Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:36

“Камолот” чет эл грантларини тузоққа чиқарди


Ўзбекистонда ёшларнинг чет эл грантлари асосида хорижий давлатларда таълим олишига қарши кампания олиб борилмоқда. Ҳомийси Ўзбекистон ҳукумати бўлган "Камолот" ёшлар ҳаракати “Чет эл грантлари ёшлар учун тузоқ” мавзусида ўзбек талабалари орасида ўтказаётган мунозара тадбирлари шу кампаниянинг бир қисми ўлароқ кўрилмоқда.

Тошкент Давлат жаҳон тиллари университети ҳовлисидаги маълумот тахтасига осиб қўйилган эълонда “Чет эл грантлари ёшлар учун тузоқ” мавзусида мунозара ўтказилаётгани, талабалар “Камолот” штабига мурожаат этиб, унда қатнашишлари мумкинлиги айтилган.

Озодлик мунозара ташкилотчиларидан бири билан боғланиб, ундан мунозара учун нега бундай мавзу танлангани ҳақада сўради:

Озодлик: Чет эл грантлари ёшлар учун нега тузоқ бўлиши мумкин?

Камолот фаоли: Тузоқ, шу маънодаки, ёшларимиз грантларни олиб, чет элга кетиб қолишяпти, чет элларда иш топиб, ўша ерларда қолиб кетишяпти, ватанига қайтиб келишмаяпти.

Озодлик: Қайтиб келмаётганлар кўпми?

Камолот фаоли: Ҳа, асосан ўзлари чет эл грантларини олиб кетаётганларни кўпи қайтмаяпти. Давлат йўналиши бўйича кетаётганлар қайтади, чунки мажбурияти бор, ўқишни тугатганидан сўнг қайтиб келиб, ватанига хизмат қилиб бериши керак. Ўзбошимча кетаётгани қайтмаяпти.

Озодлик: Чет элга ўз билими билан грант олиб, ўқишга кетаётган бўлса бунинг нимаси ёмон?

Камолот фаоли: Биз буни ёмон деяётганимиз йўқ. Муаммо ўқишга кетаётганларнинг қайтиб келмаётгани, билимли ёшларимизнинг кетиб қолаётгани. Шу боис мунозарага ушбу мавзуни танладик. Февралда бўлади.

Ўзбекистонда 1990-йиллар ўрталарида президент ҳомийлигида таъсис этилган “Умид” жамғармаси бўйича юзлаб талабалар АҚШ, Буюк Британия ва Германия каби мамлакатларга ўқишга юборилди.

Лекин, бу жамғарма орқали ўқишга кетган ўзбекистонлик талабаларнинг кўпчилиги хорижда иш топиб, қолиб кетди. Бунинг ортидан “Умид” жамғармаси ҳам ёпилди.

Ҳозирда ўзбекистонлик талабалар учун чет давлатларда билим олишларига ягона умид АҚШ ва Европанинг бир қатор давлатлари таклиф этаётган таълим грантлари бўлмоқда.

АҚШ элчихонаси маълумотига кўра, 2014/15 ўқув йилида АҚШда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар сони 6 фоизга ошган ва 491 нафарни ташкил этган.

Шунингек, Буюк Британия, Германия, Франция, Чехия каби давлатлар элчихоналари тақдим этаётган таълим дастурлари бўйича ҳам ўзбекистонлик талабалар Ғарбдаги билим юртларида ўқимоқда.

Шундай грант асосида Британиядаги олийгоҳлардан бирида ўқиётган ўзбекистонлик Нозим Ғарб университетларида магистратурани тугатган ва Ўзбекистонда ўз келажаги истиқболларини кўрмаган кўплаб талабалар ватанига қайтишни истамаётганини айтади.

- Чет элга ўқишга кетишнинг нимаси тузоқ экан? Менимча, Ўзбекистонга қайтганда иш тополмаслик аслида тузоқ. Қайтиб боргандан кейин Ўзбекистонда билимингизга лойиқ иш бўлмаса, етарли ойликни бермаса, қолади-да. Биз ўқиётган дастур бўйича Ўзбекистонга қайтиш мажбуриятини олганмиз, тўғри. Лекин, ўқишни тугатиб Ўзбекистонга қайтганлар, бир неча йил у ерда юриб, иш тополмай яна ўзлари ўқиган давлатга қайтиб келганлар кўп,- дейди Нозим.

Айни пайтда Ўзбекистон олийгоҳларида чет давлатлар грант дастурлари доирасида таҳсил олишга тиришаётган ёшларга уйда тинчгина ўтириш тўғрисида маслаҳат берилмоқда.

Халқаро муносабатлар соҳасида мутахассислар етиштирувчи Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаларининг эса чет мамлакатларга чиқиши умуман чеклаб қўйилган.

Ўзбошимча четга чиқиб келмоқчи бўлган талабаларга эса университетдан ҳайдалиши билан таҳдид қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG