Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:45

Ўзбекистонда Skype яна камида 1 ой ишламайди


"Ўзбектелеком" ширкати расмийларининг ваъдаларига қарамай, Skype овоз хизматлари Ўзбекистонда ишламаяпти. Ширкат ҳамкорлар тармоғида профилактика ўтказаётгани ва бу ишлар 31 августга қадар давом этишини билдирган эди. Тармоқлардаги муаммо сабаблари ҳақида расмийлар жамоатчиликка конкрет гап айтмаётган бир пайтда аҳоли орасида “Skype, Viber бутунлай ёпилармиш”, деган гап-сўзлар тарқалган.

Ўзбекистонликлар қачон Skype орқали бемалол гаплашиш имконига эга бўладилар?

Озодлик мухбирининг бу саволига "Ўзбектелеком" мулозими: “Ҳозирча ҳеч нарса айтолмаймиз”, - деб жавоб қилди.

Ўзбекистонда Skype тармоқларидан фойдаланишда муаммолар июль ойи ўрталарида пайдо бўлган.

"Ўзбектелеком" ширкатидагилар ўшанда тармоқда профилактика ўтказилаётганини айтиб, мазкур мессенжер-овоз хизмати сифати 1 сентябрдан яхшиланишини ваъда қилишган эди.

Лекин, ўзбекистонлик фойдаланувчилар 2 сентябрь куни тармоқда ўзгариш сезишмади. Уларнинг айтишича, Skype орқали қўнғироқлашувларда муаммо ҳамон сақланиб қолмоқда.

- Умуман гаплашиб бўлмаяпти. Қўнғироқ қилсангиз у томондаги суҳбатдош “алло-алло” дейиши билан овози ўчиб қолади, бир ярим ойдан бери шу аҳвол, - дейди ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчиларидан бири.

"Ўзбектелеком" ширкати мулозимлари эса “тармоқда профилактика давом этяпти”, деган гапдан нарига ўтишмаяпти.

Тармоқлардаги муаммо сабаблари ҳақида расмийлар жамоатчиликка конкрет гап айтамаётган бир пайтда аҳоли орасида “Skype бутунлай ёпилармиш”, деган гап-сўзлар тарқалган.

- Бу СНБнинг топшириғи бўйича атайлаб қилиняпти. Профилактика бир баҳона. Skype, Viber, Telegram каби мессенжерлар орқали ахборот оқимини жиловлаш учун профилактика баҳонасида бу тармоқларни ҳам чеклаб қўйишмоқчи. Бу ерда бошқа сабабни кўрмаяпман, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ўзбекистонлик фойдаланувчи.

Ижтимоий тармоқларда Skype овоз хизматлари ишламаётгани қизғин мунозара мавзусига айланган.

Шу мунозараларда тилга олинаётган тахминлардан яна бири Ўзбекистонда монополист ширкат саналган “Ўзбектелеком” пул тушумини ошириш учун мижозларини бепул хизматлардан мосуво қилмоқчи бўляпти, деган тахминдир.

Ўзбекистонликлар чет элдаги яқинлари билан гаплашишда асосан Skype ва Viber сингари бепул хизматлардан фойдаланиб келишади.

- Нега WhatsApp ишлайдию Skype ишламайди, Viber ишламайди? Булар айнан тармоқдаги бепул овоз хизматларини тўсишяпти. Ҳамма бепул гаплашаверса пул тушмайди-да. Биздагилар хориждаги яқинлари тугул ён қўшниси билан ҳам Viber да гаплашадиган бўлиб қолишганди, - дейди Дилор исмли Facebook фойдаланувчиси.

"Ўзбектелеком" ширкатига алоқадор “UzinfoCom” журнали бош муҳаррири Александр Сучков Озодлик билан суҳбатда Skype овоз хизматлари ишламаётгани атрофида пайдо бўлган гап-сўзлар замирида асос йўқ, деган фикрни билдирди.

- Ҳозир тармоқда модернизациялаш ишлари олиб бориляпти. 1 октябргача давом этади. Шундан сўнг ҳаммаси ишлайди. Skype, Viber бутунлай ёпилармиш, деган миш-мишлар нотўғри. Бу ерда технологик жараён бўляпти, бу ҳал бўлади. Skype бутунлай ишламаётгани йўқку. Ёзишмалар қилса бўляпти. Озгина сабр қилиш керак, ҳаммаси яхши бўлади, - дейди Александр Сучков.

Озодлик эга бўлган маълумотга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳизмати WhatsApp, Viber va Telegram каби мессенжерлар трафигини жиловлаш учун ўтган йили Исроилдан махсус жосуслик дастурларини сотиб олган ва МХХнинг тўрт ходими хорижда махсус тренинг ўтаб ҳам қайтган.

Wikileaks веб саҳифаси томонидан чоп этилган ҳужжатлардан аён бўлишича, Ўзбекистон ҳукумати жосуслик дастурларини сотиб олиш ва МХХнинг тўрт ходимини шу дастур бўйича тренингдан ўтказиш учун ярим миллион доллардан зиёд пул сарфлаган.

Ўзбекистон йиллардан бери Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Интернетни чекловчи мамлакатлар рўйхатида бўлиб келмоқда. Мамлакатда ҳукуматни танқид қилувчи интернет саҳифаларига тўсиқлар қўйилган.

XS
SM
MD
LG