Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:18

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев иши судга оширилди


Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев
Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев

Фирибгарлик, пора бериш ва ҳақорат қилишда айбланаётган жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевга нисбатан очилган жиноят иши якунланиб, судга оширилди. Пардаев яқинларининг айтишларича, у дастлабки тергов давомида ўзига қўйилаётган айбловларнинг бирортасига ҳам иқрор бўлмаган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят бўлими раиси Ўктам Пардаевга нисбатан очилган жиноят иши якунланиб, судга оширилди. Бу ҳақда Озодликка унинг укаси Шароф Пардаев хабар қилди.

Ўктам Пардаев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 140-моддасининг 2 қисми (ҳақорат қилиш), 168-моддасининг иккинчи қисми (фирибгарлик) ва 211-моддасининг иккинчи қисми (пора бериш) билан айбланмоқда.

Шароф Пардаев адвокат гапларига таяниб, тергов давомида акаси ўзига қўйилаётган айбловларнинг бирортасига иқрор бўлмаганини айтди.

Ўктам Пардаевга очилган жиноят ишини кузатаётган Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова фикрича, бу айбловлар мантиқсиз бўлиб, улар ҳуқуқ фаолининг фаолиятига чек қўйиш учун тўқиб чиқарилган:

- Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевнинг ҳибсга олиниши ва унга жиноят иш очилиши Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот тизими мутлақ зўровонлиги намойишидир. Иш анча хашаки уйдирилган. Милиция муттасил фирибгарлик ва майда шантаж билан шуғулланиб келган аёлни ҳибсга олади. У одамлардан пул олиб, уларнинг турли муаммоларини ҳал қилиш ваъдасини бериб келган. Пул таъмагирлиги 2012 йили юз берган. Шўрлик Ўктам эса бу хотин билан 2014 йилда танишган. Бу аёл ҳибсга олингач, милиция билан келишиб, фирибгарлигини Ўктамга илишига ишончи комил бўлган. Айни пайтда, у алдаган бирор шахс Ўктамни танимаслигини, улар пулини шахсан аёлнинг қўлига беришганини тергов давомида айтган”, дейди Умида Ниёзова.

Ниёзовага кўра, одамлардан пора олишда айбланган асосий айбланувчи амнистия билан озодликка чиқарилди, аммо Ўктам Пардаев қамоқда қолмоқда:

“Ҳамма айбни Ўктам Пардаевга тўнкаш эвазига Руҳиё Баитовани декабрь охирларида амнистия қилишади. Лекин бу айбловларнинг таги пуч эканлигини сезган терговчи Ориф Анорбоев Ўктамга қарши янги жиноий иш ўйлаб топади. Энди у Сарвиноз исмли аёлнинг оммавий ахборот воситалари орқали шаъни ва қадр қимматини ҳақорат қилиш айбномасини илгари суради. Қизиғи, терговчи қайси мақола ҳақида гап кетаётгани, айнан қайси сўз ва гап билан бу аёлнинг ҳақорат қилингани, терговчи Анорбоев учун бу аёлни ҳақоратлаган деб ҳисобланганига асос бўлувчи ҳеч бир исбот келтирмайди. Яъни, ҳақорат факти аниқ далилга асосланиши керак. Айни дамда қайси ҳаракати билан Ўктамнинг ҳақорат содир қилгани мутлақо жумбоқлигича қолмоқда”, деди Умида Ниёзова.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят булими раиси вазифасида ишлаган Ўктам Пардаев жорий йилнинг 16 ноябрида ҳибсга олинган эди.

Ҳибсга олинган кунидан бошлаб Ўктам Пардаев ўзига қўйилаётган айбловларни кескин инкор қилиб келади.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва халқаро инсон ҳуқуқи ташкилотлари Ўктам Пардаевга қўйилаётган айбловлар тўқима эканлигини айтар экан, у ҳуқуқ ҳимоячиси фаолияти учун ҳибсга олинганини таъкидлаб келмоқда.

Ҳюман Райтс Уотч, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро шериклик ташкилоти ҳамда Норвегия Ҳелсинки қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматидан Ўктам Пардаевни зудлик билан ҳибсдан озод қилиш ҳақида 27 ноябрь куни баёнот берган.

XS
SM
MD
LG