айтди.

Вазир июнь ойида ОПЕКка аъзо давлатлар вазирлари билан учрашиб, ишлаб чиқариш кўламини ошириш масаласини муҳокама қилишини айтди. Вазир бу масала бўйича келишувга эришилишига ишонишини қўшимча қилди.

- Турли қарашлар ўртага ташланди. Аммо бу қадамба-қадам енгиллатиш бўлишини кутиш мумкин, - деди Новак.

Россия ва ОПЕК давлатларининг бундай қарорга келишига истеъмолчиларнинг арзларидан ташқари АҚШда сланецли нефть ишлаб чиқариш кўлами ошгани туртки бўлгани эҳтимолдан холи эмас.

XS
SM
MD
LG