Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:26

Таниқли ўзбек тарихчиси Гога Ҳидоятов оламдан ўтди


Профессор Гога Ҳидоятов узоқ йиллар Озодлик радиоси дастурларида иштирок этиб келган.
Профессор Гога Ҳидоятов узоқ йиллар Озодлик радиоси дастурларида иштирок этиб келган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, тарих фанлари доктори Гога Аброрович Ҳидоятов 10 декабрь куни 85 ёшида вафот этди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган олимнинг яқинлари профессор Ҳидоятов сўнгги йилларда “Турк цивилизацияси” номли монографияси устида иш олиб боргани, бу машаққатли меҳнат кекса ёшли, бироқ серғайрат домланинг силласини қуритганини айтишди.

Гога Ҳидоятов 1930 йил 9 май куни театр арбоблари оиласида дунëга келган.

Ҳар ўзбекка яхши таниш бўлган машҳур санъаткорлар - Аброр Ҳидоятов ва Сора Эшонтўраеванинг фарзанди бўлган Гога Ҳидоятов Ломоносов номидаги Москва Давлат университетини тугатган.

Гога Ҳидоятов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:38 0:00
Бевосита линк

1958-2005 йиллар оралиғида Гога Ҳидоятов Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институтида илмий ходим, Тошкент Давлат университети тарих факультетида кафедра мудири ва декан, Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлигида вазир маслаҳатчиси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида профессор лавозимларида ишлаган. Тарихчи олим 10 йилдан бери нафақада эди.

У ўзбек, рус ва инглиз тилларида эркин сўзлашган, француз тилида ўқиб, таржима қилиш салоҳиятига эга бўлган.

Гога Аброрович Шарқу Ғарбдаги қатор университетларда маърузалар ўқиган.

Профессор Ҳидоятовнинг шахсий сайтида унинг ўз тилидан баён этилган қуйидаги жумлалар бор:

“Болалигим уруш ва урушдан кейинги даврдаги оғир вазиятда ўтган. Мактабда ўқирдим, спортга қизиқардим, хусусан, футбол ўйнардим...

1949 йили мактабни битиргандан сўнг Тошкент университетининг тарих факультетига ўқишга кирдим, иккинчи курсни тамомлагандан кейин эса Ломоносов номидаги Москва Давлат университетига кўчирилдим. 1954 йили шу университетнинг тарих факультетини битириб, “Халқаро алоқалар тарихи” ихтисоси бўйича аспирантурага кирдим.

1959 йили “Англияда замонавий ишчи ҳаракати” мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилдим...

1964-1965 йилларда “XIX аср охирида Марказий Осиёдаги катта ўйин” мавзуидаги докторлик диссертациясини ёзиш учун Оксфорд университетига хизмат сафарига жўнатилдим.

Оксфорддан сўнг докторлик диссертациямни тамомлаш учун Москва университетига юборилдим...”

Ўз таржимаи ҳолида профессор Ҳидоятов ўрта мактаб ўқувчилари учун “Ўзбекистон тарихи” ва “Жаҳон тарихи” дарсликларини тайёрлаганини ҳам ёзган.

Оиласи ҳақидаги бобда олим турмуш ўртоғи Анила Бобожонова 1975 йилда оламдан ўтгани, икки қизи борлигини айтган.

Профессор Ҳидоятовнинг қизлари - Нигора ва Нодира Ҳидоятовалар мухолиф кўз қарашдаги ҳаракатлар фаоллари.

Яқинларининг айтишларича, Гога Ҳидоятов бугун Тошкентдаги Чиғатой қабристонига дафн этилади.

Озодлик радиоси марҳум домланинг қизлари ва барча қариндошларига чуқур таъзия изҳор этади.


***
Етук тарихчи олим Гога Ҳидоятов Озодлик радиоси дастурларида узоқ йиллар мобайнида мунтазам иштирок этиб келган. Қуйида у киши билан бўлиб ўтган сўнгги суҳбатлардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз:

OzodNazar: “Бу мамлакатнинг номи Туркистон бўлган”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:28 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG