Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:21

“Худкуш аёллар”ни ушлолмаган ҳарбийлар Риштондан олиб чиқилди


Хавфсизлик идоралари эълон қилган хабарномада аёллар худкуш камари ва тўппонча билан қуроллангани айтилади.
Хавфсизлик идоралари эълон қилган хабарномада аёллар худкуш камари ва тўппонча билан қуроллангани айтилади.

Фарғона вилояти Риштон туманида жангариликда гумонланаётган икки аёлни қидириш бўйича бир ҳафталик махсус амалиётдан бирор натижа чиқмади. Барча куч ишлатар тизимлари иштирокидаги 200дан зиёд гуруҳ аъзолари тўппонча ва граната билан қуролланиб, белига худкуш камари боғлагани айтилаётган аёлларни ушлай олгани йўқ. Расмийлар маълумотига кўра, айни пайтда Риштонда вазият юмшатилиб, ҳарбийлар назорати олиб ташланган.

Ишни милиция кўраяпти

24 август куни Озодликка маълум бўлишича, Риштонда бир ҳафта аввал қуролланган ҳолда аҳоли хонадонларига босқинчилик уюштирган икки аёл воқеаси бўйича очилган жиноий иш Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси Тергов бўлими томонидан ўрганилмоқда. Ўтган ҳафта ушбу иш билан вилоят прокуратураси шуғулланаётгани айтилган эди.

Тергов бўлимидаги Озодлик манбасининг айтишича, “худкуш аёллар” иши бўйича Ўзбекистон жиноят кодексининг ўнга яқин моддаси бўйича тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Манба улардан айримларини санаб ўтди: Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш) ва 244/2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш), 164-модда (Босқинчилик) ва 166-моддалар (Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш) каби моддалардир.

“Худкуш аёллар”ни ушлолмаган ҳарбийлар Риштондан олиб чиқилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:06 0:00
Бевосита линк

Риштонда вазият юмшатилди

Белида шаҳидлик белбоғи борлиги ҳамда Ф-1 гранатаси ва овоз пасайтиргич ўрнатилган тўппонча билан қуроллангани айтилган икки аёл 16 август куни Риштондаги иккита хонадонга босқинчилик уюштиргани ортидан бутун хавфсизлик кучлари оёққа турган ва Тошкентдан ҳам ёрдам жўнатилган эди.

24 август куни Озодликка маълум бўлишича, Фарғона вилояти, жумладан, Риштоннинг ўзида ҳам вазият орадан бир ҳафта ўтиб юмшатилган.

Бу ҳақда Озодликка гапирган манбаларга кўра, Риштон атрофини ўраб турган ҳарбийлар ҳам ғойиб бўлган. Лекин “худкуш аёллар” ҳануз ушланмаган.

Риштон туман ҳокимлиги мулозими “Худкуш аёллар ушланган ёки ушланмаганидан ҳокимлик бехабар”лигини билдирди. Фарғона вилоят ҳокимлиги расмийсидан ҳам айни мазмундаги жавобни олдик.

Риштон туман прокуратураси вакили эса, “худкуш аёллар” иши билан вилоят милицияси шуғулланаётганини айтиб, сўнгги вазиятдан бехабарлигини таъкидлади.

Хавфсизлик идоралари туманда тарқатган қидирув хабарномасида аёлларнинг фотороботлари ва уларга оид тафсилотлар берилган.

Хабарномада айтилишича, “16 август куни қуролланган икки номаълум аёл дастлаб Риштон тумани Қалайнов қишлоғида яшовчи О. Алимованинг хонадонига бостириб кирган". Алимованинг бақириб, ёрдамга чақириши ортидан қуролланган аёллар “номаълум томонга” қочишга муваффақ бўлгани айтилмоқда.

Шундан кейин номаълум икки аёл, дейилади хабарномада, Риштон тумани Оқ ер қишлоғи Қум маҳалласида яшовчи Ўринбоевлар хонадонига бостириб кириб, хонадон бекаси Д. Ўринбоевани тўппонча билан қўрқитиб, пул талаб қилган ва уйдаги иккита сандиқни бузиб, 500 минг сўм пулни олиб қочишган.

Хабарномада аёллар 35 ёшлар атрофида экани, бири турк миллатига мансуб, иккинчиси ўзбекка ўхшаши ёзилган. Иккала аёлнинг ҳам чап қўлининг бош бармоғи ва ўнг қўлининг жимжилоғи йўқлиги айтилаяпти.

Провокация?

Жангари экани айтилаётган икки аёлни маҳаллий аҳоли бир неча марта кўрганига қарамасдан, туманга ташланган кўп сонли хавфсизлик кучлари уларни топа олмаётгани, ҳамда расмийлар ва маҳаллий матбуот бу ҳақда умуман маълумот бермаётгани риштонликлар орасида турли миш-мишларнинг урчишига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, риштонлик фаол Баҳодир Элибоевнинг Озодликка айтишича, маҳаллий аҳоли орасида мазкур ҳолат ҳукумат тарафидан махсус уюштирилган провокация, деган гап-сўзлар тарқаган.

Фарғонадаги манбалар хабарига кўра, водийдаги Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига кириш постларида назорат кучайтирилган. Ушбу вилоятларнинг қўшни давлатлар билан чегараларидаги постларга ҳам қўшимча кучлар ташланган.

Шу кунларда нафақат водийда балки Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Мустақиллик байрами олдидан хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

XS
SM
MD
LG