Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:05

Самарқандда Каримовнинг акаси вафот этди


Ўзбекистон президентининг акаси Ибодулло Каримов Шоҳи Зинда мажмуаси олдидаги қабристонда дафн этилиши айтилмоқда.
Ўзбекистон президентининг акаси Ибодулло Каримов Шоҳи Зинда мажмуаси олдидаги қабристонда дафн этилиши айтилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг акаси Ибодулло Каримов 24 декабрга ўтар кечаси 91 ёшида вафот этди. Самарқанд шаҳрининг Наврўзи маҳалласида истиқомат қилган Ибодулло Каримов бир умр ўқитувчи бўлиб ишлаган. Ислом Каримов милиция ходимлари ва хавфсизлик кучларининг кучайтирилган қўриғи остида акасининг дафн маросимида иштирок этди.

Ўзбекистон президентининг акаси Ибодулло Каримов 24 декабрга ўтар кечаси Самарқанд шаҳрида оламдан ўтди. 91 ёшли Ибодулло Каримов пенсияга чиқмасидан олдин Самарқанд Кооператив институтида ўқитувчилик қилган.

Озодлик манбаларининг айтишларича, 24 декабрь куни марҳум истиқомат қилган Наврўзи маҳалласига олиб борадиган барча йўллар ёпилган:

"Президент акасининг жанозасига келар экан деб, барча йўлларни ёпиб ташлашди. Автобус ва катта юк машиналари билан кўчаларни тўсиб қўйишди. Жаноза маросимида қатнашган танишимнинг айтишича, Ислом Каримов таъзияга келган ва бир неча соатдан сўнг Тошкентга қайтиб кетган", деди манба.

Самарқанд шаҳридаги масжидлардан бирининг имом-хатибига кўра, Ибодулла Каримов "Шоҳи зинда" мақбараси ёнидаги қабристонга дафн қилинган.

Ибодулла Каримовни яхши билган маҳаллий журналистлардан бири уни "анча яхши одам бўлган" дея эслайди:

"Ибодулло ака билан бир неча марта суҳбатдош бўлганман. Жуда содда, дилкаш ва олим одам эди. Анча олдин инфаркт ҳам бўлганди. Сўнгги пайтларда анча мазаси йўқ эди", дейди журналист.

Исми ошкор этилишини истамаган самарқандлик бир манбанинг айтишича, Ислом Каримовнинг акаси Ибодулло Каримов билан муносабати яхши бўлган, аҳён-аҳён бўлса-да, гоҳ яширин, гоҳ ошкор оддий ўқитувчи бўлган акасини зиёрат қилиб турган.

Ибодулло Каримов Ўзбекистон президентининг ҳаёт бўлган туғишганларининг сўнггиси эди.

Президентнинг Қуддус, Арслон исмли акаси ва Хуршид исмли укаси ва исми Озодликка номаълум бир опаси бир неча йил олдин вафот этган эди.

Каримовнинг яқинлари билан муносабатлари

Озодлик манбалари Ўзбекистон президенти ораси унча яхши бўлмаган яқинларининг жанозасига баъзан келиб, баъзан келмаганини қайд этадилар. Масалан, Ислом Каримов отаси Абдуғани Каримов вафот этган пайтда жанозага келмагани, онаси Санобар Каримова оламдан ўтганда қисқа муддатга келиб кетгани айтилади.

Бундан беш йил муқаддам Ўзбекистон президентининг укаси Хуршид Каримов вафот этганида ҳам Ислом Каримов Самарқандга қисқа муддатга келиб кетган. Хуршид Каримов ҳам акаси Ибодулло каби 24 декабрь (2009 йил) куни қазо қилган ва "Шоҳи Зинда" яқинидаги қабристонда дафн этилганди.

Манбаларнинг ёзишича, Ислом Каримовнинг туғишган ака-укалари, уларнинг оила-аъзолари билан муносабати турлича бўлган.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Толиб Ёқубов 2009 йилда Озодликка берган интервьюсида президентнинг акаси Арслон Каримовни яхши таниганини гапириб берган эди:

"Ислом Каримовнинг Арслон Каримов деган бир акалари бор эди. У киши Жиззах туман судининг раиси эди. Мен бу кишини жуда яхши биламан. Чунки 1969 йилда судга менинг бир ишим тушган пайтда шу одам судялик қилган. Ўша пайтда жуда адолатли суд қилган. Яхши эсимда бор. У киши 1989 йили автоаварияда ҳалок бўлган", дейди Толиб Ëқубов.

Ислом Каримовнинг укаси Хуршид Каримов билан муносабати яхши бўлмагани айтилади.

Хуршид Каримовни яхши таниган самарқандлик пенсионерлардан бирининг айтишича, иқтисодий жиноятларда айбланиб қамалган Хуршид Каримовни акаси президент бўлганидан сўнг қамоқдан чиқариб олган эди:

"Мен Хуршидни жуда яхши билардим. Ўлганни ортидан гапириш яхши эмасу, лекин оғзи жуда ҳам ёмон, сўконғич одам эди. Қайси бир ресторанда бошлиқ бўлиб, растрата билан қамалиб кетган эди. Акаси президент бўлганидан кейин секингина қамоқдан чиқариб Самарқандга олиб келиб қўйган эди. Лекин у ичиб олиб, мен палончини укасиман деб ҳаммани сўкиб юравергандан кейин бу хабар тепага етиб борди шекилли, уни уйидан чиқармай қўйдилар. Шундай қилиб уйида ўлиб кетди", деди исми сир қолишини сўраган пенсионерлардан бири.

Озодлик Ислом Каримовнинг акаси Қуддус ва опаси ҳақида аниқ маълумотга эга эмас.

Ислом Каримов акаси Арслоннинг ўғли журналист Жамшид Каримов президент амакисини ошкора танқид қилгани учун, расмийлар томонидан тазйиққа учраган ва руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилган эди.

Айни пайтда Жамшид Каримов касалхонадан чиқарилган ва баъзи тасдиқланмаган маълумотларга кўра, хориж давлатларидан бирига чиқиб кетган.

Инсон ҳуқуқи фаоли Толиб Ёқубовга кўра, Ислом Каримовнинг акаси Арслоннинг оиласи билан муносабати яхши бўлмаган:

"Бу оилага кўп борганман. Уларнинг ҳол-аҳволини жуда яхши биламан. Арслон Каримовнинг болалари ҳақиқатан жуда камтарона яшар эди. 2009 йилда Арслон Каримовнинг хотини Маргарита Каримова ҳам вафот қилди. Мен у аëлни жуда ҳам яхши танийман. Уйига борганимда гоҳида “Президент унча-мунча ëрдам бераяптими сизларга? Аҳволларинг жуда ҳам яхши эмаску” десам¸ бироз норози бўлиб “Биздан ҳеч қанақа хабар олмайди. Ислом Каримовни ўқитган менинг эрим бўлади” деб норози бўлиб гапирганди", дея гапириб берган эди Толиб Ëқубов 2009 йилда.

Ўзбекистон ҳукумати мухолифати фаоли Жаҳонгир Муҳаммаднинг айтишича, Ислом Каримов билан яқинлари орасидаги алоқаларнинг яхши эмаслигига унинг хотини Татьяна Каримованинг совуқ муносабати сабаб бўлган.

Жаҳонгир Муҳаммад билан Ибодулло Каримов ҳақида суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:06 0:00
Бевосита линк

Президент акаси Ибодулло Каримовнинг вафоти ҳақида Ўзбекистондаги расмий нашрлар ҳеч қандай хабар бермади.

XS
SM
MD
LG