Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:15

Олмалиқ комбинати хавфсизлик директори олтин ўғирлаганликда гумонланиб ҳибсга олинди


Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг хавфсизлик масалалари бўйича директори Фурқат Каримқуловни Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсга олди. Фурқат Каримқулов, Озодлик манбаларига кўра, олтин ўғирлаганликда гумонланмоқда. Ўзбекистондаги баъзи Интернет сайтлари комбинат бош директори Александр Фармоновнинг ҳам ишдан бўшатилганини ёзмоқда. Бироқ комбинат мулозимлари буни инкор қиляпти.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг хавфсизлик масалалари бўйича директори Фурқат Каримқулов ўтган ҳафтада ҳибсга олинди.

Комбинатдаги Озодлик манбасининг айтишича, Фурқат Каримқулов олтин ўғирлаганликда гумонланмоқда:

“Фурқат Каримқуловни Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсга олди. Биз олган маълумотларга кўра, у 11 килограмм олтинни ноқонуний ўзлаштиришда айбланаётган экан. Каримқулов ҳозир республика МХХси подвалида сақланмоқда”, деди манба.

Исми сир қолишини сўраган комбинат мулозимларидан бири Фурқат Каримқуловнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади:

“Ҳа, у киши ҳозир МХХда сўроқ қилиняпти. Иқтисодий жиноятларда гумонланяпти. Бошқа ҳеч нарса дея олмайман”, деди мулозим.

Фурқат Каримқулов Жиноят Кодексининг айнан қайси моддалари бўйича айбланаётгани Озодликка маълум эмас.

Айни пайтда, Ўзбекистондаги баъзи Интернет нашрлари комбинат бош директори Александр Фармоновнинг 14 декабрь куни ўз вазифасидан озод этилгани ҳақида ёзди. Лекин комбинат мулозими бу хабарни тасдиқламади:

“Александр Фармонов ҳозир таътилда. Эртага ишга чиқадилар. У кишининг ишдан олингани ҳақидаги хабарлар асоссиз”, деди мулозим.

Ўзбекистонда олтин Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларида қазиб олинади.

Ўтган йилда Ўзбекистон дунёда олтин қазиб олиш бўйича 8-ўриндан 7-ўринга кўтарилган.

АҚШ Геология хизматининг билдиришича, Ўзбекистонда 2014 йилда олтин ишлаб чиқариш 2013 йилга нисбатан 4 фоизга ўсган ва 102 тоннани ташкил қилган.

Ўзбекистон 2014 йилда бозор нархида 4 миллиард АҚШ долларлик олтин қазиб олган ва бу мамлакат йиллик бюджетининг қарийб тўртдан бирига тенгдир.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган олтиннинг қанча қисми кимга, қайси нархда сотилади¸ бунга оид маълумотлар жамоатчиликка маълум эмас.

2014 йили дунëнинг энг бадавлат юқори технологияга асосланган электрон воситалари ишлаб чиқарувчи Apple ширкати ўзининг iPhone, iPad, iPod каби маҳсулотларида Ўзбекистонда қазилган олтиндан фойдаланишини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG