Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:07

Корея нолегал муҳожирларга олти ойлик амнистия эълон қилди


Кореядаги нолегал муҳожирларга ҳуқуқий ëрдам ҳақидаги эълон.
Кореядаги нолегал муҳожирларга ҳуқуқий ëрдам ҳақидаги эълон.

Корея Адлия вазирлиги эълон қилган амнистияга кўра¸ 1 апрелдан 30 сентябрга қадар ўз ихтиëри билан мамлакатни тарк этган муҳожирлар паспортига депорт муҳри босилмайди ва уларнинг Кореяга қонуний йўл билан қайтиб кириш имкони сақланиб қолади. Акс ҳолда¸ нолегал муҳожирнинг Кореяда қанча вақт ноқонуний яшаганидан келиб чиқиб жарима ва айрим ҳолларда ҳатто қамоқ жазоси белгиланади.

Жанубий Корея Миграция хизмати расмийсининг Озодликка маълум қилишича¸ Адлия вазирлиги мамлакатдаги нолегал муҳожирларга олти ойлик амнистия эълон қилган.

Шу муддат ичида Кореяни ихтиëрий тарк этувчи муҳожир ҳеч бир жаримасиз¸ паспортига депортация муҳри босилмаган ҳолда чиқариб юборилади:

- Бу амнистиядан фойдаланмоқчи бўлганлар¸ 30 сентябргача ўз ватанига қайтиш билети сотиб олиши ва Кореядан чиқиш пунктлари¸ дейлик аэропортдаги миграция хизматига бориб¸ ўзининг нолегал юрганини билдириши лозим. Шундай қилинган тақдирда¸ нолегал муҳожирнинг қанча ноқонуний юрганидан қатъий назар¸ унга жарима солинмайди¸ паспортига алоҳида муҳр ҳам босилмайди. Миграция хизмати ихтиëрий кетувчи нолегалларни ҳеч қандай қора рўйхатга ҳам киритмайди. Улар ўз юртига бориб¸ яна қайта Корея визасига мурожаат қилишлари ва бир йил ичида қонуний равишда Кореяга қайтиб киришлари мумкин бўлади¸ дейди Корея Миграция хизмати ҳуқуқшуноси.

Акс ҳолда, Миграция хизмати расмийсига кўра¸ Кореяда қанча муддат қонунга қарши юрганига қараб¸ жазога тортилади:

- Жазо индивидуал тартибда белгиланади. Агар ноқонуний муҳожир миграция хизмати ходимлари томонидан аниқланса¸ бундай ҳолда у жаримага тортилади ва мамлакатдан депортация қилинади. Депортация эса¸ Кореяга қайтиб келиш эшиклари камида беш йил муддатга ëпилганини англатади¸ деди Корея Миграция хизмати расмийси Озодлик билан суҳбатда.

Озодлика маълум бўлишича¸ айни кунларда мамлакатдаги қатор адвокатлик ширкатлари ноқонуний мигрантларга амнистия даврида Кореядан ҳамма ҳужжатларни рисоладагидай қилиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар таклиф қилмоқда.

Рус тилида хизмат кўрсатадиган шундай ширкатлардан бири ходимаси¸ бундай хизмат ҳаққи 300 минг вон туришини айтади:

- Ноқонуний муҳожир бизга келса¸ адвокатимиз у билан аэропорт миграция хизматига бирга боради ва ўша ерда ҳамма ҳужжатларни унинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда тўлдириб беради. Биз ўз мижозимизнинг ҳеч қандай қора рўйхатларга тушмасдан¸ яна Кореяга қайтиб келишига имкон қолдирган ҳолда чиқиб кетишини таъминлаймиз. Агар улар хоҳлашса¸ ватанига боргандан кейин яна Кореяга қонуний виза билан қайтиши учун ҳужжатлар ҳам тўғирлаб берамиз. Бу хизмат ҳаққи 3 миллион вон бўлади ва бу пул муҳожир Кореяга қайтгандан кейин тўланади¸ дейди Сеулдаги адвокатлик конторасининг ўзини Даша деб таништирган хизматчиси.

Жанубий Корея ҳукумати йиллардан бери мамлакатдаги ноқонуний меҳнат муҳожирлари муаммосини назоратга олишга уриниб келмоқда. 1 апрелдан бошлаб кучга кирган олти ойлик амнистия қарори ҳам ана шу йўлдаги навбатдаги қадам сифатида кўрилмоқда.

Мамлакатда ўтказиладиган сайловлар¸ қолаверса¸ 2018 йилга белгиланган олимпиада олдидан¸ нолегал муҳожирлар сонини камайтириш ва уларни назоратга олиш эҳтиëжининг кучайгани айтилмоқда.

Мазкур амнистия бошланиши арафасида қатор МДҲ давлатлари¸ хусусан¸ Ўзбекистонга ҳам сафар қилган Корея расмийлари¸ Ўзбекистон томони билан ноқонуний миграцияни легаллаштириш йўл-йўриқларини муҳокама қилган эди.

Хусусан¸ 31 март куни Тошкентга келган Жанубий Корея меҳнат вазири Ли Ги Квон ўзбекистонлик ҳамкасби билан Кореяга ишга юбориш тизимига оид ўзаро англашинув меморандумига қўл қўйган эди.

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги келишувга мувофиқ¸ ҳар йили 5000 га яқин ўзбекистонлик Кореяга E-9 нопрофессионаллар¸ яъни завод ва фабрикаларда¸ қишлоқ хўжалигида ишловчилар учун бериладиган виза асосида ишга кетади. Узоғи билан 4 йилга бериладиган бундай виза муддати тугаганидан сўнг¸ уларнинг кўпи таваккал қилиб¸ Кореяда нолегал мақомда ишлашда давом этади.

Озодлик суҳбатлашган шундай нолегаллардан бирининг ҳисобича¸ ҳозирда Кореяда 25-30 минг атрофида ўзбекистонлик бор ва уларнинг кўпчилиги нолегаллардир.

Бу суҳбатдош Корея Адлия вазирлиги эълон қилган навбатдаги амнистияни жиддий қабул қилмаслиги¸ на ўзи ва на ўзи билган бошқа ўзбекистонликларнингбундай амнистиядан фойдаланиб¸ ватанга қайтмаслигини айтади:

- 2002 йилда Кореяда худди шунақа амнистия бўлган. Ўшанда ҳам нолегалларга жазосиз¸ жаримасиз чиқиб кетиш учун зелëний коридор берилган. Лекин чиқиб кетганлар қайтиб келолмаган. Чунки Кореяда бир марта нолегал деб системага киритилса¸ унга бошқа виза берилмайди¸ ҳисоб. Қонунни бир бузган одам¸ яна бузади¸ деб қаралади. Шунинг учун бу амнистияга шахсан мен ишонмайман. То қўлга тушгунча¸ ишлаб юраверамиз. Буëғига таваккал¸ дейди беш йилдан бери Кореяда нолегал ишлаб юрган ўзбекистонликлардан бири.

Озодлик суҳбатлашган Кореядаги бошқа ўзбеклар ҳам ўз ихтиëри билан ватанга қайтмаслиги¸ Ўзбекистонда ишсиз қолиб¸ оиласининг иқтисодий келажагини савол остида қолдиргандан кўра¸ ноқонуний миграцияга қарши кураш ва жазо чоралари кучайганига қарамай¸ Кореяда нолегал мақомда бўлса ҳам ишлаб¸ пул йиғишда давом этажакларини билдирдилар.

XS
SM
MD
LG