Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:11

Эмомали Раҳмон: "Тожикистон ўз қўшниларини ҳеч қачон сувсиз қолдирмайди "


Остона шаҳрида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув якунида қўшма баёнот қабул қилинди ва шу форматда ҳар йили учрашиб туришга келишиб олдилар.

Тожикистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Эмомали Раҳмон ўз чиқишида, жумладан минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олиб сув-энергетик заҳиралардан самарали ва оқилона фойдаланиш минтақа давлатлари ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бир эканлигини таъкидлади. Унинг айтишича, бу минтақа фаровонлиги ва барқарор ривожланиши йўлидаги бош омиллардан биридир.

“Мен бир неча бор юқори минбарлар, жумладан БМТ минбаридан Тожикистон сувдан фойдаланиш масалалари борасида ҳеч қачон қўшниларига муаммолар туғдирмагани ва туғдирмаслигини айтганман. Бугун мен яна бир бор биз қўшниларимизни сувсиз қолдирмаслигимизни таъкидлаб ўтмоқчиман”, деди Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон.

Эмомали Раҳмон амалдаги ва қурилаётган гидроэнергетик иншоатлар минтақадаги сув-энергетик муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тожикистон раҳбари шунингдек, маданий-гуманитар ва илмий-техник соҳада ҳамкорликни кенгайтириш борасида ҳам айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича бу соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш минтақа мамлакатлари ва халқларининг маданий-маърифий яқинлашуви йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлади, дея хабар беради ТР президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда.

XS
SM
MD
LG