Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:38

Ўзбекистондаги барча вазир ва ҳокимлар Шавкат Мирзиëевга таъзия билдирди


Uzbekistan - Shavkat Mirziyaev, Prime Minister of Uzbekistan
Uzbekistan - Shavkat Mirziyaev, Prime Minister of Uzbekistan

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëевнинг шанба куни оламдан ўтган онаси якшанба куни Жиззах вилояти Зомин туманида дафн қилинди. Жаноза маросимида барча вазирлар ва вилоят ҳокимлари иштирок этгани айтилмоқда. Жаноза намозини Ўзбекистон муфтийси Усмон Алимов адо этган.

Озодлик мухбирига кўра, бош вазирнинг онаси шанба кечқурун Тошкентдаги ҳукумат касалхонасида вафот этган.

“Шанба куни оламдан ўтган Бош вазир онаси солинган тобут Тошкентдан Зоминга келтирилиб, мусулмон одатига кўра, тезда якшанба куни дафн қилинган. Жаноза маросимида Бош вазирнинг ўзи чопон кийиб, таъзия қабул қилди. Жанозани муфтий Усмонхон Алимов ўқиди. Одам тумонат эди. Азадорлар ëнида Президент девони раҳбари Зелимхон Ҳайдаров ҳам бор эди. 12 вилоят ҳокимлари ва барча вазирлар келиб таъзия билдиришди. Каримовдан бошқа барча мулозим келди десак бўлади”, дейди Озодлик мухбири.

Унга кўра, жаноза маросимига келганлар орасида собиқ давлат маслаҳатчиси Исмойил Жўрабеков ҳам бўлган.

“Жуда кўп собиқ амалдорлар бор эди жанозада. Масалан, собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов таниқли актер Ëдгор Саъдиев билан бирга кириб келди. Алматов калта пальто кийган ва боши яланг эди. Якшанба куни Худойи берилди. Зоминдаги “Марҳабо” деган тўйхонада дастурхон ëзилди. Одамлар келиб фотиҳа ўқиб кетиб туришди”, дейди Озодлик мухбири.

Озодлик манбаларидан бири Ўзбекистон Бош вазири биографияси билан боғлиқ баъзи тафсилотларни сўзлаб берди.

“Шавкат Миромоновичнинг ҳақиқий онаси ëшлигида ўтиб кетган. Лекин шанба куни оламдан ўтган онаси унга ҳақиқий меҳр бериб катта қилган дейишади. Шу боис Бош вазир “ўгай она” деган калимани хуш кўрмаган. Шавкат аканинг отаси Миромон ака Зоминда врач бўлган. Ўғли Шавкат туғилганидан кейин Миромон аканинг рафиқаси оламдан ўтган. Кейин Миромон ака бу аëлга уйланган. Марҳума Бош вазир тарбиясида ижобий роль ўйнаган", дейди Озодлик манбаси.

59 ёшли Шавкат Мирзиёев 2003 йил декабридан бери бош вазир лавозимини эгаллаб келади.

Ундан аввал икки йил давомида Самарқанд вилояти ҳокими, 1996 йилдан 2001 йилгача эса Жиззах вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистон расмий матбуотида бош вазирнинг онаси вафоти юзасида таъзия билдирилмади. Бундан бир ой аввалроқ Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг акаси Ибод Каримов оламдан ўтганида ҳам расмий матбуотда ҳеч бир шаклда на маълумот, на таъзия билдирилган эди.

XS
SM
MD
LG