Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:56

Ироқ армияси Мосулнинг "Ислом давлати" назоратидаги қисми ишғолини бошлади


Ироқ Бош вазир ҳарбийлар Мосулнинг ғарбий қисми ишғолини бошлаганини маълум қилди. Шаҳарнинг "Ислом давлати" экстермист гуруҳи қўлида бўлган бу қисмида 650 - 800 минг тинч аҳоли қолмоқда. Гуруҳ 2014 йилда эгаллаганидан буён Мосулни ўз пойтахти, деб даъво қилиб келади.

19 февраль куни телевидение орқали чиқиш қилган Бош вазир Ҳайдар ал-Абодий Ироқ ҳарбийлари Мосул шаҳрининг "Ислом давлати" экстермист гуруҳи (ИД) қўлида бўлган ғарбий қисмини ишғол қилишни бошлаганини маълум қилди.

"Биз амалиётнинг янги босқичини бошлаганимизни маълум қиламиз. Мосулнинг ғарбий қисмини озод қилиш учун бораяпмиз! Ҳарбийларимиз фуқароларимизни ДАИШ ("Ислом давлати" экстермист гуруҳи - таҳр.)дан озод қилишни бошлади", деди бош вазир.

Якшанба куни, Ироқ армияси Мосул яқинидаги Азбаҳ ва Лаззагаҳ қишлоқларини эгаллагани, айни пайтда, Мосул аэропорти томон илгарилаётганини хабар қилди.

"Ислом давлати" гуруҳи шаҳарни 2014 йилда эгаллаб олган ва Мосулни ўзлари иддао қилаётган ҳалифаликнинг пойтахти, деб эълон қилган.

Ўтган йили октябрь ойида АҚШ кўмагида экстермист гуруҳга қарши амалиёт бошлаган Ироқ армияси шу кунга қадар Мосулнинг шарқий қисмини тортиб олди, ғарбий қисми эса жангарилари қўлда қолмоқда.

Ҳозир шаҳарнинг жангарилар назорати остидаги қисмида 650-800 минг тинч аҳоли борлиги айтилади. Шаҳарнинг ғарбий қисми шарқий қисмидан кичикроқ бўлса-да, аммо аҳоли зич жойлашган қисмидир.

Якшанба куни эрталабдан Ироқ армияси ҳарбий вертолётлари шаҳарнинг ғарбий қисми узра варақалар тарқатди.

Унда аҳоли тез орада ҳарбийлар юриши бошланишидан огоҳлантирилган.

"Сизнинг қуролли қўшинингиз, Оллоҳга таваккал қилиб, тўғри йўлдан илгариламоқда. Армиянгиз ўғилларини қарши олишга ва уларга, худди чап томондаги биродарларингиз каби, талофотларни озайтириш ҳамда мақсадга эришиш учун кўмак беришга ҳозирланинг!" дейилади, жумладан, варақаларда.

Яна айрим варақаларда ИД жангариларидан таслим бўлиш сўралган.

18 февраль куни The New York Times нашри Мосулнинг аҳоли зич бўлган бу қисмида озиқ-овқат, сув ва ёнилғи етишмаётгани ёки ўта қиммат нархларда сотила бошлаганини ёзди.

ИД экстремист гуруҳи 2014 йилда Ироқ ва Суриянинг сезиларли қисмини эгаллаб олган.

Жангари гуруҳ кўплаб ваҳшиёна жиноятларни содир этишда айбланган ва Европа ҳамда бошқа минтақалардаги йирик террорчилик ҳаракатлари учун масъулиятни зиммасига олган.

Айни пайтда бу гуруҳ Роққа шаҳрини Суриядаги пойтахти, деб билади. Бу шаҳар ҳам айни пайтда АҚШ воситачилигидаги кучларнинг қуршовида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG