Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:47

Ислом ва мусулмонлар: Шариатда ўзаро никоҳланиши тақиқланган қариндошлар


Тожикистонда қариндошлар - амаки, хола, тоға ва аммаваччалар ўртасида оила қуриш қонун билан тақиқланди ва энди оила қуришни истовчи ёшлардан генетик текширувдан ўтиш талаб қилинмоқда. Ўзбекистонда ҳам яқин қариндошлар ўртасида оила қуриш тақиқланган. Аммо, қонунларда тақиқланган қариндошлик даражаси билан шариат асосидаги никоҳда тақиқланган қариндошлик даражасида бироз фарқ бор ва бу фарқланиш боис, қариндошлар ўртасида никоҳлар икки давлатда ҳам давом этмоқда.

Тожикистонда янгилик

Тожикистонда ирсий касаллик билан туғилган ҳар уч гўдакнинг бири қариндошлар қурган оилада туғилгани боис, мамлакат қонунчилигига бундай никоҳларни тақиқлаш ҳақидаги ўзгартиш киритилди.

Қонунга янги киритилган ўзгартишларга биноан энди амаки, хола, тоға ва аммаваччалар ўртасида оила қурилиши мумкин эмас.

Қонун ижросини таъминлаш учун мамлакатда оила қуришни истовчи ёшлардан генетик текширувдан ўтиш талаби ҳам қўйилди. Ҳозирча, мамлакатда бундай таҳлилни ўтказувчи марказлар озлиги боис, бу талабнинг қонуний ижроси савол остида қолмоқда.

Аммо, аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган бу мамлакатда аҳоли оила масаласини никоҳ институтига таяниб ҳал қилади ва Исломда нафақат амаки, хола, тоға ва аммаларнинг болалари ўртасида никоҳ тақиқланмаган.

Шу боис, қариндошлар ўртасидаги никоҳ нафақат, Тожикистон, балки Ўзбекистонда ҳам актуаллигича қолмоқда. ​

Ўзбекистонда қонунчилик

Ўзбекистон республикаси "Оила кодекси"нинг 16-моддасида шундай дейилган:

асл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди".

Айни Кодекснинг 57-моддасида қариндошлик даражаси белгилаб берилган:

"Бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади.

Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан — иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан — учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.

Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо. Тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир...

Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг — учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса — тўртинчи даражасида турадилар".

Яъни, кодексда "тўғри туташган қариндошлар" ва "туғишган" қариндошлар ўртасида оила қуриш тақиқланган.

Ушбу ҳужжат матнида "ён шажара" деб таъриф берилган қариндошлар ўртасида никоҳ тақиқланмаган. Яъни, "тўртинчи даражада"ги қариндошлар ҳисобланган тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар ўртасида оила қуриш тақиқланмаган.

Аммо, Ўзбекистонда ҳам шифокорлар, тиббий изланишлар олиб бораётган олимлар бу тоифа никоҳларни маъқулламайдилар. Расмий матбуотда ҳам қариндошлар ўртасидаги никоҳни олдини олиш мавзуси эрта никоҳларнинг олдини олиш билан бир даражада бот-бот кўтарилиши кузатилади.

Тиббиётчиларнинг эътирози

Тиббиётчиларнинг асосий эътирози шундаки, яқин қариндошлар ўртасидаги оилалардан туғилган болаларда иккита муаммо - иммунитетнинг заифлиги ва ирсий касалликларга мойиллик кўп учрайди.

Жумладан, Тожикистонинг Сўғд вилоятида 18 ёшгача бўлган аҳоли ўртасида жами 26 минг бола ва ўсмирда ирсий касаллик аниқланган. Яъни, болаларнинг ақли заиф, кар-соқов ёки паст бўйли бўлиб туғилгани аниқланган. Бу болаларнинг ҳар 100 нафардан 35 нафари эса яқин қаридош бўлган ота-оналарнинг болалари экани айтилмоқда.

Шифокорлар яқин қариндошларнинг болалари сағлом туғилган тақдирда ҳам ирсий касалликлар умри давомида ёки фарзандлари, набираларида юзага чиқиши мумкин, деб огоҳлантирадилар.

Шундай шифокорлардан бири ўзбекистонлик врач, 30 йиллик тажрибага эга бўлган терапевт Абдураҳмон Ҳакимовдир. У ўз тажрибаси давомида қариндошлар ўртасидаги никоҳларни кўп кўргани ва шифокор сифатида бунга қаттиқ қарши эканини айтади:

- Менинг назаримда, бундай оилаларда туғиладиган болада иммун тизимининг заиф бўлиши асосий муаммодир. Ҳозирги дунёда иммунитетнинг жуда жиддий муаммо. Иккинчи жиддий муаммо - генлар даражасида. Ўзаро қариндош бўлган "ген ташувчилар" учрашганда, туғилажак болада ирсий касаллик намоён бўлиши бир неча баробар кучли бўлади, буни медицина аллақачон исботлаб қўйган. Аммо, одамлар бунга қараб ўтирмаяптида. "Қизим бегонага кетмасин, бегонадан қиз олиб ўтирмай, ўзимизнинг қизлар синалган, бизникини тарбияси бошқаларникидан яхши, бегонага гап-сўз бўлмаймиз" ва ҳоказо деб ака-ука, опа-сингил ҳам қуда бўляпти. Кейин аттанг ҳам қилаяпти, лекин кеч. Менга қолса, оила қураётганларнинг қариндошлиги қанча узоқ бўлса, шунча яхши. Бегона бўлса, ундан ҳам яхши, - дейди шифокор.

Қуйида шифокор билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:04 0:00
Бевосита линк

Шариат тартиби

Марказий Осиёда аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган икки қўшни республика - Ўзбекистон ва Тожикистонда оила институти шариат талаби билан никоҳ асосида қурилади.

Шариатда никоҳланиш ҳаром бўлган аёллар тоифаси аниқ белгиланган. Булар эркак кишига маҳрам бўлган аёллардир. Маҳрамлик эса Ислом дини талаблари асосида доимий ва вақтинча бўлиши мумкин.

Дастлаб, Исломнинг асоси бўлган "Қуръон"га қаралса, унинг "Нисо" сураси 22, 23-оятларида уйланиш тақиқланган қариндош аёллар аниқ кўрсатилган:

"22-оят: Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманглар, аммо аввалда ўтган бўлса, зарари йўқ. Бу албатта хунук ва жирканч иш, ёмон бир йўлдир.

23-оят: Оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган "она"ларингиз, эмишган "опа-сингил"ларингиз, қайноналарингиз, қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари сизларга ҳаром қилинган. Агар улар билан қовушмаган бўлсангизлар, гуноҳи йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, икки сингилни бир никоҳда жамлаш ҳам ҳаром қилинди, аммо аввалда ўтган бўлса, зарари йўқ. Аллоҳ албатта кечирувчи ва раҳмлидир".

Бу оятга шайх Абдулазиз Мансур ўгирган "Қуръон" маънолари таржимасида мана бу изоҳ илова қилинган:

"Насаб жиҳатидан никоҳланиш ҳаром бўлган тоифалар еттита: оналар, қизлар, опа-сингиллар, аммалар, холалар, ака-ука ва опа-сингилларнинг қизлари, сут эмишган эмикдошлар. Никоҳланиш жиҳатидан ҳамиша ҳаром бўлганлар хотиннинг онаси ва қизидир. Пушти камаридан бўлган ўғилларининг хотинларига, икки опа-сингилга бир вақтда уйланиш ҳам ҳаромдир. Агар бу иш аввалда ўтган бўлса, Аллоҳ таолонинг афви ва мағфиратидан умид қилинади, Аллоҳ таоло кечирувчи ва ниҳоятда раҳмли Зотдир".

Бу оятда саналаган қариндошлар доимий маҳрамлардир ва Исломда уйларга уйланиш қатъиян тақиқланган.

"Қуръони карим"нинг Азҳоб сураси 50-оятида эса уйланиш мумкин бўлган қариндошлар тоифаси саналган:

"50. Эй пайғамбар, албатта Биз сиз учун ҳаққи-маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ сизга (жангу жадалларда) ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, сиз билан бирга ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини ва аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини ва холаларингизнинг қизларини яна (ҳар қандай) мўмина аёлни — агар у ўзини пайғамбарга ҳадя этсаю, пайғамбар уни (ҳаққи маҳр бермай) ўз никоҳига олишни истаса (мазкур аёлларнинг барчасини Биз сиз учун) ҳалол қилдик. (Ўзини ҳадя этган аёлга ҳаққи маҳрини бермасдан уйланиш ижозати) мўминлар учун эмас, холис сиз учундир. Биз (мўминларга) жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари хақида фарз қилган ҳукмларимиз эса аниқ маълумдир. Токи сизга танглик бўлмаслиги учун (Биз сизга мазкур имтиёзларни бердик). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир".

Бу оятда саналган қариндош аёллар эса номаҳрам ва уйларга уйланиш мумкин. Аммо, қуда-андачиликдан сўнг бу аёллар ва уларнинг опа-сингиллари вақтинчалик маҳрамга айланади.

Шариатда қариндошлар ўртасидаги никоҳ масаласида "Қуръон"да келган оятларни шарҳлашини сўраб, бу гал ўзганлик имом Икромжон Хотамжон ўғлига мурожаат қилдик.

Имом қариндошлар ўртасидаги никоҳ масаласида жамоатдан тез-тез саволлар бўлиб туриши ва бундай саволларга жавоб "Қуръон"нинг юқоридаги икки оятида белгилаб қўйилганини айтди.

Айни пайтда у киши аксар аҳли илмлар яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлардан туғилажак болаларнинг ирсий касалликка чалиниши эҳтимоли юқори бўлиши ҳақида тиббиётдаги янгиликлардан хабардорлиги ва бу илмий кашфиётларни ҳам инобатга олиб, мамлакатда мавжуд қонунчиликка қарши бормасликка жамоатни даъват қилишини айтди:

- Яъни, мен мутлоқ инкор қилмайман замонавий тиббиётни. Хусусан, оила қуриш олдидан тиббий текширувлар зарур бўлса, ўтиш керак ва бу текширувларда уларнинг бир-бирига тўғри келмаслиги аниқланса, ўзаро оила қуришмасин. Аввалларда бунақа ускуналар бўлган эмас. Аммо, аммаси, тоғасини қизига уйланганларда битта мажруҳ туғилса, бошқа қариндош бўлмаган оилаларда яна 100 та мажруҳ туғилганига гувоҳ бўлаяпмиз. Мана биз ўз оиламиз ва атрофимиздаги оилалар мисолида кўриб турибмиз, қариндошлар ўртасида туғилган болалар соғлом ва биз бу масалада "Қуръони карим"га асосланиб иш тутамиз, - дейди имом.

У киши қариндошлар ўртасидаги оилаларга қўйилган қонуний тақиқ ва шариат ўртасидаги зиддиятларга ҳам муносабат билдириб ўтди.

Қуйида у киши билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:21 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG