Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:08

Ироқ ҳарбийлари Мосул марказини жангарилардан озод қилишга киришди


Сўнги икки ҳафта ичида Мосул ғарбини 45 минг одам тарк этди
Сўнги икки ҳафта ичида Мосул ғарбини 45 минг одам тарк этди

Ироқ кучлари Мосул шаҳри ғарбий қисмида "Ислом давлати" жанггарилари эгаллаб турган тўрт туманга ҳужум бошлади. Армия расмийлари аскарлар Мосул марказидаги маҳаллий ҳукумат комплекси томон илгарилаётгани ва ҳудудда оғир жанглар бораётганини маълум қилди. Сўнгги икки ҳафта ичида Мосул учун бораётган жанглар туфайли 45 мингдан ортиқ аҳоли шаҳарни ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

Ироқ армияси раҳбарияти 5 март куни Мосул ғарбидаги тўртта туман - ал-Диндан, ал-Даваса, ал-Самуд ва Тал ал-Руман туманларида "Ислом давлати" (ИШИД) жангариларига қарши оғир жанглар бораётганини маълум қилди.

АҚШ кўмагида ИШИД жангариларидан Мосул ғарбини озод қилишга уринаётган Ироқ ҳарбийлари якшанба тонгидан шаҳар марказига юриш бошлади.

Ироқ армияси қўшма штаби бош генерали Яҳё Расул расмий телевидение орқали берган баёнотида ҳарбийлар шаҳар жанубидан жануби-ғарбий қисми томон илгарилаётганини айтди.

АҚШ қувватлаётган Ироқ армияси 19 февраль куни Мосулнинг ғарбий қисмини ИШИД жангариларидан озод қилиш амалиётини бошлади.

Айни пайтда, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Ироқнинг Мосул шаҳрида кимёвий қурол ишлатилганини хабар қилмоқда. 4 март кунги баёнотида ташкилот билдирган маълумотга кўра, ИШИД экстремистик гуруҳи шаҳарнинг ғарбий қисмида горчица(хантал) газини қўллаган.

Сўнгги икки кунда Мосул ҳудудларидан 7 киши кимёвий ҳужум симптомлари билан касалхонага ётқизилди. Бу ҳукумат кучлари шаҳарни назоратга олиш амалиётини бошлагандан бери кузатилаётган биринчи ҳолатдир.

ИШИД жанггарилари бундан аввал ҳам жанговор амалиётларда оддий заҳарловчи воситалар қўллаган. Горчица газини қўллаш 2015 йилда Сурияда ҳам кузатилган эди.

Мосулнинг ғарбий қисмини жангарилардан озод этиш амалиёти 19 февраль куни бошланган.

Ироқ кучлари ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШ ҳаво ҳужумлари, шиа жангчилар ҳамда курд пешмерга қўшинлари кўмаги билан шаҳарни озод этиш амалиётини бошлаган ва январь ойида шарқий Мосулни озод этишга муваффақ бўлган эди.

“Исломий давлат” 2014 йилда Ироқ ва Суриянинг сезиларли қисмини эгаллаб олган.

Жангари гуруҳ кўплаб ваҳшиёна жиноятларни содир этишда айбланган ва Европа ҳамда бошқа минтақалардаги йирик террорчилик ҳаракатлари учун масъулиятни ўз зиммасига олган. Хусусан, Мосул шаҳрини ҳам ИШИД жангарилари 2014 йилда босиб олган эди.

XS
SM
MD
LG