Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:02

Сурхондарёда ИШИДга қўшилмоқчи бўлган икки фуқаро суд залидан озод қилинди


Суд зали
Суд зали

Сурхондарё вилояти суди ИШИДга қўшилиш мақсадида Сурияга бормоқчи бўлган Юсуф Эсонтурдиев ва Абдураҳмон Эшқобиловни суд залидан озод қилгани хабар қилинмоқда. Суднинг бундай қарорига айбланувчиларнинг “сидқидилдан пушаймон бўлганликлари” сабаб бўлгани айтилади. Шўрчи туманида истиқомат қилган Эсонтурдиев ва Эшқобилов Сурияга боришга уринган пайти ҳибсга олингани айтилмоқда.

Ўзбекистонда чиқадиган ярим расмий нашрларнинг хабар беришича, Сурхондарё вилояти суди Сурияга бормоқчи бўлган икки шахс – Юсуф Эсонтурдиев ва Абдураҳмон Эшқобиловни суд залидан озод қилган.

Хабарларда таъкидланишича, айни вилоятнинг Шўрчи туманида истиқомат қилган Эсонтурдиев ва Эшқобилов Сурияга боришга уринган пайти ҳибсга олинган.

Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ҳаётни ёритувчи 12news.uz янгиликлар агентлигининг Сурхондарё вилояти суди вакилига иқтибосан маълум қилишича, судланувчилар Юсуфнинг иниси Раҳматилла Эсонтурдиев билан бирга 2013 йилда ишлаш учун Россиянинг Доғистон минтақасига йўл олганлар.

Сурхандарё вилояти суди вакилининг билдиришича, Доғистондалиги пайтида Раҳматилла Эсонтурдиев диний экстремист ғоялар таъсирига тушиб қолади ва “Исломий Давлат” гуруҳи жангарилари билан “Одноклассники” тармоғи орқали “фаол” ёзишмага киришади.

Раҳматилла 2014 йил ноябрида Москва-Киев-Истанбул йўналиши орқали Сурияга йўл олади, шерикларига эса Ўзбекистонга қайтишни буюради.

Суд вакили сўзларига кўра, 2015 йил январида Раҳматилла Юсуф ва Абдураҳмонни Сурияга “жиҳод”га келишга чақиради, уларга Андижон орқали орқали Қирғизистонга ўтишни маслаҳат қилади.

Аммо, Юсуф ва Абдураҳмон йўлга чиққан пайтда Шўрчи-Тошкент автобусида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинади.

Ўзбекистондаги нашрларнинг исми келтирилмаган суд вакили сўзларига иқтибосан маълум қилишича, Раҳматулла Эсонтурдиев Сурияда кечган жанглардан бирида ҳалок бўлгани аниқланган.

Суд, Юсуф ва Абдураҳмоннинг "сидқидилдан пушаймон бўлганликлари, уларнинг оилавий аҳволи, яшаш жойларидан берилган кафолатномани инобатга олиб", уларни суд залидан озод этишга қарор қилди, дея хулоса қилади Сурхондарё вилояти судининг вакили.

Аммо у икковлонга берилган жазо тури ҳақида ҳеч нарса демаган.

“Жазо таҳдиди”

Ўзбекистонда жангари гуруҳлар таъсири остига тушиб қолган шахсларнинг суд залидан озод этилиши илк бор кузатилаётгани йўқ, дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

У 2014 йил Фарғона вилоятида бўлиб ўтган бир суд жараёнига тўхталди:

Фарғона вилояти Бувайда туманида бир спортчи йигит меҳнат муҳожирлигидан қайтгандан кейин ўзига яқин бўлган бир гуруҳ спортчилар орасида диний, жиҳодий даъват қилмоқчи бўлган. Бу ҳаракат ички ишлар, хавфсизлик органларига маълум бўлганидан кейин бу йигитлар бир неча кун давомида ҳибсга олинган. Бир неча кун ҳисбда ушлаб турилгач, улар суд бошлангунга қадар гаров эвазига қўйиб юборилди. Судда қилмоқчи бўлган ҳаракатларига пушаймон бўлганликлари учун суд уларга шартли жазо бериб, қамоқ жазосидан озод қилган эди”, дейди Абдусалом Эргашев.

Унга кўра, Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари “Исломий давлат” каби экстремист гуруҳлар хавфини баратаф этишда фақат “қама-қамалар” наф келтирмаслигини тушуниб етган.

Абдусалом Эргашев кейинги пайтларда қамоқ жазосини бермаслик "тенденцияси кучайиб бораяпти”, дейди.

Тергов жараёнида ва суд пайтида қилган ҳаракатига пушаймон бўлса, уларга шартли жазо бериш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлариям, тергов органлариям бир неча йиллик тажрибани таҳлил қилиб чиқиб, кўпчиликни жазолаб юбориш агар жамиятда кўпчиликка таъсир қиладиган бўлса, хавфсизликка таҳдид бўлиб қолиши мумкин, деган хулосага келганга ўхшайди”, дейди Абдусалом Эргашев.

“Кучайтирилган хавфсизлик чоралари”

Сурхондарёда икки шахснинг жавобгарликдан озод қилиниши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чораларини кучайтирган бир паллага тўғри келмоқда.

Расмий хабарларга кўра, ўтган бир ой ичида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятларида “террорчиларга алоқадор 90 киши” қўлга олинган.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Сурат Икромовнинг маълум қилишича, у Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида 200 нафардан зиёд диндорнинг ҳибсга олинганини аниқлаган.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда "Исломий давлат" гуруҳининг таъсири ёйилишидан жиддий хавотирга тушган.

Озодлик тарқатган хабарларга кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари фуқароларнинг Сурия ва Ироқдаги “Исломий давлат” каби жангари гуруҳларга қўшилиб кетиши олдини олиш учун ҳибсга олишлар билан чекланиб қолмай, уламолар воситасида диндорлар орасида тушунтириш ишларини кучайтирган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида аҳоли орасида экстремистик кайфиятдаги шахсларни рўйхатга олиш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда, хориждан қайтган ва чиқаётган фуқаролар шахси аниқланмоқда.

Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари сўнгги ойларда Ўзбекистоннинг барча вилоятларида аксилтеррор машғулотларини ўтказмоқда, аҳоли орасида экстремистик кайфиятдаги шахсларни рўйхатга олмоқда.

XS
SM
MD
LG