Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:45

Божхоначилар, нақд пул тақчиллиги боис, кесилган маошини кеч олаяпти


Марказий банк нақд пул тақчиллиги ҳал этилмаса бу жиддий оқибатлар олиб келиши мумкинлигидан бир йил аввал огоҳлантирилган эди
Марказий банк нақд пул тақчиллиги ҳал этилмаса бу жиддий оқибатлар олиб келиши мумкинлигидан бир йил аввал огоҳлантирилган эди

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси ходимлари ўз иш ҳақлари қисқартирилганидан шикоят қилиб, Озодликка мурожаат қилишди. “Давлат коррупцияга қарши курашаётган бир пайтда, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг маошини қисқартириши мантиққа тўғри келадими? Дардимизни кимга айтишни балмадик”, дейилади мактубда. Республика божхона қўмитаси молия бошқармаси бошлиғи Озодлик билан суҳбатда ходимларга 15 фоизлик рағбатлантирув тўловлари вақтинча тўхтатилгани, шунингдек, маошлар вақтида берилмаётгани нақд пул тақчиллиги билан боғлиқ эканини тан олди. Ўзбекистон иқтисодидаги камомад боис давлат ташкилотлари ишчи-хизматчилари иш ҳақи билан боғлиқ муаммолар сурункали тус олмоқда.

Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ божхоначилар ўз шахслари сир қолишини илтимос қилишди. Шу сабабдан улар Давлат божхона қўмитасининг Андижон вилояти бошқармасига доир эканини айта оламиз холос. Шундоқ ҳам кечиктириб бериладиган иш ҳақлари қисқартирилганидан шикоят қилган божхона ходимлари Озодликка ўтган ойда мурожаат қилишган эди. Лекин Озодлик мухбири билан телефон орқали суҳбатлашишдан бош тортишгани боис, улар илгари сурган иддаони текшириш учун вақт талаб этилди.

“Бизда ҳозирда Навруз байрамига тайёргарлик кетяпти, шунинг учун казарма ҳолатидамиз. Лекин байрам арафасида бизнинг ойлик иш ҳақимизни қисқартиришиб, яхши иш қилишмаяпти. Ахир ҳамма нарса қимматлаган бир вақтда, айниқса, ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идораларида, порахурлик, тамагирлик ва коррупцияга қарши ишлар кетаётган бир вақтда нимага ойлигимизни ошириш урнига камайтираётгани ақлга сиғмайдиган иш ва бу бизни ранжитмоқда. Дардимизи кимга айтишни билмадик”, дея ёзишган эди андижонлик божхоначилар 15 март куни.

Энди фақат муносиб ходимлар рағбатлантирилади

Мактубга илова қилинган ҳужжатдан аён бўлишича, гап шу пайтгача тўлаб келинган 15 фоизлик рағбатлантирув устама тўловларининг бекор қилингани ҳақида кетмоқда. Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг Молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи Жамшид Раҳмедов имзолаган ҳужжатда 15 фоизлик устама тўловларни 2016 йилнинг 1 мартидан вақтинча тўхтатиш буюрилган.

Мактбуга илова қилинган ҳужжатдан аён бўлишича, гап шу пайтгача тўлаб келинган 15 фоизлик рағбатлантирув устама тўловларининг бекор қилингани ҳақида кетмоқда
Мактбуга илова қилинган ҳужжатдан аён бўлишича, гап шу пайтгача тўлаб келинган 15 фоизлик рағбатлантирув устама тўловларининг бекор қилингани ҳақида кетмоқда

Озодлик 13 апрель куни молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи Жамшид Раҳмедов билан гаплашишга муваффақ бўлди. Божхона қўмитаси мулозими рағбалантирув тўловлари вақтинча бекор қилинганини тасдиқлади ва бунинг сабабини ҳозирда ходимларни ишлаш самарадорлигига кўра рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилаётгани билан изоҳлади.

- Ҳаммага 15 фоиз берар эдик. Лекин текширув бўлганида бу танқид қилинди. Текширувчилар ҳаммага 15 фоиз бериш шарт эмас, ҳаммага хизматига кўра 50 фоизгача бериш керак, дейишди. На каждого человкека ГТК, персонально, пофамильно приказ чиқарамиз-де (“Давлат божхона қўмитасининг ҳар бир ходимига алоҳида буйруқ чиқарамиз”, демоқчи-таҳр.), кечроқ ишга кирганга 5 фоиз, ундан ошиқроғига ошиқ, энг яхши ишлаётганларга 50 фоизгача ошириш бўйича буйруқ лойиҳаси турибди. Ҳозир, бугун-эрта имзоланади, ҳаммасини жой-жойига қўямиз. Молия вазирлиги бюджетдан келаётган пулни тўхтатишга менинг ҳаққим йўқ. Просто, временно присотановить қилинди, перерасчет қилиб берилади ҳаммаси (“Шунчаки, вақтинча тўхтатилди, қайта ҳисоблаб, ҳамманинг ҳақи берилади”, демоқчи-таҳр.).

Молия бошқармаси бошлиғи бу муаммо апрель ойида ҳал бўлишини ваъда қилди.

Маошлар нақд пул камомади сабабли кечикмоқда

Дардини кимга айтишни билмагани учун Озодликка мурожаат қилган божхоначиларнинг яна ёзишича, ўзи бир ярим йилдан бери ойлик маошлари камида бир ойга кечиктириб бериб келинган.

“Гап шундаки, биз божхона органлари ойлик иш ҳақларимизни вақтида олмасдан ҳар ойнинг иш ҳақини кейинги ойга утиб беришяпти. Бу холат бир ярим йилдан бери сурункали давом этаяпти. Масалан, бу ой – март ойини ҳатто пластик картага тушадиган 33 фоизи ҳам тушмади. Одатда пластикка ҳар ойнинг 12-кунида тушар эди”, дейилади мактубда.

Давлат божхона қўмитасининг Молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи маошлар кечикаётгани билан боғлиқ муаммо борлигини ҳам эътироф этди. “Бу энди кўпга келган тўй”, дея изоҳ берди Жамшид Раҳмедов.

- Бюджетдан пул оламиз, бир кун қолмасдан жойларга чиқармаиз. Ҳозир хабарингиз борми, йўқми – банкларда нақд пул муаммоси бор. Қайсидир вилоят пулни бирпасда олади, қайсидир вилоятда банкдан нақд пул олиш муаммо бўлиб қоляпти. Тошкент шаҳрида ҳам жуда кўп муаммо. Ҳар доим банкка борамиз, кассирларимиз эртлабдан кечгача навбатда туриб қайтиб келишади. У энди менга, бизга боғлиқ эмас. Уни марказий банкнинг маъсул ходимига телефон қилиб, гаплашишингиз мумкин, деди бошқарма бошлиғи.

Мукофотни ҳам муносиблар олади

Андижонлик божхоначилар шикоятида Наврўз байрами муносабати билан ажратилган мукофот пуллари берилмаётгани ҳам таъкидланган.

“Андижон вилояти божхона бошқармаси бошлиги уринбосари А. Хасанов президент қарорини ўзгартириб, қонунбузарлик ҳолатларини аниқламаган ходимларни президент ажратган мукофот пулидан 50 фоиздан 100 фоизгача гача кесиб ташлаяпти. Чегаралар қаттиқ қўриқланаётган бир даврда ходимлар қаердан қонунбузарлик ҳолатни аниқлайди, деган саволни ўзига бермайди”, дея шикоят қилади божхона ходимлари.

Жамшид Раҳмедов Наврўз байрамига ҳар бир ходимга бир ойлик маоши миқдорида мукофот беришга етарли маблағ ажратилганини иддао қилди. Лекин ходимларни мукофотлаш масаласи ҳар бир вилоят бошқармаси бошлиғи ваколатида, дея билдирди у.

Пластикка мажбурланганнинг дабдаласини чиқараман

Респбулика Давлат божхона қўмитаси Молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи андижонлик ҳамкасбларининг ҳозирда иш ҳақларини 50-100 фоизгача банк тўлов карталарига ўтказиш ҳаракати кетаётганига билдирган эътирозларини ҳам жавобсиз қолдирмади.

- Бу, 50 фоизигача чиқарасан, деган буйруқ давлат божхона қўмитасидан кетмаган. Процентини белгилаш менинг қўлимда эмас. Чунки юртбошимизнинг (президент Ислом Каримовнинг, демоқчи- таҳр.) топшириқлари билан ҳамма ихтиёрий равишда пластик карточкага ўтказилсин, дейилган. Биз шунақа, ихтиёрий равишда ўтказилишини, ҳар бир бошқарма ўзининг кенгайтирилган йиғилишида кўриб чиқиб, на добровольном основе (“ихтиёрий равишда”, демоқчи-таҳр.) ўтказиляпти, деди бошқарма бошлиғи.

Жамшид Раҳмедов ўз сўзларига асос сифатида, божхона ходимлари маошларини мажбуран банк тўлов карталарига ўтказаётган мулозимларнинг “дабдаласини чиқариб қўйиш” билан ҳам таҳдид қилди.

Ўзбекистон иқтисодида нақд пул камомади борлиги бундан роппа-роса бир йил аввал Марказий банк раҳбарияти тарафидан бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган ички билдиришномасида эътироф этилган эди. Озодликка сиздирилган Марказий банк раиснинг биринчи ўринбосари Улуғбек Мустафоев имзолаган мактубда нақд пул тақчиллиги ҳал этилмаса бу жиддий оқибатлар олиб келиши, хусусан, куч ишлатар идоралар ходимлари маошсиз қолиши мумкинлигидан огоҳлантирилган эди.

Озодлик ўтган бир йил давомида давлат бюджетидан молияланадиган идоралар, жумладан ички ишлар ходимлари ва ишлаб чиқариш корхоналарида маошлар бир неча ойлаб кечикаётгани тўғрисида қатор мақолаларни эълон қилди.

XS
SM
MD
LG