Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:58

Тошкентнинг Юнусободида 23 яшар йигит ваҳшийларча ўлдириб кетилди


Тошкент марказида ўлдириб кетилган Шаҳзод Абдумавлонов.
Тошкент марказида ўлдириб кетилган Шаҳзод Абдумавлонов.

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида 17 январь куни кечаси 23 яшар Шаҳзод Абдумавлонов ваҳшиёна ўлдириб кетилди. Озодликка 21 январь куни етиб келган тафсилотларга кўра¸ бир гуруҳ номаълум шахслар Шаҳзодни роса уриб-тепгандан сўнг, уни чавақлаб ўлдирган. Расмийларга кўра, бу жиноятда гумонланиб бир неча киши ҳибсга олинган.

Озодлик манбаларининг хабар қилишича¸ Юнусобод деҳқон бозори яқинидаги кўчадан 17 январь куни кечқурун шу туманда яшовчи 23 яшар Шаҳзод Абдумавлонов қонга беланиб ётган ҳолда топилган.

Кўчадаги қоронғу жойда ётган Шаҳзодни шу кўчадан ўтиб кетаётган ҳайдовчилардан бири машинаси фаралари ёруғида кўриб қолиб, уни 17-касалхонага олиб борган.

Шаҳзод Абдумавлонов олинган жароҳатлар сабаб, касалхонада вафот этган.

Бу воқеадан хабардор Озодлик манбасининг айтишича, ўша куни Шаҳзодни уйидан чақириб олиб кетишган:

“Шаҳзоднинг яқинларига кўра, 17 январь куни уни уйидан чақириб олишган. Кўпчилик бўлиб аввал роса уриб тепишган ва кейин баданининг ҳамма жойига аямасдан пичоқ санчиб чиқишган. Жасад одам кўрса қўрқадиган даражада экан. Шунинг учун уни онасига ҳам кўрсатмай масжидда ювиб кафанлашган. Ўзи жуда бақувват, спортсмен бола эди, раҳматлик”, деди манба.

Озодликнинг терговга яқин манбасига кўра, бу қотилликда гумонланиб бир неча киши ҳибсга олинган:

“Бу йигит ва уни ўлдирганлар ўртасида ўша куни қанақадир разбор бўлган. Ҳозирча, ўша жанжалнинг сабаби нима эканлиги аниқланмаган экан. Бир неча гумонланувчилар ҳибсга олинган ва суриштирув ишлари давом этмоқда. Терговни Юнусобод тумани прокуратураси олиб бормоқда. Мазкур воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-моддаси(қасддан одам ўлдириш)га биноан жиноят иши очилган”, деди Озодликнинг шахси сир қолишини истаган расмий манбаси.

Норасмий хабарларга кўра, бу ваҳшиёна қотилликни амалга оширганлар, аллақачон Ўзбекистонда чиқиб кетган.

Лекин расмий манба бу хабарни на тасдиқлади, на инкор қилди.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ваҳшиёна қотилликларнинг содир бўлиши кўп учрамоқда.

12 январь куни Бухоро вилояти Жондор туманининг Алели қишлоғида истиқомат қилган Азиз Арашев¸ унинг хотини ва икки боласи ўз уйида пичоқланган ҳолда топилган эди. Озодлик манбаларига кўра, тергов Арашевнинг ўзи хотини ва болаларини ўлдириб¸ сўнг жонига қасд қилгани ëки бу оиланинг номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилгани тахминини ўрганиб чиқмоқда.

Ўтган йил январь ойида Хоразмнинг Урганч тумани Ғойбу қишлоғида яшовчи Дилноза Худойберганова икки фарзандини пичоқлаган эди. Унинг 7 ёшли қизи Шаҳло ҳаётдан кўз юмган, 10 ёшли ўғли Бозорбой эса оғир яраланган эди.

XS
SM
MD
LG