Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:04

Аброр Мухтор Алий: Ақидага зид бўлмаган байрамларни уламолар рад қилмайди!


"Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг аввалги сонида Ўзбекистонда Наврўз байрамининг нишонланиши ва бунда диний идоранинг фаол иштироки ҳақида гап борган эди. Эшиттиришни тайёрлаш ва сўнгра диний идора баёнотига билдирилган муносабатлар асносида "Мусулмон учун икки Ҳайитдан бошқа байрам йўқми?" деган савол бот-бот кўтарилди. Ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи Аброр Мухтор Алий бу ва мусулмонларнинг интеграциялашувига оид бошқа саволларга жавоб берди.

Наврўз ва бошқа байрамлар нишонланиши борасида фикр билдирадиган мусулмонлар орасида бу масалани бир саҳиҳ ҳадис матни билан ўзига ҳал қилганлар кўпчилик.

Саҳиҳ ҳадислар сирасида қуйидаги ҳадис Ибн Моликдан ривоят килинади: "Расулуллоҳ сав. Мадинага келганларида уларнинг икки куни бўлиб, унда ўйин-кулги қилишарди. Шунда Расулуллоҳ сав.: "Аллоҳ азза ва жалла бу икки кунингиздан кўра яхшироғини сизларга бадал қилиб берди. Булар Қурбон ва рўза ҳайитлари", дедилар" (Абу Довуд ривояти)

Бу икки Ҳайитга қўшимча Жума кунлари тилга олинади.

Аммо, байрам - миллат, дин ва давлатлатларо муносабатларда, айниқса, дунёнинг турли давлатларига ёйилиб бораётган ўзбек мусулмонларининг бошқа дин ва миллат вакиллари билан ўзаро муносабатлари, интеграциялашувидаги муҳим ижтимоий ҳодисалардан бирига айланиб бормоқда.

Бир диндаю турли мазҳабда бўлган ёки аҳли китоблар, яъни турли динга эргашган диндорлар бугун бир маҳаллада яшамоқда, бир идорада ишламоқда. Фарзандларини бир мактабга юбормоқда.

Моҳиятан яхшилик ва хурсандчиликка бошловчи байрамлар эса бир-бирини яқинда таниган турли қавм ва жамоалар орасидаги ижобий муносабатларни ўрнатувчи асосий омиллардан биридир.

Зеро, ҳар бир давлатда ҳукумат миқёсидаги байрамлар бор, ҳар бир миллат нишонлайдиган миллий байрамлар бор. Бундан ташқари, касбий байрамлар ёки тарихий воқеаларга қаратилган саналар бор. Ўзбекистон мисолида айтилса, Мустақиллик байрами, Болалар куни, Ўқитувчилар куни, Матбуотчилар куни ёки мавсумий бўлган Қовун сайли, Халфана (Дарвешона), Наврўз байрамлари, байрам тадбирига айланиб кетган Универсиада, Олимпиада, Кураш каби спорт тадбирлари ва ҳоказо.

Хориждаги ўзбек мусулмонлар эса ўша давлат халқларининг қатор диний ва диний бўлмаган байрамларига гувоҳ бўлмоқдалар. Бу тадбирларни нишонламасликка қарор қилган мусулмонлар ҳам турли дин ва миллат вакиллари билан ўзаро алоқа ўрнатаркан, улар қутлаётган саналарда улар билан тўғри муносабатда бўлиш, бошқача айтилса, интеграциялашишига тўғри келмоқда.

Шу боис, биз бир-бир аҳли илмларга микрофон тутиб, айни долзарб мавзуда фикрини олишга қарор қилдик.

Наврўз байрами ва бу байрам ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарқатган жума маърузаси идора раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур билан суҳбатимизга сабаб бўлган эди.

Бу галги суҳбатдошни ҳам мамлакат ичкарисида изладик ва ёш тадқиқотчи Аброр Мухтор Алий саволларимизга жавоб берди.

У кишининг бу борадаги якуний хулосалардан бирига кўра, Исломда ақидага зид бўлмаган байрамларни замона уламолар рад қилмайди.

Қуйидаги суҳбатда у кишининг бу хулосага келтирган асослари ва умуман, бугунги замонавий дунёда мусулмонларнинг ўзаро ва бошқа дин, миллат вакиллари билан муносабатлари ҳақидаги саволлармизга берган жавобларини тинглашингиз мумкин:

Аброр Мухтор Алий билан Исломда икки Ҳайитдан бошқа байрамларга муносабат ҳақида суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:33:28 0:00
Бевосита линк

Мусулмонларнинг Наврўз ва умуман, икки Ҳайитдан бошқа байрамларни нишонлаши мумкинки ёки йўқми, мусулмонларнинг бошқа дин ва миллат вакиллари билан алоқаларида уларнинг диний, миллий, анъанавий ва давлат миқёсидаги байрамларига қандай муносабатда бўлиши керак, деган саволларга жавоб беришни истаган аҳли илм ва толиби илмларни суҳбатга чорлаймиз!

Марҳамат, бизга боғланинг:

WhatsApp + 420 724 971 539, + 420 602 612 713

VIBER + 420 602 612 713

SKYPE ozodskype, ozodlikonline, ozodovoz

XS
SM
MD
LG