Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:10

Фарғона туманларида газ баллони икки ойдан бери берилмаяпти


"Водийгазтаъминот" расмийсига кўра, бир ҳўжаликка бир баллон газ икки ярим ой учун берилади
"Водийгазтаъминот" расмийсига кўра, бир ҳўжаликка бир баллон газ икки ярим ой учун берилади

Фарғона вилояти туманларида табиий газдан узиб қўйилган аҳолига суюлтирилган газ вақтида етказиб берилмаяпти. Вилоятнинг Учкўприк, Фурқат, Бешариқ туманларидан Озодликка келган хабарларга кўра, бу ҳудуд қишлоқларига икки ойдан ошиқ вақтдан бери газ баллонлари олиб келингани йўқ. Шикоятчиларнинг айтишларича, бу ҳудудлар табиий газ қувурларидан узиб қўйилган пайтда аҳоли билан тузилган шартномага биноан ҳар ойда битта баллондан пропан гази етказиб берилиши ваъда қилинган. “Водийгазтаъминот” корхонаси Фарғона вилояти бўлими вакили суюлтирилган газ тақчиллигини ҳар бир хўжаликка ажратилган лимит билан изоҳламоқда.


Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларини табиий газ трубаларидан узиб, хўжаликларни суюлтирилган газга мослаштириш жараёни амалга оширила бошлаганига бир неча йил бўлди. Озодликка мурожаат қилган фарғоналиклар хонадонлари табиий газдан узиб қўйилган пайтда суюлтирилган газ баллонлари ҳар ойда бир марта етказиб берилиши ваъда қилинганини эслашади.

Учкўприкдан гапирган суҳбатдошимиз қишлоғига сўнгги бор газ етказиб берилганига икки ойдан ошганини айтади:

- Бизнинг қишлоғимизга суюлтирилган газ баллонлари икки ойдан бери берилгани йўқ. Шартнома қилаётганимизда ҳар ойда бир марта етказиб олиб келамиз, деб айтишган эди. Ҳозир икки ойдан ошиб кетди. Ҳар сафар кечиктириб олиб келишади, сўрасак, банк сабабчи, пул тушмади, деган баҳоналарни қилишади. Пул “Водийгазтаъминот” ташкилотидаги Долимов деган одамга етиб борса, кейин газ берилишини айтишди. Лекин биз газнинг пулини нақд тўлаймиз. Пул нега етиб бормаслигини ҳеч ким тушунтирмайди,- дейди учкўприклик шикоятчи.

Унинг яна айтишича, ҳар бир хўжаликка катта кичиклигидан қатъий назар, биттадан газ баллони ажратилган. Ўшани ҳам тўлдириб бермайди, зўрға 20 кунга етади, дейди учкўприклик суҳбатдошимиз.

- Каттаси 15 минг сўм, кичиги 8 минг сўм туради. Фақат чой қайнатадиган бўлсангиз 20 кунга зўрға етиши мумкин. Ҳар бир хўжаликка бир ойда бир марта бериш бўйича шартнома тузилган. Лекин мана 2 ойю 10 кун бўлди охирги марта олиб келганига, дейди суҳбатдошимиз.

Озодлик мухбири “Водийгазтаъминот” идорасининг аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича мутасадди Турғунбой Долимов билан гаплашишга муваффақ бўлди. Мутасадди Озодлик билан суҳбатда суюлтирилган газ тақчиллиги нафақат Учкўприк, Бешариқ ва Фурқат туманлари, балки бутун вилоят бўйича кузатилаётганини тан олиб, бунинг бир неча сабаби борлигини билдирди.

- Ҳозир ҳар бир хўжаликка бир ойга 7 килодан газ ажратилган. Битта газ баллонига 20 кило газ сиғади, шу баллонни икки ярим ойга мўлжаллаб беряпмиз. Бундан ташқари суюлтирилган газга мослаштирилаётган янги хўжаликлар ҳисобини ҳам оляпмиз. Бизга Қашқадарёдан Шўртангаз, Муборакгаздан шунинг ҳисобини чиқариб, бизга ажратилган фонд бор, шу фондни вагонларга юклаб олиб келамиз,- дейди Долимов.

Газ тақчиллиги одамларни турли хавфли усулларни қўллашга ҳам мажбур қилмоқда. Фурқат туманидан гапирган яна бир суҳбатдошимиз, суюлтирилган газ вақтида етказиб берилмаётгани боис, айрим одамлар пропан гази учун мўлжалланган баллонларни метан газ қуйиш станцияларига олиб бориб, сиқилган газ билан тўлдириб келишмоқда, дейди.

- Масалан, шахсан мен пропан баллонини олиб бориб, метан заправкада тўлдириб келаман. Сал қимматроқ бўлади, лекин бошқа иложимиз йўқ, дейди фурқатлик суҳбатдошимиз.

Пропан газ баллонига метан газини қуйиш қимматроққа тушишдан ташқари, жуда хавфли ҳамдир. Чунки пропан газ баллони 16 атмосфера босимида тўлдирилади ва шунга мосланиб, қалинлиги 3-4 миллиметрни ташкил қилади. Метан эса табиий газнинг камида 200 атмосфера босими остида сиқилган формасидир ва метан газ баллони деворларининг қалинлиги камида 8 миллиметр бўлиши керак.

Расмийлар Ўзбекистон газ ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллашини, йилига 70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олишини иддао қилишади. Лекин газ тақчиллиги Ўзбекистон учун сурункали муаммога айланган. Айниқса, қиш мавсумида нафақат суюлтирилган газ, табиий газ қувурлари тизимига боғланган аҳоли уйларига ҳам газ етиб бормайди.

“Водийгазтаъминот” мутасаддиси Озодликнинг аҳолига газ таъминоти нима сабабдан чекланган, деган саволига жавоб бера олмади. Бу саволни аҳолига газ етказиб бериш учун масъул “Ўзтрансгаз” давлат ширкати мутасаддиси ҳам жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистонда шу ой ўрталарида ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетиши ортидан газ қувурларида табиий газ босими ҳам пасайиб кетди.

Қишлоқ жойлари учун одатий бўлган газ тақчиллиги шаҳарлар учун ҳам долзарб муаммога айланди. Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Урганч шаҳарлари газ таъминотисиз қолгани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилди.

XS
SM
MD
LG