Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:27

2016 Марказий Осиё учун 2015 дан мураккаброқ келиши кутилмоқда


2015 йил Марказий Осиё учун жуда мураккаб йил бўлди. 2016 йилда эса, ҳудудда жуда кўп салбий ҳодисалар рўй бериши мумкин.

Якунига етаётган йилда Марказий Осиё мамлакатлари йирик иқтисодий таназзулга йўлиқди. Афғонистон шимолидаги вазиятнинг ёмонлашгани ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари “Исломий давлат” жангари гуруҳи туғдирадиган хавф ҳақида қайғура бошлагани сабабли ҳудудда хавфсизликка доир хавотирлар кўпайди.

Марказий Осиё бўйича мутахассисларнинг аксарияти бу қўрқувлар бўрттирилганига ва уларни бартараф этиш ниқоби остида ҳудуддаги ҳукуматлар ички рақибларини йўқ қилаётганига ишонадилар.

Шу ўринда савол туғилади: Марказий Осиё 2015 йилда дучор бўлган муаммолар вақтинчами ёки бу аҳвол яна бир неча йилга чўзиладими?

Озодлик радиоси туркман хизмати Марказий Осиёда 2015 йилда содир бўлган ҳодисаларни ва улар нималарга олиб келиши мумкинлигини муҳокама қилиш учун давра суҳбати уюштирди.

Суҳбатда Марказий Осиёни яқиндан кузатиб борувчи мутахассислар иштирок этди.Озодлик радиоси директори Муҳаммад Тоҳир давра суҳбатига етакчилик қилди. Суҳбатда яна Озодлик радиоси қирғиз хизмати директори Венера Жуматаева, Озодлик радиоси тожик хизмати директори Сожида Жаъфарова ҳамда Озодлик радиоси ўзбек хизмати мухбири Сирожиддин Толибовлар иштирок этди. Мен эса (Брюс Панниер – таҳр.) Озодлик радиоси қозоқ хизмати номидан иштирок этдим.

2015 йилда Марказий Осиёда муҳим парламент ва президент сайловлари бўлиб ўтди. 1 март куни Тожикистонда парламент сайловлари ўтказилди. Сайловлар сиёсий плюрализмга чек қўйди. Жаъфарова айтиб ўтганидек, охирги 18 йил ичида Тожикистон ҳукуматида ҳақиқий мухолиф партиялар аъзолари бор эди. Аммо 2015 йилги сайловлар “икки йирик мухолиф партияни парламентдаги ўринларидан айирди”.

2015 йил ўз якунига етишидан аввал икки мухолиф партиянинг бири бўлмиш “Тожикистон Ислом уйғониш партияси”нинг мамлакатда фаолият юритиши суд қарори билан тақиқланди.

Кейинроқ партияни ноқонуний экстремистик гуруҳ дея эълон қилишди.

Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган сайловлар эса ҳудудда йил давомида содир бўлган ижобий ҳодисаларнинг бири бўлди. “Бу Қирғизистонда парламент демократиясига, Қирғизистоннинг Марказий Осиёдаги ягона бўлмиш ёш парламент тизимига катта сиёсий шоҳидлик бўлди”, деди Жуматаева.

Сайловлар давомида айрим камчиликлар кузатилди. Бундан ташқари, янги депутатлар сайловлар келтириб чиқарган умидларни оқлашлари керак. Шундай бўлса-да, сайловолди кампанияси Марказий Осиё тарихидаги энг яхши кампания бўлди, деб айта оламиз.

Қозоғистон ва Ўзбекистонда эса президент сайловлари бўлиб ўтди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўз мамлакатларига етакчилик қилиш учун янги мандат олишди. МДҲда бу иккисидан бошқа мустақилликка эришилганидан бери президентлик қилиб келаётган бошқа етакчи йўқ.

Айрим мутахассислар бу икки етакчи Марказий Осиёда бошланиши кутилган иқтисодий таназзул ўз таъсирини кўрсата бошлашидан аввал президентликни узайтириб олишни истаганини айтишди.

Каримов 29 март куни, Назарбоев эса 26 апрель куни қайта сайланди. Расмий маълумотларга кўра, иккиси ҳам 90 фоиздан ошиқ овоз тўплаган.

Ўша пайтда бу икки мамлакатнинг иқтисоди қолган барча Марказий Осиё давлатлари иқитосодидек аллақачон қийин аҳволга тушиб қолган эди. Бундай бўлишига бир неча сабаб бор.

Айрим Марказий Осий мамлакатлари асосан Россияга бориб ишлайдиган муҳожирлар юборадиган пулга қарамдир. Дунё бозорларида нефть ва газ нархларининг тушиб кетгани ҳамда Кремлнинг шарқий Украинадаги аралашуви ортидан жорий қилинган санкциялар сабаб Россия пул бирлиги рубль қадрсизланди. Бу эса Россиядаги миллионлаб марказий осиёлик меҳнат муҳожирига ўз таъсирини кўрсатди.

Ўзбекистоннинг миллионлаб фуқароси бир неча йилдан бери Россияда ишлаб топган пулини уйга жўнатиб келади. 2013 йилда Россиядан Ўзбекистонга тахминан 6,6 миллиард доллар маблағ юборилган. Толибов 2015 йилда Россия ва бошқа хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга пул жўнатиш 40 фоизга қисқарганини айтди. Толибов яна айрим муҳожирлар Ўзбекистонга қайтаётганини, Ўзбекистонда эса ишсизлик даражаси кўтарилаётганини қўшимча қилди.

Муҳожирлар юборган пулга қарам Қирғизистонда ҳам бу муаммо кузатилмоқда. Бошқа Марказий Осиё мамлакатлари пул бирликлари каби Қирғизистон миллий валютаси - сўм ҳам қадрсизланди. Жуматаева 2015 йилда нархлар тахминан 50 фоизга ошганини, натижада Қирғизистондаги қурилиш компанияларининг ярми синганини айтди.

Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасида аҳвол янада оғирроқдир. Йил бошида 1 доллар 180 Қозоғистон тангасига тенг эди. Йил якунига келиб эса 1 доллар тахминан 330 тангага тенг бўлди.

Қозоғистон муаммоларига мамлакатнинг асосий экспорти бўлмиш нефть нархининг тушиб кетгани ва ўзининг икки йирик савдо ҳамкори – Россия ва Хитойнинг иқтисодий муаммолари сабаб бўлди.

Табиий газ нархининг арзонлаб кетгани Туркманистонда ҳам муаммолар келтириб чиқарди. Мамлакатда сўнгги йилларда илк марта газ секторида ишчилар қисқартирилди. Ҳатто мамлакат шарқида жойлашган Лебап вилоятида ишчилар намойишга чиқди.

Марказиё Осиё мамлакатлари учун жанубдаги қўшни Афғонистон қўшимча муаммоларни туғдирди. 2014 йилнинг охирида мамлакатдаги хорижий кучлар бутунлай чиқиб кетди.

Натижада аввал нисбатан тинч бўлган шимолий вилоятларда зўравонлик кўпайди. Тожикистондан унча олис бўлмаган Қундуз шаҳри сентябрь ойида қисқа муддатга толиблар ва хорижий жангарилар қўлига ўтди. 2015 йилнинг сўнгги ойларида Афғонистон ғарбида содир бўлган тўқнашувар бир неча жойда Туркманистон чегарасига яқинлашди.

“Исломий давлат” жангари гуруҳи ҳам бошоғриқ бўлди. Марказий Осиёдан юзлаб одам дунёдаги энг бой жангари гуруҳга қўшилиш учун Сурия ва Ироққа кетди. Кетганларнинг асосий қисми Россияда муҳожиратда юрганида ёлланган. Аммо айримлар, жумладан, Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг махсус отряди собиқ қўмондони “Исломий давлат”га қўшилиш учун Марказий Осиёдан йўлга чиқди.

2015 йил давомида Россия расмийлари Марказий Осиё ҳукуматларини “Исломий давлат”нинг ўсиб бораётган хавфи ҳақида огоҳлантирди. Россия расмийларнинг бу чақириқлари Марказий Осиё ҳукуматларига мойдек ёқди. Ҳудуддаги ҳукуматлар диний радикализмга қарши курашиш билан биргаликда яна мамлакат ичидаги ҳам дунёвий, ҳам диний рақибларни йўқ қилиш имконини берувчи қонун ва чораларни жорий қилиши учун бировнинг маслаҳатига зор эмас эди.

Брюс Панниер

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG